«Сунъий интеллект келиşидан олдинроқ фикрлаşни тöхтатгандик» - Ҳамид Содиқ таълим инқирози ва зиёлилар ҳақида | Нима дард?
Нега бугунги ёşлар муваффақиятга интилиşдан совиб бормоқда? Жамиятга қандай зиёлилар керак ва нега сиёсий таҳлилçиларнинг öзи ҳам çуқур билимдан узоқлаşиб қолиşи мумкин? Явбатдаги меҳмон - файласуф, таржимон ва сиёсатşунос Ҳамид Содиқ. Суҳбатда инсонни ҳаракатга келтирувçи иçки дард, ğояга садоқат, замонавий таълимнинг муаммолари, СИ ва жамиятдаги интеллектуал муҳит ҳақида сöз юритилди.

«Сунъий интеллект келишидан олдинроқ фикрлашни тўхтатгандик» - Ҳамид Содиқ таълим инқирози ва зиёлилар ҳақида | Нима дард?
Ҳамид Содиқ учун дард шахсий шикоят эмас, балки инсонга хос ҳолатдир. «Ичимизда енгиб бўлмайдиган шундай бир дард борки, мана шу дарднинг атрофида қандайдир бир ирода вужудга келади», дейди у.
Бу дард англаб бўлмас соғинчга ўхшайди. Уни англашга интилиш эса туганмас куч беради. Бу англашнинг бир шингилини баъзан Арасту, Сенека ёки Суқротнинг сатрларида учратасиз. Меҳмоннинг ўз йўли ҳам шу дард билан белгиланган: ҳуқуқдан сиёсий тафаккурга, ундан таржимага.
Суҳбатнинг муҳим қисмларидан бири зиёли инсоннинг жамиятдаги ўрнига бағишланди.
Ҳамид Содиқ зиёлиликни фақат диплом, илмий даража, кўп китоб ўқиш ёки жамоатчилик олдида машҳур бўлиш билан ўлчаш тўғри эмаслигини таъкидлади.
Унинг қарашича, зиёли мавжуд воқеликни тушунтириш билан чекланмасдан, уни баҳолаш учун мустақил фикрий мезонларга ҳам эга бўлиши керак. Бу эса жамиятда ҳукмрон бўлган қарашларни, ҳатто ўзининг аввалги хулосаларини ҳам қайта кўриб чиқишга тайёр туришни талаб этади.
Бунда зиёлининг давлат ва жамиятга муносабати ҳам муҳокама қилинди. Содиқнинг фикрича, интеллектуал мустақиллик давлатга қарши бўлиш дегани эмас. Аксинча, зиёли сиёсий ҳокимият, ижтимоий мавқе ёки оммавий кайфиятдан мустақил равишда фикр юрита олиши лозим.
Суҳбат давомида ғояга садоқат масаласи ҳам кўтарилди. Ҳамид Содиқ инсоннинг ўз принсиплари учун таваккал қилишга тайёрлигини муҳим хусусият сифатида кўрди.
Бироқ бошловчи бундай ёндашувнинг хавфли томонини ҳам савол остига олди: агар инсон бузғунчи ғояга ишонса-чи? Масалан, фашизм тарафдорлари ҳам ўз ғоялари йўлида қурбонликка тайёр бўлган.
Меҳмон ғоянинг таъсирчанлиги унинг ахлоқан тўғри эканини англатмаслигини изоҳлади. Унинг таъкидлашича, жамият ўзи рад этадиган ғояларни ҳам жиддий ўрганиши, улар қандай шароитда пайдо бўлганини ва қандай қилиб таъсир кучига эга бўлганини тушуниши керак.
Бу ўринда баҳс ғояларга кўр-кўрона эргашиш эмас, уларни англаш ва уларга фикр билан жавоб қайтариш зарурати атрофида давом этди.
Суҳбатнинг энг баҳсли қисмларидан бири замонавий таълим тизими ҳақида бўлди.
Ҳамид Содиқ қарийб 20 йил таълим соҳасида ишлаганини, шу давр мобайнида ўқувчи ва талабаларда ўзига хос тушкунликни кузатганини айтди.
У дастлаб бу ҳолатни ҳуқуқшунослик соҳасидаги муаммолар билан боғлаган. Кейинчалик эса масаланинг илдизи анча чуқурда, замонавий оммавий таълимнинг фалсафасида экани ҳақида хулосага келган.
Меҳмоннинг фикрича, бугунги таълим модели инсонга доимий равишда юқори натижага интилишни ўргатади. Мактабдан кейин университет, ундан кейин магистратура, навбатдаги диплом, юқорироқ лавозим ва яна янги муваффақият.
Бироқ бу жараённинг охирги нуқтаси йўқ.
«Ҳозирги авлод, соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, тинимсиз прогрессдан чарчади», - дейди Ҳамид Содиқ.
Унинг кузатишича, аввалги авлодлар учун яхши таълим олиш ва юқорироқ ижтимоий мавқега эришиш ҳаёт шароитини яхшилашнинг муҳим воситаси бўлган. Бугунги ёшларнинг бир қисми эса ота-онаси яратиб берган нисбатан қулай шароитда улғаймоқда. Шу сабабли уларда аввалги авлодларга хос интилиш ва эҳтиёж бир хил даражада намоён бўлмаяпти.
Содиқ буни ёшларнинг оддий дангасалиги сифатида эмас, балки таълим ва муваффақият ҳақидаги тасаввурлар ўзгараётганининг белгиси сифатида талқин қилади.
Албатта, бу барча ёшларга тааллуқли умумий хулоса эмас, балки меҳмоннинг шахсий кузатишлари ва фалсафий қарашларидир.
Таълимдаги тушкунликдан чиқиш йўллари ҳақидаги саволга Ҳамид Содиқ кутилмаган жавоб берди.
Унинг фикрича, оммавий таълимнинг ҳозирги шакли чуқур инқирозни бошдан кечирмоқда. Келажакда эса таълимнинг яна бир модели - устоз ва шогирд муносабатига асосланган ўқитиш кучайиши мумкин.
Содиқ буни қадимги файласуфлар атрофида шаклланган интеллектуал мактаблар мисолида тушунтирди. У Арасту ва Суқрот каби мутафаккирларни тилга олиб, ҳақиқий таълим муайян муассаса ёки диплом эмас, билим ва ғоя ташувчиси бўлган устоз атрофида шаклланишини таъкидлади.
Бугунги университетларда эса, унинг талқинича, кўп ҳолларда муассасанинг ўзи марказга чиқиб, ўқитувчининг шахсияти ва интеллектуал таъсири иккинчи даражага тушиб қолган.
Шу билан бирга, суҳбатда оммавий таълимдан бутунлай воз кечиш масаласи қўйилмади. Гап чуқур фикрлашга, мустақил изланишга ва муайян соҳада етук мутахассис бўлишга интилаётган инсонлар учун устоз-шогирд муносабатларининг аҳамияти ҳақида борди.
Суҳбат сунъий интеллект мавзусига кўчганида Ҳамид Содиқ уни фақат технологик тараққиёт натижаси сифатида кўрмаслигини билдирди.
Унинг фикрича, сунъий интеллектнинг кенг тарқалиши инсоният тафаккуридаги муайян инқироз билан ҳам боғлиқ.
«Сунъий интеллект келишидан олдин ростмана фикрлашни тўхтатгандик бизлар», - дейди у.
Содиқнинг талқинича, инсонлар мустақил фикрлаш, савол қўйиш ва мураккаб муаммолар устида изланишга тобора камроқ куч сарфлаётган бир шароитда сунъий интеллект пайдо бўлди.
Меҳмон бу технологияга мутлақо қарши эмаслигини ҳам таъкидлади. Унинг ўзи ҳам сунъий интеллектдан фойдаланади. Бироқ технологияни инсон тафаккурининг ўрнини босадиган воситага айлантириш хавфли деб ҳисоблайди.
У буни сунъий интеллектнинг мустақил дунёқараши ва инсоний маънодаги ички дарди йўқлиги билан изоҳлади.
Содиқнинг фикрича, инсоннинг жавоблари унинг ҳаётий тажрибаси, эътиқоди, қадриятлари ва шахсий масъулияти билан боғлиқ. Сунъий интеллект эса фойдаланувчининг саволи ва талабига мос жавоб шакллантиради.
Бу ўринда у сунъий интеллектнинг ишончли кўринган, аммо нотўғри маълумот бериши мумкинлигини ҳам тилга олди.
Суҳбатда айниқса таълим ва тиббиёт соҳалари мисол қилиб келтирилди. Шифокор Одилхон Алимхонов сунъий интеллект ёрдамида тайёрланаётган айрим илмий ишлар сифати билан боғлиқ хавотирларини билдирди.
Муҳокамадаги асосий савол шундай бўлди: технология инсонга кўпроқ билим олиш имконини беряптими ёки унинг ўрнига фикрлашни бошлаяптими?
Суҳбатнинг яна бир йўналиши Ўзбекистонда сиёсий таҳлил ва геосиёсий шарҳларга қизиқишнинг ортиши ҳақида бўлди.
Бошловчи сўнгги йилларда жаҳон сиёсатига бағишланган кўрсатувлар ва шарҳлар кўпайгани, бироқ уларнинг ҳаммасида ҳам чуқур таҳлил ва интеллектуал камтарлик етарли эмаслиги ҳақида савол қўйди.
Ҳамид Содиқ бу борада ўз тажрибасидан келиб чиқиб фикр билдирди.
«Геосиёсат сиёсацҳуносни ўлдиради», - дейди у.
Бу кескин ибора билан меҳмон геосиёсий воқеаларни доимий шарҳлаб бориш сиёсацҳуносни фундаментал изланишдан узоқлаштириши мумкинлигини назарда тутди.
Унинг тушунтиришича, халқаро воқеалар жуда тез ўзгаради. Аудитория эса ҳар бир янгиликка дарҳол муносабат билдиришни, воқеа сабаблари ва оқибатларини шу заҳоти тушунтириб беришни кутади.
Натижада таҳлилчи ҳар куни эфирга чиқишга, янги воқеаларга шарҳ беришга мажбур бўлади. Бу эса фундаментал китобларни ўқиш, тарихий жараёнларни ўрганиш ва воқеаларни кенгроқ назарий асосда таҳлил қилиш учун вақт қолдирмаслиги мумкин.
Содиқнинг фикрича, бундай шароитда сиёсацҳунос воқеаларни чуқур таҳлил қилувчи мутахассисдан кундалик янгиликларга муносабат билдирувчи шарҳловчига айланиб қолиш хавфига дуч келади.
У яна бир муаммога эътибор қаратди: аудитория баъзан изчил, мураккаб ва назарий асосланган таҳлилдан кўра содда, тезкор ва кескин хулосаларни афзал кўради.
Шу сабабли сиёсий шарҳловчи аудитория талабига тўлиқ бўйсуниб қолмасдан, унинг интеллектуал савиясини оширишга ҳам ҳаракат қилиши керак.
Шу билан бирга, Ҳамид Содиқ Ўзбекистонда геосиёсий мавзуларга қизиқиш ортишини фақат салбий ҳодиса деб баҳоламади.
Унинг фикрича, бундай муҳокамалар жамиятда сиёсий фикрлаш кўникмалари шаклланишига ёрдам бериши мумкин.
Ҳатто одамлар дастлаб бошқа мамлакатлардаги сиёсий воқеаларни муҳокама қилиш орқали сиёсатга қизиқса ҳам, бу кейинчалик чуқурроқ изланиш учун имконият яратади.
Бироқ қизиқишнинг ўзи етарли эмас. Меҳмон сиёсий таҳлил билан шуғулланувчилар фундаментал адабиётларни ўқиши, ўз хулосаларини қайта текшириши ва танқидни қабул қилишга тайёр бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Суҳбатда бирор мавзуни тўлиқ ўрганмасдан туриб кескин хулоса чиқариш, назарий тушунчаларни билмасдан шарҳлаш ва мутахассисликка ортиқча ишонч билан ёндашиш ҳам танқид қилинди.
Бошловчи бу борада китоб ўқиш билан чекланмасдан, ўқилган асарлар юзасидан ёзма мулоҳаза юритиш, мақола ёзиш ва ўз фикрларини тартибга солишнинг аҳамиятига эътибор қаратди.
Суҳбат давомида бир-бирига боғлиқ бир нечта масала кўтарилди: инсон ўзини қандай англайди, зиёлининг жамият олдидаги масъулияти нимада, ғояга садоқат қаерда тугайди ва мустақил фикрлаш нимадан бошланади?
Ҳамид Содиқнинг қарашларида бу саволларни бирлаштириб турувчи асосий тушунча - дард.
Унинг фикрича, инсонни изланишга ундайдиган ички эҳтиёж йўқолса, билим ҳам, касбий мақом ҳам, жамоатчилик олдидаги обрў ҳам ўзининг асл мазмунини йўқотиши мумкин.
Меҳмоннинг ўзини ҳуқуқшунос, сиёсацҳунос ёки таржимон деган муайян таърифлар билан чеклашни истамаслиги ҳам шу қараш билан боғлиқ.
Суҳбатдан келиб чиқадиган муҳим фикрлардан бири шуки, зиёлилик фақат бошқаларни танқид қилиш эмас. У ўз билимлари, хулосалари ва хатоларини ҳам қайта кўриб чиқишга тайёр бўлишни талаб этади.
«Нима дард?»нинг бу галги сонида тайёр ечимлардан кўра саволлар кўпроқ бўлди. Замонавий таълим ҳақиқатан инқирозга юз тутяптими? Сунъий интеллект инсонни фикрлашдан узоқлаштирадими? Сиёсий таҳлил оммалашиши жамиятнинг интеллектуал савиясини оширадими?
Бу саволларга турлича жавоб бериш мумкин. Аммо суҳбатнинг асосий ғояси - инсоннинг мустақил фикрлаш, шубҳа қилиш ва ҳақиқатни излаш қобилиятини сақлаб қолиш заруратидир.

