Бир кунда ўқилиб, бир умрга ёдда қоладиган 7 китоб

Бир кунда ўқиб тугатиш мумкин бўлган ва умр бўйи ёдда қоладиган 7 та китоб
Баъзан, айниқса дам олиш кунлари, китоб ўқишга вақт ва истак топилади. Душанба келиши билан кундалик ташвишлар яна иш гирдобига тортиб кетади ва адабиётга деярли вақт қолмайди. Ҳар куни китобга озгина бўлса-да вақт ажратиб, мутолаа одатини шакллантириш мумкин ва ҳатто зарур. Бироқ биз бошқа бир ечим топдик: бир кеча-кундузда бемалол ўқиб чиқиш мумкин бўлган жаҳон адабиётининг 10 та буюк асарини жамладик.
**Стивен Кинг — “Рита Хеюорт ва Шоушенкдан қочиш”**
“Рита Хеюорт ва Шоушенкдан қочиш” қиссаси кўпинча “Тўрт фасл” тўпламидан жой олади, бироқ уни алоҳида нашр ҳолида ҳам топиш мумкин. Асарнинг афсонавий экранлаштирилиши асл манбадан ўзиб кетгандек туюлса-да, китобнинг ўзи ҳамон бутун дунё китобхонлари эътиборига лойиқдир.
Бу – Стивен Кингнинг ноёб асарларидан бири. Айтганча, кўпчилик бу асар муаллифи айнан Кинг эканини билмайди. Ундаги қўрқув классик хоррор унсурлари ёрдамида эмас, балки реалликнинг ўзидан туғилади. Ўз моҳиятига кўра даҳшатли, оғир, чуқур ва қисман фалсафий бу ҳикояни бир кунда ўқиб тугатмасликнинг деярли иложи йўқ.
**Агата Кристи — “Ўнта негр боласи”**
Бу – Агата Кристи қаламига мансуб энг машҳур ва сара детектив асарлардан бири. Адабиёцҳуносларнинг ушбу китобни якдиллик билан шоҳ асар деб аташи бежиз эмас, зеро унда муаллиф ўзини ҳам доғда қолдиргандек туюлади. Сюжетнинг шиддатли ривожланиши, кутилмаган бурилишлар ва тахмин қилиш чиндан ҳам мушкул бўлган якун. “Ўнта негр боласи” шу қадар тез ўқиладики, ҳатто асарнинг ажойиб совет экранлаштирувини томоша қилишга ҳам вақтингиз етади. Хуллас, бу асарни ҳар бир китобхон, албатта, ўқиши шарт.
**Уолтер Лорд — “Титаник”нинг сўнгги туни”**
Ушбу китоб “Титаник” ҳалокатини реал вақт режимида ҳис қилишга ёрдам беради – у Кейт Уинслет ва Леонардо Ди Каприо бош ролларни ижро этган афсонавий филмдан анча ҳаққоний ва ёрқинроқдир. Асар сарлавҳаси 1912-йилнинг ўша машъум тунига ишора қилади, воқеалар эса айни лайнернинг айсберг билан тўқнашган лаҳзасидан бошланади.
Маълумки, “Титаник” 160 дақиқада чўкиб кетган – китобдаги воқеалар ҳам деярли реал вақт режимида кечади, шу сабабли уни бир ўтиришда ўқиб чиқишингиз мумкин.
**Виктор Франкл — “Ҳаётга ҳа де”**
Австриялик психиатр, психолог ва файласуф Иккинчи жаҳон уруши даврида конслагерда ўтказган оғир ва даҳшатли кунларини хотирлайди. У бутун тажрибасини логотерапия консепсияси доирасида таҳлил қилишга уринади. Эҳтимол, асардаги мудҳиш воқелик сизни китобни бир неча ўтиришда ўқишга ундар, бироқ Франкл моҳирона, қизиқарли ва анча ихчам ёзгани учун уни бир ўтиришда тугатиш ҳам мумкин.
Муаллиф хотираларга чуқур берилмай, аксинча, ўз тажрибасини тадқиқ этади, уни қайта англашга ҳаракат қилади ва ўқувчи билан биргаликда дунёқарашни тубдан ўзгартирадиган асосий саволларга жавоб излайди.
**Энтони Бёржесс — “Мурватли апелсин”**
“Механик апелсин” шундай ноёб асарки, уни ўқиб чиқиш учун худди шу номдаги филмни томоша қилишга кетадиган вақтнинг ўзи кифоя. Бу – зўравонлик, танлов эркинлиги ҳамда инсон иродасини жамият ўрнатган қоидаларга бўйсундиришга уринишлар ҳақидаги анча дағал антиутопик ривоят бўлиб, бунга тайёр туриш лозим.
Роман нафақат сюжети, балки бадиий воситалари билан ҳам қизиқарли. Бош қаҳрамон Алекс сўзлашадиган тўқима жаргон – “надсат”га, гротеск деталларга ва асар ғояларини янада ўткирроқ ифодалашга хизмат қилган биринчи шахс тилидаги ҳикояга эътибор қаратинг. “Мурватли апелсин” – жаҳон адабиётининг ғайриоддий, оғир ва баъзан ҳатто қўрқинчли дурдонасидир.
**Жорж Оруелл — “Молхона”**
Асарнинг аллегорик услуби ва бош қаҳрамонларнинг ғайриоддий танлангани — қиссадаги барча персонажлар ҳайвонлар экани — унинг жиддийлик даражасини сира пасайтирмайди. Аслида, ёзувчи “1984” романидаги фикрларнинг айни ўзини баён қилади: сиёсат, синфий тенгсизлик, адолат, манипуляция, пропаганда. Бу асарни “болалар китоби” деб ўйламанг: Оруелл ҳар бир инсон мутлақо ўқиши шарт бўлган жаҳон адабиётининг энг сара дурдоналаридан бирини ранг-баранг, ўйноқи ва қувноқ оҳангларда парда ортига яшира олган.
**Франс Кафка — “Эврилиш”**
Австриялик ёзувчи Франс Кафка оламни ва инсон табиатини англашга йўл очувчи муҳим фалсафий ғояларни ортиқча сафсатабозликка берилмай, лўнда ифодалаш маҳоратини пухта эгаллаган. Унинг машҳур “Эврилиш” асарини бир кунда бемалол ўқиб чиқиш мумкин. Асар бош қаҳрамон Грегор Замзанинг кутилмаганда ҳашаротга айланиб қолгани ҳақидаги ғайриоддий бир воқеадек туюлади. Аслида эса бу ёлғизлик, бегоналашув, жамиятдаги ва умуман ҳаётдаги ўз ўрни каби муҳим масалаларни кўтарувчи ниҳоятда чуқур қиссадир. Франс Кафка бизни ғаройиб, хаёлий оламга шўнғдириб, воқеаларни абсурд даражага етказади, бироқ айни пайтда атайлаб мураккаблаштирилган, “чиройли” баёнчиликдан воз кечади. Шу тариқа у мушоҳада учун замин яратади ва, эҳтимол, илк бор инсон табиати ҳақида ўйлаб кўришга имкон беради.

