Судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан амалга оширилиши белгиланди

Судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан амалга оширилиши белгиланди
Ўзбекистонда суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тартиби қонун билан мустаҳкамланди. “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида”ги қонун 11-сентябр куни имзоланган.
Қонунга мувофиқ, судлар фаолияти фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан молиялаштирилади. Келгуси йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда Конституциявий суд, Олий суд ва Судялар олий кенгаши фаолиятини молиялаштириш учун алоҳида маблағлар кўзда тутилади.
Белгиланган тартибга кўра, судлар фаолиятини молиялаштириш одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имконини бериши лозим. Ажратилган маблағларни тақсимлаш Конституциявий суд, Олий суд ва Судялар олий кенгаши учун тегишли органларнинг ўзи томонидан, бошқа судлар учун эса Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, қонунда келгуси йил учун бюджет лойиҳасини тайёрлашда судлар ва суд аппарати ходимларининг моддий таъминоти, меҳнати учун рағбатлантирувчи тўловлар, судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш харажатлари ҳамда судялар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий таъминотига оид харажатлар инобатга олиниши белгиланган.
Қонунга кўра, ажратилган маблағларни судларнинг фаолиятини таъминлашга мўлжалланган харажатлар бўйича қисқартиришга рухсат берилмайди. Судлар фаолиятини молиялаштириш тартиби бундан буён алоҳида қонун билан белгиланади. Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги 12-феврал кунги йиғилишда Ўзбекистонда Судялар интизомий ҳайъати ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди. Судялар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш борасида янги ҳайъатни ташкил этиш орқали судяга нисбатан интизомий жазо қўллашнинг холис тартиби яратилади.

