«Шахмат оламида янги тарих яратган олтин авлод»: Президент Ўзбекистон термасини табриклади
Ёқуббоевнинг ҳиндистонлик Ниҳал Саринга қарши беллашуви ҳақиқий драматик жанг бўлди. Янги Ўзбекистон вакилининг энг қийин

«Шахмат оламида янги тарих яратган олтин авлод»: Президент Ўзбекистон термасини табриклади
Ўзбекистон термаси Самарқандда шахмат олимпиадасида зафар қучгани ҳақида хабар берилганди.
Президент Шавкат Мирзиёев шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига табрик йўллади.
«Сизлар – Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари, жаҳон шахмат оламида янги тарих яратган олтин авлодсиз. Бутун халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади, ғурурланади. Сизлар амалдаги Олимпиада чемпиони – Ҳиндистон жамоасини мағлуб этдингиз. Қадимий шахмат мактаби ва кўплаб гроссмейстерларга эга бўлган Хитой жамоаси устидан тарихий ғалабани қўлга киритдингиз. Дунё рейтингида биринчи ўринни эгаллаб келаётган, олти карра Олимпиада чемпиони бўлган АҚШ жамоасидан ҳам устун келдингиз.
Нодирбек Абдусатторов барча ўйинлар давомида мағлубият нима эканини билмасдан, чинакам жамоа лидери эканини исботлаб, биринчи тахтада олтин медал соҳибига айланди.
Нодирбек Ёқуббоев эса Туркия, Ҳиндистон, Хитой ва АҚШ вакилларига қарши муросасиз баҳсларда чинакам ирода ва матонат кўрсатиб, жамоамиз учун ҳал қилувчи ғалабаларни таъминлаганини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман.
Айниқса, Ёқуббоевнинг ҳиндистонлик Ниҳал Саринга қарши беллашуви ҳақиқий драматик жанг бўлди. Янги Ўзбекистон вакилининг энг қийин вазиятда ниҳоятда топқирлик билан қўллаган тактик юришларини кўриб, дунё шахмат мухлислари ҳайратдан қотиб қолди.
Яна бир мард ўғлонимиз, Жавоҳир Синдоров чемпионларга хос ўйин кўрсатиб, умумий ғалабага катта ҳисса қўшди.
Бундай йирик халқаро мусобақада биринчи марта иштирок этган Муҳиддин Мадаминов ўғлимизнинг кучли рақибларига кутилмаган зарбалар бергани ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамагани юксак баҳога муносибдир.
Шамсиддин Воҳидов Ҳиндистон, Туркия ва Венгрия вакилларига қарши муросасиз ўйинларда ўзини йўқотмасдан, муҳим очколарни олишга эришгани ҳам мухлислар хотирасида сақланиб қолади», дея таъкидлади Президент.
Ўзбекистон шахмат федерацияси ФИДЕ томонидан 2026 йилда «Энг яхши федерация» номинациясида ғолиб деб топилгани, тажрибали мураббий, гроссмейстер Рустам Қосимжонов ФИДЕнинг фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова ФИДЕнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий президенти этиб сайланганини Ўзбекистоннинг шахмат мамлакати сифатида обрў-эътибори ошиб бораётганининг яна бир далили сифатида қабул қилиниши қайд этилди. Самарқанд олимпиадасида парашахматчиларимиз ҳам улкан жасорат кўрсатиб, бундай ўйинлар тарихида биринчи марта бронза медалини қўлга киритишди.

