“Собиқ судяларнинг адвокат бўлиб ишлашларига қаршилигимиз йўқ” — Холмўмин Ёдгоров

“Собиқ судяларнинг адвокат бўлиб ишлашларига қаршилигимиз йўқ” — Холмўмин Ёдгоров
Ижтимоий тармоқларда адвокатлар томонидан судя ишдан кетганидан кейин манфаатлар тўқнашуви нуқтайи назаридан маълум вақт давомида уларнинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланишини қисман чеклаш бўйича таклифлар билдирилмоқда.
Адвокат Даврон Аҳмадовнинг айтишича, хорижий давлатларнинг суд тизимидаги комплаенс-назорат тизимида қўшимча элемент мавжуд, яъни собиқ судяларга нисбатан ҳудудий чекловлар ўрнатилган.
Яъни, бу нима дегани? Собиқ судя, агар у адвокат бўлмоқчи бўлса, илгари ишлаган округи, шаҳри, тумани ва юрисдиксиясида ўртача уч йилдан беш йилгача адвокатлик амалиёти билан шуғуллана олмайди. Бу чеклов жуда кўп ривожланган давлатларда, Европа, АҚШ, Америка давлатлари, бундан ташқари, Жануби-Шарқий Осиё ва Хитойда белгиланган бўлиб, бунинг асосий мақсади собиқ судянинг ўша судялик мақомидан ўз юрисдиксиясида фойдаланмаслиги ва собиқ ҳамкасблари олдида кеча судя бўлиб, бугун адвокат сифатида пайдо бўлишининг олдини олишдан иборат. Бундан ташқари, чеклов собиқ судянинг эски ҳамкасблари билан алоқаларидан фойдаланмаслиги мақсадида жорий қилинган, деди адвокат.
Мазкур масала юзасидан юрист Саидали Мухторалиевнинг таъкидлашича, “совутиш даври”ни, яъни чекловни собиқ судя ишлаган ҳудуд бўйича эмас, балки у охирги даврда фаолият юритган суд бўйича ўрнатиш тўғрироқ бўлиши мумкин. Адвокат: “Шунда ҳам икки йилдан кўп бўлмаган муддатга”, дея қўшимча қилди.
Собиқ судяларга қисман чекловлар қўйиш масаласи юзасидан Судялар олий кенгаши раҳбарияти “Дарё”га изоҳ берди. Кенгаш раиси ўринбосари Нодира Бобохонованинг айтишича, судянинг холислигига, унинг қонуний ва адолатли қарор қабул қилишига қўйилаётган талаб ва мезонлар кўпайиб бормоқда.
Ишда қатнашаётган адвокат судянинг аввал касбдоши бўлгани ёки у билан бирга ишлагани судга таъсир қилмайди, деди Нодира Бобохонова.
Судялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров собиқ судяларнинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланишига қаршилиги йўқлигини билдирди.
Судянинг адвокат бўлишига ҳеч қандай монелик йўқ. У энди судя эмас, унинг ваколати тўхтатилди, тугатилди. Унинг адвокат бўлишига биз ҳеч қандай қаршилик билдирмаймиз.
Бунинг энг яхши томони — у судни кўрган, ҳолатни билади, қонунни қўллашни билади. Асосийси, шу юрт фуқаросига ёрдами тегяпти, уни ҳимоя қиляпти. Яна бир жиҳати, судя беш йил ишлади, уч йил ишлади, дейлик. Уни ишдан олиб ташлаганимиздан кейин у бориб адвокат бўлиб ишлаши мумкин. Судяликни эплай олмаган қандай адвокат бўлади?”, деди Холмўмин Ёдгоров.
Кенгаш раисининг қўшимча қилишича, кимнинг қаерда ишлаши ўзига боғлиқ.
“Тоза одам, ҳалол одам қаерда бўлса ҳам, тўғри сўзлайди, тўғри иш қилади. Нафсига учса, бояги ишга аралашадиган бўлади, ўртакаш бўлади, бало бўлади, баттар бўлади”, деди.
Аввалроқ Судялар олий кенгаши Жиноят кодексидан битта моддани чиқариб ташлашни таклиф қилаётгани хабар қилинган эди.

