«Сичқонлар ва одамлар»: қашшоқларнинг орзу қилишга ҳаққи йўқ(ми?) | 5 дақиқа
Инсон бахтли бўлиши учун баъзида жуда кўп нарса керакдек туюлади: яхши уй, яхши иш, етарлича пул, хотиржам ҳаёт... Аммо инсон ҳаётида шундай бир эҳтиёж борки, уни на пул, на бойлик, на мавқе билан тўлдириб бўлади. Бу - ўзингизни тушунадиган, қийин пайтингизда ташлаб кетмайдиган бировнинг борлиги.

«Сичқонлар ва одамлар»: қашшоқларнинг орзу қилишга ҳаққи йўқ(ми?) | 5 дақиқа
Нобел мукофоти совриндори Жон Стейнбекнинг «Сичқонлар ва одамлар» романи инсон бахти учун нималар зарурлиги ҳақида ҳикоя қилади.
1937-йилда ёзилган бу асар Америкадаги Буюк тушкунлик даврини тасвирлайди. Иш топиш мушкул, одамлар эса бир жойдан бошқасига иш излаб кўчиб юради. Асарнинг бош қаҳрамонлари — Жорж Милтон ва Ленни Смолл ҳам ана шундай дайди ищилар. Уларнинг на уйи бор, на катта бойлиги. Аммо уларда бошқаларда йўқ бир нарса бор эди: улар бирга эди.
Уларнинг бирга юриши оддий дўстликдан ҳам чуқурроқ эди. Жорж Леннини ҳимоя қилар, унинг хатоларини тузатишга уринарди. Ленни эса ўз навбатида Жорж ҳаётига қандайдир илиқлик олиб кирарди. Улар бир-бирига керак эди.
Икки дўстнинг яна бир катта орзуси бор эди.
Улар бир кун келиб ўзларига тегишли кичик ерга эга бўлишни истарди. У ерда ўзлари ишлайди, ҳеч кимга ёлланмайди. Ленни эса қуён боқади. Жорж бу орзуни унга қайта-қайта эслатиб туради. Ҳар сафар Ленни қувониб, «қуёнлар» ҳақида сўрашни яхши кўрарди.
Бу орзу жуда содда эди. Аммо улар учун у бутун ҳаётнинг маъносига айланганди.
Ана шу орзу билан улар навбатдаги фермага ишга келади. Бу ерда ҳам турли тақдир эгалари бор. Қари Кенди кексайиб қолгани учун бир куни ишдан ҳайдалишдан қўрқади. Қора танли Крукс ирқий камситиш сабаб бошқалардан ажратилган ҳолда яшайди. Ферма эгасининг ўғли Кёрли ўз кучини бошқаларга ўтказишга уринади. Унинг хотини эса исми билан эмас, фақат «Кёрлининг хотини» деб аталади ва одамлар орасида бўлса ҳам, ўзини ёлғиз ҳис қилади.
Қизиғи шундаки, фермада одамлар кўп, аммо ҳар бирининг ўзига яраша етишмаётган нарсаси бор. Кимдир пул хоҳлайди, кимдир ўз уйини, кимдир ҳурматни. Кимдир эса шунчаки биров билан гаплашишни истайди.
Шу маънода Жорж ва Леннининг орзуси бошқаларга ҳам таъсир қилади. Улар ўзларига тегишли кичик ер ҳақида гапирганда, бошқалар ҳам шу орзуга яқинлашади. Чунки инсон биргаликда орзу қилишни, умумлашишни, орзулари бошқаларга ҳам юқишини истайди. Одамларни кўпинча айнан шу туйғу бирлаштиради.
Ёзувчига кўра, ёлғизлик шунчаки одамнинг ёнида ҳеч ким йўқлиги билан белгиланмайди. Инсон одамлар орасида туриб ҳам ёлғиз бўлиши мумкин.
Бу ҳолат бугун бизга янада таниш туюлади. Ҳозир телефонларимизда юзлаб, ҳатто минглаб рақамлар бор. Ижтимоий тармоқларда танишлар, обуначилар, гуруҳлар саноғи йўқ. Бир қарашда, инсон ҳеч қачон ёлғиз қолмайдигандек туюлади.

