Маҳаллий

Суддан ноодатий қарор: Тошкент вилоятида МФЙ ва фуқароларга 1 758 туп дарахтни кўчириш мажбурияти юкланди

Тошкент туманидаги Қизғалдоқ маҳалласида фуқаролар 2023-йилда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ рухсати билан юқори кучланишли электр тармоғи муҳофаза зонасидаги ер майдонини ободонлаштирган. 2 минг тупга яқин дарахт кўчати ўтқазилган ҳудуд бугун яшил зонага айланган. Суд маҳалла ва фуқароларга ушбу дарахтларни кўчириш мажбуриятини юкламоқда.

Суддан ноодатий қарор: Тошкент вилоятида МФЙ ва фуқароларга 1 758 туп дарахтни кўчириш мажбурияти юкланди

Тошкент вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстансияси маҳалла фуқаролар йиғини ва фуқаролар зиммасига 1 758 туп дарахтни бошқа жойга кўчириш мажбуриятини юклаш юзасидан ажрим чиқарди.

Ажримда қайд этилишича, Тошкент тумани Қизғалдоқ маҳалласи Қизғалдоқ кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли 2023-йилда ҳудуддан ўтган юқори кучланишли электр тармоғи муҳофаза зонасидаги ер майдонини ободонлаштирган. Бу иш “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг ёзма рухсати асосида амалга оширилган.

Фуқаролар мазкур ер майдонига жами 1758 туп, жумладан 633 туп манзарали ва 1125 туп мевали дарахт кўчатларини экишган. Ҳозир бу ҳудуд яшил зонага айланган. Дарахтлар белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, “Қизғалдоқ” МФЙга бириктирилган.

2025-йилга келиб, ушбу 2,5 га ер майдонининг эгаси пайдо бўлган: у 2021-йилда туман ҳокими қарори билан МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилгани аниқланган.

Тошкент тумани ҳокимининг 2021-йилдаги қарорида МЧЖга “Боғизилол” МФЙ ҳудудидан ер майдони ажратилиши назарда тутилган эди. Туман ҳокимининг 2026-йил 22-январдаги қарори билан эса дастлабки қарордаги “Боғизилол МФЙ” сўзлари “Қизғалдоқ МФЙ” сўзларига алмаштирилган.

МЧЖ судга даъво аризаси киритиб, ер майдонида кўкаламзорлаштириш ҳамда манзарали дарахт кўчатлари етиштириш фаолиятини амалга оширишига жавобгар томон тўсқинлик қилаётганини билдирган. Даъво аризасида жавобгар фуқароларга 1758 туп дарахтни маҳаллий ҳокимлик кўрсатган бошқа ҳудудга кўчириш мажбуриятини юклаш сўралган.

ФИБ Зангиота туманлараро судининг 2026-йил 26-февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. Зангиота тумани прокурори в.в.б. Х.Убайдуллаев апелляция протести киритиб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда даъво талабини қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилишни сўраган.

Шу тариқа, Тошкент вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстансиясининг 2026-йил 10-июлдаги ажрими билан дастлабки суд қарорини бекор қилиб, янги қарор чиқарган.

Унга кўра, суд даъвогар томоннинг жавобгар фуқароларга 1758 туп дарахтни кўчириш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантирган. Ажрим билан “жавобгар” МФЙ зиммасига дарахтларни кўчириш мажбурияти юкланган. Дарахтларни кўчириш билан боғлиқ харажатлар даъвогар зиммасига юкланиши белгиланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.