Шавкат Мирзиёев 46-бутунжаҳон шахмат олимпиадаси қатнащиларига табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев 46-бутунжаҳон шахмат олимпиадаси иштирокчиларига табрик йўллади
Шавкат Мирзиёев Самарқандда илк бор ташкил этилаётган 46-бутунжаҳон шахмат олимпиадаси қатнащиларини табриклади.
Давлат раҳбари 200 дан ортиқ мамлакатдан келган гроссмейстерлар, мураббийлар ва шахмат мухлисларини Ўзбекистонда қутлаб, олимпиада иштирокчилари учун Самарқанд “дунё шахмат спорти пойтахти”га айланганини таъкидлади.
Қайд этилишича, уч минг йилдан зиёд тарих ва маданиятни ўзида мужассам этган қадимий шаҳарда олимпиаданинг ўтказилиши тадбирга алоҳида шукуҳ бағишламоқда.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда шахматнинг қадимий мактаб ва анъаналари мавжудлигини қайд этди. Хусусан, Амир Темур стратегик фикрлайдиган саркарда бўлиш билан бирга моҳир шахматчи сифатида ҳам тилга олингани эслатилди. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий ҳамда бадиий асарларида ҳам шахматнинг инсон маънавий камолотидаги ўрнига эътибор қаратилгани таъкидланди.
Маълум қилинишича, Янги Ўзбекистонда шахмат бошқа спорт турлари қатори “оммавийликдан — профессионалликка” тамойили асосида маҳаллалардан тортиб таълим муассасаларигача ривожлантирилмоқда. Мамлакатда шахмат билан оммавий шуғулланувчилар сони 2 миллион нафардан, рейтингга эга профессионал шахматчилар сони эса 6 минг нафардан ошган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда халқаро гроссмейстер унвонига эга 32 нафар шахматчи бор. Шунингдек, мамлакатнинг 5 нафар етакчи шахматчиси жаҳон рейтингининг кучли юзталигидан жой олган.
Президент Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ФИДЕ рейтингида 204 давлат орасида 8-ўринга, аёллар жамоаси эса 20-ўринга кўтарилганини ҳам таъкидлади. Ўзбекистон терма жамоаси 2022-йилда 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолиб чиққан, 2024-йилги Олимпиадада эса совриндорлар сафидан ўрин олган.
Хусусан, Жавоҳир Синдоровнинг жаҳон чемпионлиги учун даъвогарлар турнирида ғолиб бўлиб, жаҳон кубогини қўлга киритгани, Нодирбек Абдусатторовнинг блиц бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медал олгани қайд этилди. Ёш шахматчиларнинг халқаро мусобақалардаги ютуқлари миллий шахмат тарихида янги саҳифалар очаётгани таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга 46-бутунжаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қилиш ҳуқуқи берилганини халқаро спорт ҳамжамиятининг мамлакатга билдирган юксак ишончи сифатида баҳолади. Унинг қайд этишича, Самарқанд олимпиадаси кескин беллашувлар, юксак спорт маданияти, ҳалоллик ва ўзаро ҳурмат руҳида ўтиб, янги чемпионлар ва ёрқин истеъдодларни дунёга танитади.
Олимпиада билан бир вақтда Самарқандда 3-парашахмат олимпиадаси ва 97-ФИДЕ конгрессини ўтказиш учун ҳам шароит яратилгани билдирилди. Президент ушбу тадбирларни ташкил этишдаги кўмаги ва ҳамкорлиги учун ФИДЕ раҳбарияти ҳамда жамоасига, шунингдек, ҳамкор ташкилотларга миннатдорлик билдирди.
Давлат раҳбари мазкур йирик спорт тадбирлари халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашига ишонч билдирди. Шунингдек, улар Ўзбекистонда шахматни янада оммалаштириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Президент табригида бугунги олимпиада инсоният келажагини куч эмас, ақл ва билим, адоват эмас, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, бефарқлик эмас, эзгу мақсадлар йўлидаги қатъият асосида бунёд этиш ғоясини намоён этаётгани таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев олимпиада қатнащиларига мустаҳкам соғлиқ, барча жамоаларга ютуқ ва омадлар, ФИДЕ конгресси ишига эса муваффақиятлар тилади. “Барчангизга зафар ёр бўлсин, Ўзбекистонга хуш келибсиз, азиз меҳмонлар!” дейилади табрикда.

