Собиқ бўлиш қўрқинчли
Қирғизистон собиқ президенти Атамбоевнинг ўғли учун 7,5 йил қамоқ жазоси сўралди

Собиқ бўлиш қўрқинчли
Бишкекнинг Биринчи май туман судида айблов томони Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўғли Қодирбек Атамбаевга 7 йил-у 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини талаб қилди, деб хабар беради Озодлик радиосининг қирғиз хизмати. Иш ўтган йили Қирғизистонда бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловлари арафасида оммавий тартибсизликлар тайёрлаш гумони билан боғлиқ.
Қодирбек Атамбаевдан ташқари, иш бўйича Социал-демократлар партиясининг бир неча аъзоси ва бошқа шахслар ўтмоқда. Прокурор Темирлан Султанбековга 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўради. Қубаничбек Қодиров, Эрмек Эрматов ва Қозоғистоннинг икки фуқароси учун ҳам айблов томони 7 йил-у 6 ойдан жазо талаб қилди.
Қодирбек Атамбаев аввалроқ тартибни бузгани учун судья томонидан суд залидан чиқариб юборилган ва бир нечта мажлисни ўтказиб юборган эди. Унинг адвокати Сергей Слесарев судланувчининг музокаралар босқичида, сўнгги сўз ва ҳукм ўқиб эшиттирилаётганда шахсан иштирок этишини сўраб илтимоснома киритди.
Иш фигурантлари ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида қўлга олинган эди. Тергов талқинига кўра, улар парламентга муддатидан олдин ўтказилган сайловлардан кейин оммавий норозилик акцияларини тайёрлаган. Айбланувчилар ва уларнинг ҳимоячилари бу хулосаларга қўшилмайди.
Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўзи ҳозирда Испанияда бўлиб, у ерга 2023 йилдаги суд қароридан кейин даволаниш учун кетган эди. 2025 йилнинг июнь ойида Бишкек суди уни сиртдан мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 11 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилди. Собиқ президент ушбу ҳукмни «сиёсий қасос» деб атаган.

