Маҳаллий

Суд аппарати ходимлари янги махсус хизмат кийими қандай кўринишда бўлади?

Суд аппарати ходимларининг янги махсус хизмат кийими қандай кўринишда бўлиши маълум бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёевга суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти ўтказилганида, суд аппарати ходимлари учун мўлжалланган махсус хизмат кийими намуналари ҳам кўриб чиқилган эди. “Ўзбекистон 24” телеканали лавҳасида ушбу кийимнинг қандай кўринишда эканлиги намойиш этилди.

Тақдим этилган намуналарга кўра, хизмат кийими тўқ кўк рангдаги костюм-шим (аёллар учун юбка), оч рангли кўйлак ва кўк галстукдан иборат бўлади. Унда погонлар ва чап енгда суд тизими эмблемаси ҳам акс этади. Ёзги мавсум учун эса костюмсиз, калта енгли кўйлакли вариант таклиф қилинган.

Тақдимотда таъкидланишича, суд аппарати ходимлари учун махсус хизмат кийими фуқароларга суд ходимларини осон таниб олиш имконини беради ва уларнинг касбий масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Мансаб даражасига эга бўлган суд аппарати ходимлари учун ихтисослашган хизмат кийими намуналари ва уни кийиш тартиби бўйича идоравий ҳужжат лойиҳасини 2027-йил июн ойигача ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бу президентнинг 14-августдаги фармони билан тасдиқланган “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегиясида белгиланган.

“Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 95-моддасида судя одил судловни махсус кийимда амалга ошириши белгиланган. Кийим тавсифи ва намуналари Сенат томонидан тасдиқланади. Ҳозирда судялар мантияда иш олиб боради. Конституциявий суд судялари учун тўқ тўқ-қизил ранг, қолган судялар учун эса тўқ кўк ранг танланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.