Сирдарёда банкоматни болта билан очмоқчи бўлган ўсмир қўлга олинди

Сирдарёда банкоматни болта билан бузмоқчи бўлган ўсмир ушланди
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида тунги пайтда банкоматни бузиб, ундаги пулларни ўғирлашга уринган шахс Қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди.
Воқеа 12-сентябр куни соат 03:16 атрофида Гулистон тумани “Олтин водий” МФЙдаги Комилий кўчасида юз берган. Инкассация хизмати МЧЖга тегишли банкоматдан Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати мониторинг марказига ташвиш сигнали келиб тушган.
Текширув вақтида банкомат ёнида юзини яширган, қўлида болта ва бошқа ашёлар бўлган шахс банкоматнинг ташқи қисмини бузишга уринаётгани аниқланган. Қўриқлаш хизмати ходимларини кўрган гумонланувчи воқеа жойидан қочишга ҳаракат қилган, бироқ тезкор гуруҳ саъй-ҳаракатлари билан ушланган.
Суриштирувда ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган шахс Гулистон туманида яшовчи, 2008-йилда туғилган Д.С. экани маълум бўлган. У белгиланган тартибда туман Ички ишлар бўлимига олиб борилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

