“Сохта ижродан қулоғимни асрайман” — хонанда Моҳира Асадова сунъий интеллект орқали яратилаётган қўшиқлар ҳақида
“Энг катта чекловим — сохта ижро қиладиганларни тингламаслик. Бир-икки пардани менсимай нотўғри куйлаб кетадиган ижрочиларни эшитгим келмайди”, дейди хонанда.

“Сохта ижродан қулоғимни асрайман” — хонанда Моҳира Асадова сунъий интеллект ёрдамида яратилаётган қўшиқлар ҳақида
“Шоҳсанам”, “Муҳаббатни чиқаргандир чидаганга” каби қўшиқлари билан танилган, 1990-йилларнинг машҳур хонандаси Моҳира Асадова “Ўзимизнинг гап” лойиҳасига интервю берди. Суҳбат чоғида у 45 йиллик ижодий фаолияти, шахсий ҳаёти ҳамда фарзанди учун муносиб жуфт излаётгани ҳақида сўзлаб берди.
— 1981-йилда, ҳали 15 ёшга ҳам тўлмаган пайтимда санъатга кириб келганман. Ўша йилнинг 15-сентябрида ансамблга ишга қабул қилинганим ҳақида қарор чиққан, эртаси куни эса 16-сентябрда 15 ёшга тўлганман. Ўша пайтда саккизинчи синфда ўқирдим.
Ансамблимизнинг бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Ғанижон Тошматов мен учун ҳам устоз, ҳам ота ўрнида бўлган инсон эди. Устозлар билан бирга ишлаш, жонли ижро ва тўғридан тўғри эфирларда қатнашиш мен учун катта ҳаётий ва ижодий мактаб бўлди. Бу даврни ҳеч қачон ижодимдан айро тасаввур қила олмайман, дейди хонанда.
— Ансамблда бошланган ижодим бугунги кунгача давом этмоқда. Бир сония ҳам санъатдан узоқлашмадим. Ҳамиша юрагимдаги дард, алам, орзу ва армонларимни қўшиқларим орқали мухлисларимга етказишга ҳаракат қилдим.
Бир муддат ижодим кўзга камроқ ташланганининг сабаби — Европадаги йирик овоз ёзиш компанияси БМГ билан шартнома тузганим эди. Ҳамкорлигимиз бир неча йил давом этди ва қўшиқларим жамланган олтита диск чиқарилди. Бу дискларни Америкадан Япониягача бўлган мамлакатлардаги дўконларнинг Осиё мусиқаси бўлимидан топиш мумкин эди.
Шу ҳамкорлик сабаб дунёнинг турли давлатларида ўтказиладиган фестиваллар ва очиқ осмон остидаги консертларда қатнашдим. Ҳатто икки-икки ярим соатлик яккахон консертларимни бериш имкониятига эга бўлдим. Болалигимда Майкл Жексон, Мадонна ва Стинг каби дунёга машҳур санъаткорларнинг консертларини кўриб, уларга ҳавас қилардим. Уларнинг мухлислари тик оёқда туриб, қўшиқларига жўр бўлиб куйлаши, рақсга тушиши ва санъаткорни қайта-қайта саҳнага чақиришини кўриб ҳаяжонланардим. Кейинчалик ўзим ҳам шундай консертлар бериш бахтига муяссар бўлдим.
— Бугунги мусиқа йўналишларига қарши эмасман. Ҳар бир замоннинг ўз талаби, ўз тингловчиси бўлади. Талаб бўлмаса, таклиф ҳам бўлмайди. Ҳозир қисқа, тез ёдда қоладиган қўшиқлар тингловчига тезроқ етиб боряпти.
Бундан 33 йил аввал “Шоҳсанам” қўшиғини ижро этганман. 1994-йил Янги йил байрами консертида куйлаганимдан кейин эртаси куни кўчага чиқсам, одамлар мени Моҳира Асадова эмас, “Шоҳсанам” деб таний бошлашган. Ёш болалар ҳам қўшиқни куйлаб юрарди. Ўша пайтда ҳозиргидек овоз ёзиш студиялари кўп эмасди. Бозор, метро ва дўконларда кассеталар қўйилиб, қўшиқлар баланд овозда янграрди. Қайси таронага талаб ва қизиқиш кўп бўлса, ўша қўшиқ қайта-қайта эшиттириларди.
Бугунги ижодкорларга омад тилайман. Уларни доим танқид қилиб, нотўғри йўлдан кетяпсан, дейиш тўғри эмас. Бизнинг ота-боболаримиз ҳам ўз даврида санъатимиздаги янгиликларни кўриб, “Бу нима бўляпти?” деб ажабланган бўлиши мумкин. Биз ҳам бугунги ижодкорларга шундай муносабатда бўлмаслигимиз керак.
Ҳозир мумтоз қўшиқлар ва мақомларга талаб аввалгидек юқори эмас. Болалигимизда икки-учта радио ва телеканал бўларди, уйимизда эрталабдан кечгача Шашмақом янграрди. Бир қўшиқ радио ва телевидениеда қайта-қайта берилса, у оммалашарди. Мен ҳам мақомларни тинглаб улғайганман. Гарчи бу йўналишда таҳсил олмаган бўлсам-да, мақомлар болалигимдан қон-қонимга сингиб кетган. Ҳозир ҳам уларни бажонидил тинглайман ва ижро этаман.
— Энг катта чекловим — сохта ижро қиладиган хонандаларни тингламаслик. Бир-икки пардани менсимай, нотўғри куйлаб кетадиган ижрочиларни эшитгим келмайди. Чунки бундай ижро инсоннинг эшитиш қобилиятига салбий таъсир қилади.
Ёш ёки кекса бўлишидан қатъи назар, имкон қадар мумтоз қўшиқлар ва устозларимиз ижодига мурожаат қиламан. Бугун сунъий интеллект ёрдамида беш дақиқада қўшиқ яратиш ҳам мумкин. Аммо устозларимиз босиб ўтган йўл осон бўлмаган. У пайтларда ҳозиргидек микрофон ва овоз кучайтиргичлар ҳам йўқ эди. Шундай шароитда Жўрахон ака, Маъмуржон ака каби санъаткорларнинг овози узоқ масофаларга етиб борган. Уларнинг овози ҳам, юраги ҳам жуда кучли бўлган.
Аввалги мухлисларимизнинг қўшиққа муносабати ҳам бошқача эди. Масалан, Абдуҳошим Исмоилов басталаган, Шокирхон Ҳакимов сўз ёзган “Қошларга ўсма қўйсам кўрмадингиз” қўшиғини Андижондаги бир тўйда ўн марта ижро этганман. Бир марта куйласам, мухлислар яна сўрашарди. Шундай шинавандалар бор эди, дея сўзлаб берди Моҳира Асадова.
— Бу йил мен учун бир нечта қувончли сана тўғри келди: 60 ёшга тўлдим, санъатдаги фаолиятимга 45 йил бўлди, юртимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги ҳам нишонланди. 13-ноябр куни Туркистон санъат саройида 60 ёшим ва 45 йиллик ижодий фаолиятимга бағишланган консертим бўлиб ўтади.
Мен тақдиримдан розиман. Ҳеч нарсадан норозилигим йўқ, 15 ёшли Моҳирани кўриб қолсам ҳам, уни ҳеч нарсадан огоҳлантирмаган бўлардим. Чунки чиройли яшадим. Болалигимда мусиқа мактабига троллейбусда кетаётганимда Ўзбекистон халқ артисти Рихсихон Иброҳимовани кўриб қолганман. Югуриб бориб, ашула дафтаримга дастхат ёздириб олганман. Ўша пайтларда бундай санъаткорлар билан учрашишнинг ўзи мен учун катта бахт эди.
Йиллар ўтиб, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Ҳамза Умаров, Сора опа, Лутфихоним Саримсоқова, Фароғат Раҳматова каби буюк санъаткорлар билан бир саҳнада бўлиш, бир поезд ва автобусда юриш, бир меҳмонхонада яшаш насиб этди. Улар мени Моҳира деб таниди, мен эса уларни устозларим деб билдим. Бундан ортиқ қандай бахт бўлиши мумкин? Ҳаётимда ҳеч нарсани ўзгартиришни истамайман, дейди хонанда.
— Бир ўғлим бор. Унинг кўнглига қараш жуда масъулиятли экан. Ўғлимни шунчаки уйлантириб қўйишни истамайман. Чунки у турмуш қуриб, аёли билан бирга яшайди. Уларнинг бахтли бўлиши мен учун муҳим. Шунинг учун Аллоҳдан хайрли никоҳ сўрайман.
Хонадонимизда қиз фарзанд йўқ. Мен дуоларимда келин эмас, қалби ҳам, ҳусни ҳам гўзал, ўғлим билан бахтли ҳаёт кечирадиган қиз фарзанд беришини сўрайман. Аслида, мен боғча тарбиячисиман. Болаларни жуда яхши кўраман. Қаерга борсам, катталар билан ўтиришдан кўра болалар даврасига қўшилиб кетаман. Келажакда набираларим билан ўралашиб, улар билан вақт ўтказиш менга юз карра бахт бағишласа керак, дейди Моҳира Асадова.

