Барча нарсага эришган, бироқ бахтни ҳис этолмаган инсонлар ҳақидаги 6 та китоб

**Барча нарсага эришган, бироқ бахтни ҳис этолмаган инсонлар ҳақидаги 6 та китоб**
Биз муваффақиятга эришган одамлар ҳақида кўп эшитамиз: улар қандай қилиб беҳисоб бойликка эга бўлади, эътироф ва шуҳрат қозонади, муҳаббат топади. Аммо натижа завқ бермаса-чи? Бугун айнан шу муаммо марказида турган китоблар ҳақида сўз юритамиз. Уларда фаровонлик қаҳрамонларга хотиржамлик олиб келмайди, ушалган орзулар эса янги муаммоларни туғдиради.
**“Мартин Иден”, Жек Лондон**
“Мартин Иден” — Жек Лондоннинг энг машҳур асари. Унда муваффақиятга эришган инсонни қандай синовлар кутиши мумкинлиги бевосита кўрсатилади.
Асарнинг марказида денгизчи Мартин Иден туради. У юқори табақага мансуб қизни севиб қолади ва у билан бирга бўлиш учун ҳар қандай йўл билан иқтидорли ёзувчи сифатида шуҳрат қозонишга қарор қилади. Қаҳрамон ўзини камол топтириш йўлида тинимсиз меҳнат қилади. Аммо муваффақиятга эришгач, у жамиятга, муҳаббатга ва ҳатто ўзига бўлган ишончини ҳам йўқотади.
**“Сағри тери тилсими”, Оноре де Балзак**
Муаллифини чинакам машҳур қилган яна бир мистик роман. “Сағри тери тилсими” Балзакка илк шуҳратни олиб келган ва ҳанузгача унинг ижодидаги энг муҳим асарлардан бири ҳисобланади.
Сюжетга кўра, камбағал, аммо шуҳратпараст Рафаел сирли антиқа буюмлар сотувчисига дуч келади. Сотувчи унга қудратли буюм — исталган хоҳишни амалга ошира оладиган сеҳрли сағри тери парчасини таклиф этади. Бироқ тилсимнинг ишлаши учун жуда оғир шарт бор: ҳар бир амалга ошган орзу эвазига тери парчаси эгасининг умридан йиллар олиб, тобора кичрайиб боради.
**“Элжернонга аталган гуллар”, Дениел Киз**
“Ҳаммага қадрли бўлиш” учун бойлик ва шон-шуҳратга эришиш шарт эмас. Баъзан Дениел Кизнинг машҳур “Элжернонга аталган гуллар” асаридаги каби битта катта орзунинг ушалиши ҳам етарли бўлади.
Бош қаҳрамон — фаррош Чарли Гордон ақлий ривожланишдан орқада қолган. У доимо бошқаларга ўхшаб ўқишни ва ақллироқ бўлишни орзу қиларди. Шу сабабли у ҳеч иккиланмай экспериментал технология — ақл-заковатни сунъий равишда ошириш операциясига рози бўлади. Бу усул аввал фақат бир марта — Элжернон лақабли лаборатория сичқонида муваффақиятли қўлланган эди.
**“Буюк Гецби”, Френсис Скотт Фицжералд**
Фицжералд “Буюк Гецби”да асосий ғояни — одам ҳамма нарсага эга бўла туриб, қандай қилиб бахтга эриша олмаслигини кенг кўламда очиб беради.
“Бу ҳаётда ё овчисиз, ё ўлжа”.
Айнан шу муаммо романнинг марказий қаҳрамони Жей Гецбининг бошига тушади. Истеъдодли ишбилармон бўлган Гецби улкан бойлик орттиради, Лонг-Айлендда ақл бовар қилмас қаср қурдиради ва ҳар дам олиш кунлари у ерда ғаройиб базмлар уюштиради. У буларнинг барчасини ягона мақсад — севгилисини қайтариш учун қилган эди. Бироқ на севгилиси, на бошқа биров унга меҳр билан жавоб қайтаради.
**“Сармоядор”, Теодор Драйзер**
“Сармоядор” — Драйзернинг америкалик миллионер Чарлз Еркс таржимаи ҳолига асосланган романи. Асар улкан муваффақиятнинг акси сифатида бойлик ва нуфуз бош қаҳрамонни бахтли қилмаслигини, кўпроқ нарсага эришиш истаги эса уни боридан ҳам маҳрум этишини кўрсатади.
Воқеалар марказида филаделфиялик истеъдодли сармоядор Френк Каупервуд туради. У ёшлигидан пул ишлай бошлайди ва аста-секин шаҳарнинг энг йирик магнатлари даврасига кириб боради. Унинг пули, оиласи, обрўси ва ўз биржа идораси бўлса-да, Каупервуд эришганлари билан чекланиб қолмоқчи эмас — у қандай йўл билан бўлмасин, доимо ўзидан ўзиб кетишни истайди.
**“Катта умидлар”, Чарлз Диккенс**
“Катта умидлар” — Чарлз Диккенснинг сўнгги романларидан бири бўлиб, ҳақли равишда унинг ижодидаги энг етук асарлардан бири саналади. Унда муаллиф мақсад ва унга эришиш учун тўланадиган баҳо мавзусидан ташқари, улғайиш ғоясини очиб беради, фақат моддиятга сиғинувчи жамиятни танқид қилади ҳамда яхшилик ҳар қандай қийинчиликни енга олишини кўрсатади.
Асарда оддий деҳқон боласи Пип ҳаётининг бир неча босқичи ҳақида ҳикоя қилинади. У зодагонлар оиласидан бўлган гўзал, аммо бадқовоқ Эстелла билан танишади. Йигит унга ошиқ бўлиб қолади ва энди унинг асосий мақсади ўз маҳбубасига муносиб бўлиш эди. Кутилмаганда у орзусига эришади: сирли бир ҳомий унга катта мерос қолдиради.

