Лайфстайл

Кичик ҳикоялар: Кўча, ёмғирда қолган келин-куёв

Тўй куёвнинг ҳовлисида, очиқ осмон остида бўлди. Ҳаво очиқ, аммо ёзга хос бўлмаган дилгирроқ шабада

Кичик ҳикоялар: Кўча, ёмғирда қолган келин-куёв

Улар бир-бирларини жуда узоқ кутишди. Бир-бирларини билмаган, танимаган ҳолда бахт онларининг келишини кутишди. Ҳар икки томонда неча бор тўйга тайёргарлик бошланди, аммо висол оқшоми барибир қўлга кирмади. Умид учқунлари сўна бошлаган пайтда икки ёш автобус бекатида учрашиб қолишди. Қисқа танишув қатъий аҳдга айланди.

Тўй куёвнинг ҳовлисида, очиқ осмон остида ўтди. Ҳаво очиқ эди, аммо ёзга хос бўлмаган салқинроқ шабада эсиб турар, келиннинг кўйлагига тегажоғлик қилаётгандай эди.

Бирдан кўк гумбурлади, чақмоқ тўйхонани кўзни олгудек ёритди. Ёмғир шаррос қуйиб юборди. Ҳамма ўзини айвонга урди.

Келин-куёв жойларида қолишди, ўринларидан туришса, айвонга қочишса, бахт қушлари учиб кетадигандай, висол тахтини кимдир эгаллаб оладигандай жим ўтиришди. Кийим-бошлари шалаббо бўлди, ёмғир ич-ичларига ўтди. Буни ҳатто сезишмади ҳам. Узоқ давом этган кутиш заҳматлари ювилди. Бекатда туғилган аҳдлари шу куниёқ синовдан ўтди. Ёмғир чекинишга мажбур бўлди. Кўкда яна қуёш чарақлади.

Кексайиш болалик хотираларини эслашдан бошланади шекилли...

Минг йиллик тарихга эга қишлоғимизда суннат тўйлари қиш-қировли кунлари ўтар, сўқим сўйилиб, дош қозонларда ош дамланар, юрт олдига дастурхон ёзиларди. Ёзда эса ҳашар авжига чиқар, катталарга қўшилиб, биз болалар ҳам бу маросимда қатнашардик.

Ота-она уйланган ўғлига уй қурмоқчи бўлса, қариндош-уруғ, дўст-қадрдонларини ҳашарга чорлар, улар усталарга қўшилиб, бир-икки кун ичида икки-уч хонали уйнинг деворини кўтариб, устини ёпиб қўйишарди. Аёлларнинг ҳашари — усталарга йўқлов оши жўнатишдан иборат эди, таниш-билиши, қариндошлари кўпларникидаги ҳашар қуюқ зиёфатга айланиб кетар, ҳашарчилар бир-бирларига маъноли қараб, «Оҳ-оҳ, ҳашар эмас, ошар бўлди-ку», дейишарди.

Бир гал дадам билан қўшни қишлоқдаги қариндошимизникига ҳашарга бордик. Усталар қуриладиган уйнинг тўрт бурчагига қозиқ қоқиб, иш бошлашаётган экан. Дадам ўзларича бир нималарни чамалаб кўрдилар-да, қуюқ қошлари бир оз чимирилиб, қариндошимизни олдиларига чақирдилар, «Жияним, уйнинг ташқи девори кўчага чиқиб кетибди, ярим қулоч ичкарига олиш керак», дедилар. Бу гап жиянларига ҳам, усталарга ҳам ёқмади. Деворнинг тагига тош териш бошланиб кетди.

Биз тушликни кутмай, уйга қайтдик. Хафа бўлганларини сезиб турибман, аммо сабабини билмайман. Дадам бўлса ўзларига ўзлари: «Эҳ, жиян, жиян, қабристоннинг ерини қўшиб ол – майли, масжиднинг ерини қўшиб ол – майли, аммо кўчанинг ҳақига тегма», деган гапни эшитмаган экансан-да, Парвардигор, ўзинг кечир», дердилар, холос.

Уй кузга қолмай битди. Аммо... баҳорда кучли сел келиб, ташқи деворини ювиб кетди.

Автобус ўйдим-чуқур йўлда бораётиб бир силкинган эди, тик турган икки киши бир-бирига дурустгина туртилиб кетди. Бирининг қўлидаги тугун ерга сочилди, иккинчисининг кўзойнаги учиб кетди. Иккови ҳам нордон, кесатиқ гапларга уста экан, бир-бирларини роса «сийлашди», кейин дағаллик қилишга ўтишди. Ёшроғи пўписани қойиллатди. Каттароғи: «Зўр бўлсанг, қани туш, автобусдан, кучингни кўрсат», деди.

Манзилга етгунча автобус яна бир-икки силкинди. Одам сийраклашди. Охири маълум бўлдики, ҳар иккала уришқоқ олис сафардан омон-эсон қайтиб келган дўстларини кўргани битта хонадонга келишаётган экан...

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.