Маҳаллий

Суд ишларига аралашган мансабдорлар энди 5 йилгача қамалиши мумкин

Суд ишларига аралашган мансабдорлар энди 5 йилгача қамалиши мумкин

Ўзбекистонда 12-сентябр куни кучга кирган қонун билан суд ишларига аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Қонун орқали Жиноят кодексига суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини аниқлаштирувчи ўзгартириш киритилди, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса суд биносида тартибни бузиш кўринишидаги судга ҳурмацизлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини белгиловчи қўшимча қўшилди.

Унга кўра, Жиноят кодексининг 236-моддаси (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) энди қуйидаги мазмунда баён этилади:

Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга ёхуд адолациз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни муайян ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиш ёхуд адолациз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судяга ёки халқ маслаҳатчисига турли шаклларда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар мансабдор шахс томонидан содир этилса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180-моддасига (судга ҳурмацизлик қилиш) киритилган қўшимчага биноан, гувоҳ, жабрланувчи, даъвогар, жавобгар, ишда қатнашувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлаши ёки мазкур шахслар ҳамда бошқа фуқароларнинг раислик қилувчи фармойишига бўйсунмаслиги, ёхуд суд мажлиси пайтида ёки суд биносида тартибни бузиши судга ҳурмацизлик деб баҳоланади ва БҲМнинг бир бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 24-февралда қабул қилиниб, Сенатда 19-майда маъқулланганди. Ҳужжатда қайд этилишича, қонун суднинг мустақиллигини ва судялар дахлсизлигини таъминлашга, уларнинг фаолиятига ҳар қандай аралашувларнинг олдини олишга хизмат қилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.