Маҳаллий

Тошкентда 2 млрд сўм компенсацияга рози бўлмай, уйдан мажбурий кўчириш вақтида жанжал чиқарган шахс қамалди

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида уйидан мажбурий кўчирилишга қаршилик кўрсатиб, жанжал чиқарган шахс 10 суткага қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган, бир нечта фуқаролар ўртасидаги можарони акс эттирувчи видео муҳокамаларга сабаб бўлган. Ўрганишлар натижасида аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг 2024-йил 4-ноябрдаги қарори билан даъвогар МЧЖнинг фуқаро А.Д. ва бошқаларни уйдан кўчириш, компенсация тўлаш ҳамда эгалик ҳуқуқини тугатиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилган.

Суд ижро варақасига асосан, туман МИБ томонидан ижро иши қўзғатилган. Яккасарой тумани Абдулла Қаҳҳор 2-берк кўчасида жойлашган 2,75 сотих ер майдони учун даъвогар МЧЖдан жавобгар А.Джалилов ва 11 киши фойдасига жами 2 миллиард 280 миллион 440 минг 563 сўм миқдорида компенсация ундирилган ва уларнинг мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи тугатилган.

Бироқ, хонадонда рўйхатда турувчи Р.П. ва бошқалар МЧЖ томонидан тўланган компенсация пулидан норози бўлиб, уларга яна 1 миллиард 135 миллион 742 минг 100 сўм тўланиши кераклигини билдирган ва уйни бўшатишдан бош тортган.

2026-йил 26-март куни тегишли мутасаддилар фуқароларни ушбу манзилдан мажбурий кўчириш учун борганларида, 1985-йилда туғилган фуқаро А.А. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, хонадондаги фуқаролар билан жанжаллашиб, жамоат тартибини бузган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ томонидан А.A.ga нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Жиноят ишлари бўйича туман суди ҳукми билан қонунбузарга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ Самарқандда уч киши бир эркакни дўппослагани ортидан жиноят иши қўзғатилгани, Андижонда эса қўшнисининг фарзандини уриб, жароҳат етказган эркак ушланганлиги хабар қилинган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.