Судларни мустақил молиялаштириш кафолатлари белгиланди
Президент суд органларини молиялаштиришни истисно тариқасида Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширишни мустаҳкамловчи қонунни имзолади. Судлар фаолияти учун харажатлар иқтисодий вазият ёки бюджет тақчиллигининг ортишидан қатъи назар қисқартирилиши мумкин эмас, судлар эса бюджет лойиҳасини тайёрлашда мустақил иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Судларни мустақил молиялаштириш кафолатлари белгиланди
Президент 11.09.2026 йилдаги «Суд органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида»ги ЎРҚ-1177-сонли Қонунни имзолади, ушбу ҳужжат суд органлари фаолиятини молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади ва Давлат бюджети ҳисобидан судларнинг тўлақонли ҳамда мустақил ишлашини таъминлайди.
Ҳужжатга кўра, судларни молиялаштириш истисно тариқасида фақат Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши керак, бунда судлар бюджет лойиҳасини тайёрлашда мустақил равишда иштирок этиши лозим.
Эндиликда Бюджет кодекси мамлакатдаги иқтисодий вазиятдан ёки бюджет тақчиллиги ортишидан қатъи назар, судлар фаолияти учун ажратиладиган маблағларни қисқартиришни тақиқлайди. Бундан ташқари, кейинги йил учун назарда тутилган маблағлар ҳажми ўтган йилги даражадан паст бўлмаган миқдорда шаклланиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Янги тартибга мувофиқ, Конституциявий суд, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши ажратилган маблағларни мустақил равишда тасарруф этади, қуйи судлар тизимида эса бу иш Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан амалга оширилади.
Ҳужжат, шунингдек, Бюджет кодексига, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритиб, уларда судларни молиялаштириш харажатларини қисқартиришга йўл қўйилмаслиги ҳамда ҳар бир суд алоҳида бино, қўриқлаш хизмати ва автотранспорт билан таъминланиши ҳақидаги нормаларни мустаҳкамлайди.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 12.09.2026 йилдан кучга кирди.

