“Бировнинг қўшиғини куйлаб, унвон олишяпти”. Хонанда Моҳира Асадова ўзига қўйилган тақиқлар ва 45 йиллик ижодида мукофотга лойиқ кўрилмагани ҳақида

“Бировнинг қўшиғини куйлаб, унвон олишяпти”. Хонанда Моҳира Асадова ўзига қўйилган тақиқлар ва 45 йиллик ижодида мукофотга лойиқ кўрилмагани ҳақида
1990-йилларнинг машҳур хонандаси, “Шоҳсанам”, “Муҳаббатни чиқарганлар чидаганга” каби қўшиқлари билан танилган, ижодда бироз сокинлашган Моҳира Асадова “Темп Подкаст” лойиҳасига интервю берди. Суҳбат давомида ижодкор ҳозир нималар билан бандлиги, аслида санъаткор бўлишни истамагани ҳамда 45 йиллик ижоди давомида бирорта ҳам мукофотга лойиқ кўрилмагани ҳақида сўзлаб берди.
“Мухлисларимга совға тайёрлаяпман”
Моҳира Асадова бугун қаерда экани ва нималар билан шуғулланаётганини айтди.
Ўзбек давлат филармонияси қошидаги Ботир Зокиров номидаги миллий симфоник оркестрининг олий тоифали солист вокалистиман. Ҳар куни иш, янги ижод маҳсуллари, консерт дастурлари, сёмка ва гастрол сафарлари билан бандман. Янги қўшиқ устида ҳам ишлаяпман. Ёзиб, тугатиб олсам, ўзгача ракурс, ўзимга қарама-қарши йўналиш ва ҳеч ким кутмаган тарзда клип олиш ниятим бор. Мухлисларим мендан кутилмаган совғани олишади, дейди хонанда.
“15 ёшимда ъДуторчи қизларъ ансамблида иш бошлаганман”
Моҳира Асадова санъат йўлини мақом йўналишида бошлаб, кейин эстрадада ижодини давом эттирган.
Устозим 15 ёшимда мени ишга олган, унда ҳали мактаб ўқувчиси эдим. Қўлимда ҳаттоки паспортим йўқ 8-синф қиз бўлганман. Устозим менга ишониб, 15 ёшли қизни катта ансамблга қонунан ишга олган. Бу йил иш бошлаганимгда роппа-роса 45 йил бўлди. Ўзим ҳам 60 ёшни қаршилайман. Байрамлар муносабати билан шу йилнинг охири — декабр ойларида яккахон консерт бериш ниятим бор, дейди хонанда Моҳира Асадова.
“Университетда санъатга тескари йўналишда ўқиганман”
Шу сабабли университетга топшириш пайтида санъатга мутлақо тескари бўлган йўналиш — педагогика университетининг Мактабгача таълим факултетига кирганман. Кундузги бўлимда ўқиб, дарсдан кейин телевидениега бориб, 5 дан 8 гача ишлардим. Ўша пайтларда шу қадар ғайратим ва иштиёқим бор эдики, чарчоқ нима эканини билмаганман. Катта давлат тадбирлари, консертлар бизнинг “Дуторчи қизлар” ансамблисиз ўтмаган. Одамлардан ҳатто “Дазмолни ёқсак ҳам сизлар чиқиб келяпсиз” деган аскияларни эшитганмиз. Бундан ташқари, ҳосил байрамлари ҳам бўларди. Масалан, “Андижон вилояти бугун пахта режасини бажарибди, консертга борасизлар”, деб қолишарди. Қўл телефонлар бўлмагани учун уйдагиларни огоҳлантириб ҳам қўя олмасдик, ишдан тўғри бошқа вилоятларга кетиб қолардик. Келгунимизча транспортлар қатнови тугаб, метролар ёпилиб қолган бўларди. Хуллас, хоҳиш бўлса, ҳеч қандай чарчоқ билинмас экан, дейди хонанда.
“Бир кечада Моҳира эмас, Шоҳсанам бўлиб уйғонганман”
— “Дуторчи қизлар” ансамблида ишлаб юрган кезларим, 1993-йилда катта Янги йил байрами тадбири бўлган. Шунда эстрада йўналишида илк бор “Шоҳсанам” номли қўшиғимни ижро этдим. Марҳум дўстим, бастакор Султонали Раҳматов мусиқаси, Жамол Камол шеъри билан шу қўшиқ яралди. Тарона 31-декабр куни жаранглаган бўлса, 1-январ куни Моҳира эмас, Шоҳсанам исми билан қайтадан “дунёга келдим”. Чунки кичик диапазон талаб қиладиган қўшиқ шу даражада хит ва шлягер бўлиб кетишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Бозорларда, йўлда, машина ва автобусларда қўшиғим тинимсиз жаранглашни бошлади. Ҳатто қўшиқнинг орасидаги “жингл”ни кесиб олиб, кўрсатувларга ҳам қўя бошлашди, дея эслайди санъаткор.
“Биргина қўшиғим ортидан консерт берганман”
Илк консертим бўлишига қарамай, у беш кунга белгиланган эди. Чипталар шу даражада тез сотилиб, одамлар яна талаб қилдики, иккинчи кундан бошлаб икки сеансда консерт бера бошлаганман. Ўзим кутмаган ҳолатда беш кунлик консертим икки бараварга ортиб кетган. Демоқчи бўлганим, ҳаракатда барака, дейди хонанда Моҳира Асадова.
“Йиллар давомида тақиқда бўлиб келдим”
— 1995-йиллардан бошлаб давлат телеканаллари йиллар давомида менга тақиқ қўйиб, бирорта қўшиқ, клипимни чиқаришмади. Лекин қўлимда лицензиям бўлгани сабабли хусусий телеканалларда клипларимни бемалол “айлантирдим”. Пулини берсангиз, 24 соат бўлса ҳам Моҳира Асадова куйлайверади. Тақиқда ўтирганимни ўзим айтмасам, ҳеч ким, ҳеч қайси мухлисим сезмади. Чунки айтганимдек, хусусий каналлардаги чиқишларимни тўхтатмадим. Менга ким тақиқ қўйганини яхши биламан, аммо бу мавзуда гапиришни истамайман, арзимайди, дейди хонанда.
“Қиёматда ҳаммадан ҳаққимни сўраб оламан”
— Бугунги кунгача ўз-ўзидан Моҳира Асадова бўлиб қолмаганман. Не-не машаққатларни кўрдим, не-не ўлимлардан қолганман. Кўнглимни ранжитган, оёғимга болта урган, қасд қилган ҳар кимсани қиёматда бирма-бир эслаб, ҳаққимни сўраб оламан, дейди хонанда.
“Машҳурлигим ортидан машинанинг минглаб долларлик рақамини текинга олганман”
— Машҳурлик менга кўчада юришда, харидларни бемалол қилаётганимда халақит беради. Аммо ёмон томонидан кўра яхшиси жуда кўп. Истайсизми, йўқми, танишларингиз шу даражада кўпайиб кетар эканки, миллионлар билан ҳал қилолмаётган ишингиз битта телефон қўнғироқ билан битиб кетаркан. Аммо қарс икки қўлдан чиқади — яхши бўлсангиз, сизга ҳам шундай бўлишади. Биргина мисол, янги машина олганимда, чиройли рақам тақмоқчи бўлганман. Мен хоҳлаган рақамим ауксионларга чиқиб кетганди. Шунда эскидан таниш бўлган одамим билан боғланиб, вазиятни тушунтирдим. Чақирди, борсам, одамларга минглаб долларларга сотиладиган Ф 050 ФА рақамни менга текинга берди, дейди хонанда.
“45 йиллик ижодим давомида бирорта унвон берилмади”
Қўлимдан келганча халқимга, ватанимга хизмат қилдим. Катта-катта фестивалларда Гран-при соҳиби бўлдим. Чет элларда Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтардим. Тадбирларда “Узбекистан — Мокҳира” деб эълон қилишади. ЮНЕСКО таснифи остида ўтказилган беллашувда 159 мамлакат ичидан Ўзбекистондан келган Моҳира Асадова Гран-прини қўлга киритиши — сенсация, дейди Моҳира Асадова.
Ҳозир эса қорним эмас, қадримга йиғлайман. 45 йиллик санъатим давомида ҳеч қандай унвонга лойиқ кўрилмадим. Битта қўшиқ айтиб туриб, “Зулфия” мукофотини олишяпти. У ҳам ўзининг ижод маҳсули бўлмайди. Устозларнинг қўшиғини олиб, қайта басталаб, “Дўппи тикдим, ипаклари тиллодан” деб, ярим йилга қолмай “Ниҳол”, бир йилга бормай “Ўзбекицонда хизмат кўрсатган артист”, икки йилга бормай “Ўзбекистон халқ артисти” мукофотларини олишяпти. Уларнинг тепасида турган ҳомийлари билан орасидаги ишқий муносабатлари узилса, мукофотни олиб, олган ҳалиги хонанда кўринмай ҳам кетади. Лекин тарихда қоляпти. Уларнинг исмини айтишни ҳам истамайман. Менга шу алам қилади. Мен бирор унвоним билан тарихда қолишни хоҳлайман, бўлди шу. Филмларнинг сўнгида фалончи-фалончи актёрлар ва бошқалар, дейишадику, ўша бошқаларни ичида қолиб кетишни истамайман, дейди хонанда Моҳира Асадова.

