Суд қарорига кўра, Трамп маъмурияти Жеймс Комининг қизини ноқонуний равишда ишдан бўшатган
Морин Коми ўзининг федерал прокурорлик лавозимидан бўшатилишига отаси ФҚБнинг собиқ директори бўлгани сабаб бўлган деб ҳисоблайди.

Судьянинг таъкидлашича, Трамп маъмурияти Жеймс Комининг қизини ноқонуний равишда ишдан бўшатган
Федерал судьянинг қарорига кўра, АҚШ Адлия вазирлиги Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) собиқ директори Жеймс Комининг қизи Морин Комини ноқонуний равишда ишдан бўшатган.
2025 йил июль ойида Нью-Йоркдаги федерал прокурор лавозимидан олиб ташланган Коми АҚШ Президенти Дональд Трампнинг танқидчиси бўлган отаси сабабли ҳамда унинг сиёсий қарашлари ҳақидаги тахминлар туфайли ноқонуний равишда бўшатилганини айтиб, ҳукуматни судга берган эди.
Душанба куни судья Жесси Фурман Трамп маъмурияти уни ўз лавозимига қайтариши ва унга етказилган зарар учун маош тўланиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди.
Адлия вазирлиги матбуот котиби ўз баёнотида суд қарорига қўшилмаслигини ва "тегишли вақтда апелляция бермоқчи" эканини билдирди.
Судья Фурман ўз қарорида Комининг ишдан бўшатилиши АҚШ Конституциясини ва унинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқини бузганлигини айтди.
Унинг таъкидлашича, АҚШ бош прокурори федерал прокурорларни ишдан бўшатиши мумкин, аммо бу фақат "муайян тартибда ва фақат муайян сабабларга кўра" амалга оширилиши керак.
Фурманнинг қайд этишича, Коми ўз лавозимида "мамлакатдаги энг шов-шувли ишлардан баъзиларига тайинланган ва раҳбарлари ҳамда ҳамкасблари томонидан изчил равишда энг юқори эътирофларга сазовор бўлган".
Коми вафот этган жинсий жиноятчи Жеффри Эпштейн, унинг шериги Гилейн Максвелл ҳамда ўтган йили собиқ икки севгилиси билан боғлиқ фоҳишабозлик айбловлари бўйича айбдор деб топилган хип-хоп магнати Шон "Дидди" Комбсга тегишли ишлар бўйича ишлаган.
Фурман Комига 2025 йилнинг июль ойидан то декабрь ойигача, яъни янги ишга кирган вақтигача бўлган давр учун берилмаган маошни тўлашни буюрди.
Комининг адвокатлари ўз баёнотида шундай дейишди: "Бу машаққатли ғалаба хоним Комига, барча давлат хизматчиларига ва қонун устуворлиги учун курашаётганларнинг барчасига тегишлидир".
Коми аввалроқ уни ишдан бўшатиш бўйича берилган ягона тушунтириш бу қарорнинг "Вашингтон томонидан келгани" бўлганини айтган эди.
Унинг адвокатлари томонидан 2025 йил сентябрь ойида берилган шикоятда айтилишича, улар Коми "фақат ёки асосан отаси собиқ ФҚБ директори Жеймс Б. Коми бўлгани учун ёки унинг тахмин қилинган сиёсий қарашлари ва эътиқодлари сабабли ёки ҳар иккаласи туфайли" ишдан бўшатилган деб ҳисоблашади.
Адлия вазирлиги судга тақдим этилган ҳужжатларда бу қарор собиқ Бош прокурор Пэм Бонди томонидан қабул қилинганини билдирди.
Трамп маъмурияти Жеймс Комига қарши икки марта айблов қўзғатган, шу жумладан Конгрессга ёлғон гапиришда айблаган, аммо бу иш айбловни илгари сурган прокурор ноқонуний тайинланган деб топган судья томонидан бекор қилинган.
Жорий йилнинг бошида Адлия вазирлиги Комини қасддан ва билиб туриб президентнинг ҳаётига таҳдид солиш ҳамда унга тан жароҳати етказишда айблади. У ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаганини айтмоқда.
Бу иш Коми томонидан 2025 йилда Instagram'да жойлаштирилган ва пляждаги чиғаноқлардан "86 47" ёзуви ясалгани акс этган фотосурат билан боғлиқ. "Эйти-сикс" (сексен алти) сленгда "қутулиш" деган маънони англатади ва прокурорларнинг таъкидлашича, бу Трампга қарши зўравонликка ундайди.

