Судялар олий кенгаши Жиноят кодексидан битта моддани чиқариб ташлашни таклиф қилмоқда

Олий судя кенгаши Жиноят кодексидан 231-моддани (адолатга зид ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) олиб ташлашни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабарига кўра, Олий судя кенгашида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Президентнинг 2025-йил ноябрдаги фармонига биноан, Олий судя кенгаши, Олий суд ва Бош прокуратурага уч ой муддатда адолатга зид ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормаларини суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш бўйича таҳлилий маълумотнома тақдим этиш вазифаси юклатилган эди.
Жиноят кодексининг 231-моддаси биринчи қисмида олдиндан била туриб адолатга зид суд ҳужжати чиқариш учун 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Агар оғир оқибатлар юзага келса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган.
Анжуманда “Дарё” мухбири фармон ижроси бўйича Жиноят кодексининг 231-моддаси юзасидан Олий судя кенгаши қандай таклиф бергани ҳақида савол берди.
Кенгаш раисининг ўринбосари Нодира Бобохонованинг жавоб беришича, Жиноят кодексининг 231-моддаси юзасидан халқаро тажрибада икки хил ёндашув тавсия этилган.
Биринчи ёндашув – бу Жиноят кодексидан 231-моддани бутунлай чиқариб ташлаш. Иккинчи тавсия эса, агар 231-модда қоладиган бўлса (бу кўплаб мамлакатларда мавжуд), унинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш, яъни суд хатоси учун судяни жавобгар қилмаслик ва қайси қарорларни бекор қилиш ёки ўзгартириш мезонларини белгилашдир. Ҳозирда мазкур модда муҳокама қилинмоқда. Агар уни чиқариб ташлаш таклифи қабул қилинса, у кодексдан бутунлай олиб ташланади. Агар қоладиган бўлса, унинг диспозициясига жиноят таркибининг белгилари киритилади, яъни унинг қасддан содир этилганлиги, суд хатоси учун жавобгарликни истисно этиш ва бошқа шу жиноят таркибини берувчи алоҳида мезонлар ишлаб чиқилиб, шу тарзда кодексга қўшимча ёки ўзгартириш киритилиши мумкин, деди Нодира Бобохонова.
Олий судя кенгаши судяси Хуршид Содиқовнинг қўшимча қилишича, Кенгаш мазкур моддани Жиноят кодексидан чиқариб ташлаш бўйича таклиф берган.
“Мазкур моддани чиқариб ташлашни таклиф қилганмиз. Мазкур модда жиноятни малакалашда жуда кўп қийинчилик туғдиради. Бу бўйича бир нечта жиноят ишлари кўрилган. Тергов давомида моддани қўллашда муаммолар жуда кўп бўлган. Кейинги инстансияларда ўша модда ўзгарган ёки бекор бўлиб кетган. Амалиётда чалкашликларга сабаб бўлган”, деди Хуршид Содиқов.
Кенгаш вакилининг қўшимча қилишича, мазкур масала бўйича халқаро ҳамжамият ўз хавотирини билдирган ва бу кейинчалик рейтингларга ҳам таъсир қила бошлаган.

