Спорт

«Сиз — Янги Ўзбекистон қаҳрамонларисиз». Президент ўзбекистонлик шахматчиларни табриклади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон терма жамоасини 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги ғалаба билан табриклади.

«Сизлар — Янги Ўзбекистон қаҳрамонларисиз». Президент Ўзбекистон шахматчиларини табриклади

«Жаҳон шахмат оламида юлдуздек порлаб, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида тарихий ғалабани қўлга киритган сиз, азиз фарзандларимни ушбу улуғ зафар билан чин қалбимдан табриклайман.

Икки карра олимпиада чемпионлари деган юксак унвон ва бу буюк зафар барчамиз учун, кўп миллатли халқимиз учун ҳақиқий байрам бўлсин!

Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бутун халқимиз ва жаҳон шахмат жамоатчилиги 200 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингга яқин энг кучли ва таниқли гроссмейстерлар, номдор жамоалар иштирок этган муросасиз баҳсларда сизлар кўрсатган ақл-заковат, юксак ирода, маҳорат ва шижоатга таҳсинлар айтмоқда.

Сизлар — Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари, жаҳон шахмати тарихида янги саҳифа очган олтин авлодсиз. Бутун халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади», — дейилади табрикда.

Президент табригида Ўзбекистон шахматчилари амалдаги олимпиада чемпиони — Ҳиндистонни, қадимий шахмат мактаби ва кўплаб гроссмейстерларга эга Хитойни, шунингдек, жаҳон рейтингида биринчи ўринда турадиган ва олти карра олимпиада чемпиони ҳисобланган АҚШ терма жамоасини ортда қолдиргани алоҳида таъкидланган.

Самарқанд олимпиадасида ўзбекистонлик парашахматчилар бундай ўйинлар тарихида илк бор бронза медалини қўлга киритгани алоҳида қайд этилган.

«Халқимиз сизларнинг тимсолингизда кучли билим ва ирода соҳибларини, юксак чўққиларни забт этишга қодир Янги Ўзбекистон ёшларини кўради.

Шубҳасиз, ушбу юксак ғалаба барчамизга янги куч-ғайрат, руҳ ва илҳом бағишлайди, ўсиб келаётган ёш авлодимиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.

Юртимизда шахматни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, йўлга қўйилган самарали тизим ва яратилган қулай шароитлар сизлар эришган натижаларни таъминлашда муҳим омил бўлди. Яқинда бу борада яна бир Президент қарорини қабул қилдик. Ушбу ҳужжат, шубҳасиз, яқин келажакда янада улкан натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратади.

Умумий ғалабамиз XIV–XV асрларда Иккинчи Ренессанс марказларидан бири бўлган, уч минг йиллик бой тарих ва маданият садоси янграб турган ушбу улуғ шаҳарда қўлга киритилгани унинг қадрини янада оширади», — дейилади табрикда.

Шунингдек, Президент ўз табригида Жавоҳир Синдоровнинг ноябрь ойида жаҳон шахмат тожи учун бўладиган баҳсда ғалаба қозонишига умид ва ишонч билдирди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.