«SQB» илк бор Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритди
«SQB» пенальтилар сериясида «BMB»ни мағлуб этди ва ўз тарихида илк бор футзал бўйича Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритди.

«SQB» илк бор Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритди
«SQB PFC» жамоаси ўз тарихида илк бор футзал бўйича Ўзбекистон Суперкубоги соҳибига айланди. Улар пенальтилар сериясида мамлакатнинг амалдаги чемпиони «BMB PFC» жамоасини мағлуб этди. Учрашув Тошкентдаги «Humo Arena» спорт мажмуасида бўлиб ўтди ва 2026/2027 йилги мавсумга старт берди.
Ўйиннинг асосий вақти 3:3 ҳисобидаги дуранг билан якунланди, шундан сўнг соврин тақдири пенальтилар сериясида ҳал бўлди. Унда «SQB» аниқроқ ҳаракат қилди — 4:2.
«BMB» ўйинни фаол бошлади ва дастлабки дақиқалардаёқ Шавкат Ибрагимов дарвозаси олдида бир нечта хавфли вазиятларни юзага келтирди. «SQB» дарвозабони жамоасини бир неча бор қутқариб қолди, баъзи вазиятларда эса мезбонларга ҳужумларни якунлашда аниқлик етишмади.
Бироқ «SQB»нинг илк қарши ҳужуми гол билан якунланди. Иккинчи дақиқада Самариддин Беркинов майдон марказида тўпни эгаллаб олди, қанот бўйлаб олдинга интилди ва тўпни Давлат Ибрагимовга узатди. У аниқ зарба билан ҳисобни очди — 0:1.
Эрта киритилган гол «SQB»га қарши ҳужумларда ишончлироқ ҳаракат қилиш имконини берди. Сўнгги тўрт мавсум давомида «BMB» шарафини ҳимоя қилиб, унинг муваффақиятларига ҳисса қўшган Давлат Ибрагимов ва Хебберт Оливейра Болтнинг трансферлари ҳам жамоанинг кучайишига хизмат қилди.
Иккинчи бўлимда жамоалар юқори темпда ўйнашда давом этдилар. Тимур Салимов ва Болтнинг голларидан сўнг «SQB» устунликни 3:1 кўринишига келтирди.
«BMB» мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. Жан Альдемиро иккита гол урди, Виторнинг голи эса амалдаги чемпионга ҳисобни тенглаштириш ва ўйинни пенальтилар сериясига олиб бориш имконини берди.
Олти метрлик зарбалар сериясида яна Шавкат Ибрагимовнинг маҳорати ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. «SQB» дарвозабони рақибларнинг иккита зарбасини қайтариб, жамоасининг 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишига ва совринни қўлга киритишига ёрдам берди.
Шу тариқа, «SQB PFC» 2026/2027 йилги мавсумни Ўзбекистон Суперкубогидаги ғалаба билан бошлади ва клуб тарихида илк бор ушбу совринга эга чиқди.

