«Энамдан қолган далалар» (Эссе)
Нозик қомати эгилиб–эгилиб, қалин сунбул сочлари рўмол остида шўралаб-шўралаб гўзал ёшлик дамларини пахта далаларида жавлон

**"Онамдан қолган далалар" (Эссе)**
Яна дўмбирамни қўлимга олдим!
Китоб эмас, бир лаққа чўғни қўлимга олдим.
Юз йил аввал тушуниб-тушунмай, "Бу қандай китоб экан-а, буни шоир ёздимикин, ёзғувчи ёздимикин: бир қарасанг ҳикоя, яна қарасанг аччиқ ичакдек чувалашиб ётган шеър, бошқа ёқдан қарасанг нафас олмай хиргойи қилинадиган қўшиққа ўхшаб кетади эканми?" – деб ўйлаб қолган ўша эски китобни қўлимга олдим.
Менда дўмбира бормиди дейсизми, қайда дейсиз?!
Бурунги замонларда "Алпомиш"ни, "Кунтуғмиш"ни, "Равшанхон"ни, "Авазхон"ни ва бошқа ўзбек халқ достонларини бўзлаб-бўзлаб айтиб юрган, йиғлаб-йиғлаб айтиб юрган момогинамнинг қадимдан қолган, юз асрлардан буён жимгина деворга илиниб турган, гунг-соқов дўмбирасини қўлимга олдим.
Мен дўмбира чертишни билармидим, дейсиз?
Бир иккида достон куйлаб юрганмидим, дейсиз?
Қайда-ё қайда, бир гапини эплаб гапира олмаган, катта бўлсам қўшиқ айтгич бўламан деб, сўнгра оломон олдида овози чиқмай қалтираган, қўшиқ ўрнига эчки маърагандай товуш чиқаргич бўлган бир расвои олам достон айта олармиди, дейсиз?
Дейсиз, дейсиз, тўғри дейсиз!
Айтаверинг, ишонинг-ишонманг, бу куйлагич китоб мениям куйлатди!
Дўмбира чертишгаям ўргатди!
Йиғлашгаям ўргатди...
Йиғлаб-йиғлаб дўмбира чертдим.
Қизил қирғин замонидаги минглаб ўзбек хотинлари сингари ёниб-ёниб дўмбира чертдим.
Дарахтларга суриниб-суриниб, деворларга уриниб-уриниб,
Чирсиллаб-чирсиллаб, гуриллаб-гуриллаб дўмбира чертдим.
Пахта далаларида бутифос ютиб жон бераётган болалардек ўғжиб-ўғжиб дўмбира чертдим.
Жигарларим ситилиб-ситилиб, заҳар зардобим бўғзимга тиқилиб-тиқилиб дўмбира чертдим.
Ўйнаб қўяй Тоғай Муроднинг халқ дардини халқ тилида сўйлаган, ўзида халқ ичига, деҳқонлар орасига бориб, улар билан елкама-елка меҳнат-машаққат чекиб қоғоз қоралаган "Отамиздан қолган далалар"да дўмбирамни чалиб ўйнаб қўяй!
Мен-да, катта момом бўзлаб кетган, онам сўйлаб берган "Онагинамдан қолган далалар" куйига ўйнаб қўяй!
Чирпирак-чирпирак, саллона-саллона ўйнаб қўяй!
Ўйнайман-да, қўлимга тушган соқов дўмбира ҳам чидай олмай оҳу-фиғон чекиб куйлаб юборгач...
Ростини айтадиган бўлсам, китобларни камдан-кам ҳолатларда қайта ўқийман. Бир китобни қайта ўқидимми, демак бу асар юрагимдан жой олган. Инсон сифатида дардларимни бир қалқитиб олган, ижодкор сифатида асарни ўқиб бўлгач "Қаламинг, ижодингга тасанно!" – деб хитоб эттирган. Сезиб турганингиздек, шундайин "Олтин рўйхат"имда "Отамдан қолган далалар" ястаниб ётибди ва охир-оқибат қўлимга дўмбирасини тутқазиб қўйган Тоғай Мурод мени куйлатиб-куйлатиб, ўйнатиб-ўйнатиб, йиғлатиб-йиғлатиб сўнгида ёзишга мажбур этди.
Дўмбирамни онамга тутдим: сўйлашича, катта момом (онамнинг оналари) айни қизил шўро босқини ва халқимиз бошига не кўргуликларни солган, умумлаштириш, балки қуллаштириш даврида яшаб ўтганлар. Момом қизил босқин дегани борми, қирғин уруш орти фронти-ю, одам зотини тутдек тўккан очарчилик йиллари борми, барчасини бошидан ўтказган. Оқ юзли, узун бўйли сарвиқомат, билакдек икки ўрим тимқора сочлари тақимини ўпиб турадиган момомнинг руҳияти ва албатта табиати ҳам қиёфаси каби гўзал бўлган. Нозик қомати эгилиб-эгилиб, қалин сунбул сочлари рўмол остида шўралаб-шўралаб гўзал ёшлик дамларини пахта далаларида жавлон уриб ўтказган. Уйи ҳам дала, тўйи ҳам, ётоғи, бешиги ҳам дала бўлган. Селитрали ариқда чўмилиб, бутифос номли атир билан ифорланиб олган. Чақалоқлари чумчуқ боладек тут шохида улғайиб, оёқлагач тут танасига занжирланиб (оёғи ёки белидан арқонлаб қўйилган) дала тупроғидан таомланиб, эс киргач тўппа-тўғри момомнинг даласига ўтиб кетаверишган. Ана ўша, момом далаларида бизнинг Деҳқонқул оталаримиз, Деҳқонқулова оналаримиз ўсиб-улғайган. Уларнинг суяги тугул, руҳи пахтада қотган. Пахта деб тили чиққан, пахта деб тонги отган, пахта деб куни ботган...
Момогинам, 40 ёшига бориб-бормай қариб қолган момом, касалликлар оқибатида даласига чиқа олмай қолган. Ана ундан кейин уйидан болалар боғчаси очиб беришиб, Деҳқонқуловаларнинг уч ёшгача бўлган чурвақаларига, яъни бўлажак деҳқонқулваччаларга энагалик қила бошлаган. Яшаш жойлари "Карл Маркс", "Чкалов", "Куйбишев", "Ленин", "Калинин" ва ҳоказо, хулласи калом казо-казо маконлар, чор атрофи дала, чор атрофи пахта, чор атрофи заҳар (алламбало заҳар дорилар), чор атрофи... Мана шундайин, даласида кўз очиб, даласида қон туфлаб-туфлаб жон берган момогинам! Ўрнига ўрин онагинам қолган ва албатта анъанани давом эттирган. "Кўзимни очиб кўрганим пахта, терганим пахта бўлган" – дейди онам. "Кунлик 250 килограммгача пахта терганман" – дейди онажоним! Бошқа ҳеч гап айтмайди. Тез-тез ётиб қолади; воҳ жоним-а демайди, воҳ жигарим-а демайди. Жим бўлади...
Шу жойига келганимда талабалик давримда кеч кузда сув қуйиб юборилган пахта даласи, чекимга тушган лой эгат бошида тургандек ҳайрон тўхтаб қолдим. Хўш, тузук-қуруқ ёзиб-ёзмай не учун яна бор тўхтаб қолдинг денг?! Ахир, ўша тушларда кўриладиган, дилда-ю тилда очиладиган лўппи-лўппи пахтаой ҳақидаги ўзбек халқи меҳнат-машаққат, йўғ-эй, бахт-саодатга етакловчи қўшиқларини куйлаган одамларни ўзидан эшитмасам, яна қайдан топаман!? Аниқ эслайман, тонг бўзармасидан пахта даласига кета туриб куйлашгани ва ҳаттоки ўша қўшиқни ҳам айтиб берган эди. Менда онамникидек ҳавас қиларли хотира қайда дейсиз, момогиналарим далаларидек чанги чиқиб ётибди бу эс деган жониворниям. Хулласи калом, уфққа туташиб кетган кунгабоқар далаларига тикилганимча, дўмбирамни яна онагинамга йўллайман. Энди онам бошидан кечирганларини худди достон айтгандек айтиб бераверади. Айниқса, менга энг кераклиси, трактор прицепига (тиркама) зичлашиб олишиб, қайдасан навбатдаги пахта даласи дея куйлаб кетадиган ашуласини худди бахшилардек ритм билан хиргойи қила бошлайди:
Ёрдамчи қизман келдим теримга.
План тўлмасдан ўргилай, қайтмайман уйга.
Тўлсин планим, Ўзбекистоним!
Пландан ошсин Ўзбекистоним!
О, ёрдамчи қизлар эсини таниб-танимай, аввалига пахта теришни ҳам, этак кўтаришни ҳам эпини қила олмай (бола бўлишган ахир) йиғлаб-йиғлаб, бора-бора куйлаб-куйлаб, чанги чиққан, заҳарли дорилардан бўккан далаларда заҳар-заққум ютиб-ютиб, ўғжиб-ўғжиб пахта деганини пахтасини чиқариб териб ташлашган. Деҳқонқуллар ҳамда Деҳқонқуловалар тўдаси қачон уйига қайтиб мактабига боришган дейсиз? Албатта, ўзлари ўйлаб топишган ашуласида айтишганидек, план тўлмасидан туриб, токи ғўзалар қор билан қопланиб теримни иложи қолмагунича ўлишга ҳам рухсат берилмаган. Қўлларига таёқ олишиб қорларни қоқиб-қоқиб, қўл-оёқлари тарашадек қотиб музлаган чаноқларни теришган. Мана энди жим туролмайди, дўмбира сўйлатади онагинамни: "Шўроси ўлсин-а, пахтагинаси қурисин-а! Мана қара оёқ-қўлларим шишиб устихонларим майшайиб кетди, ичгинамни тўкди бу пахта!" – дейди. "Мени худо асраган болам, не-не эркак-аёллар, болагинлар жимгина қирилиб кетди. Онагинам, опа-укаларимни бевақт олиб кетди!" –дейди кўзларида ёш ғилтиллаб.
– Омон-омон замонларда яшаяпсизлар, ношукр бўлманглар! – дейди,
– Ўзингга шукр! – дейди онагинам. Бир чуқур уҳ тортади-да, омонат дўмбирам, онагинасининг дўмбирасини менга тутқазиб, яна жим қолади. Дўмбираси қурмағур ҳам дардларини айтмаса ёрилиб кетадигандек, оғиз жуфтлаб менга мўлтирайди...
Тоғ сайрига кета туриб шўх қўшиққа жўр бўлаётган фарзандларимга, кейин машина ойнасидан лип-лип ўтаётган онамдан қолган далаларга тикиламан. Онда-сонда кўриниш бериб қолмаса, пахта далалари деярли учрамайди. Она ватанини қўриқлаётган аскарлардек тик, қатор туришиб липпиллаётган мевали дарахтлар, узумбоғлар, полиз далалари кўзга ташланади. Ўзлари билганича гуркираб ётишгандек, одам зоти кўринмайди. Эҳеҳее, "Онамдан қолган далалар! Момогиналаримдан қолган далалар нега жимсиз, нега куйламаяпсиз!?" – деб ҳайқиргим келади. Далалар миқ этишмайди.
Далалар жим қолишади. Мен-да жим қоламан. Аммо, бу жимлик энди оғриққа эмас, таскинга айланади. Кўзлаган сўлим гўшамизга етиб боргунимизча жим кецамда яйраб бораман, балки қарама-қарши ҳисларим ўртасида сарсон бораман. Сезиб тураман, барибир юрагимнинг бир четида момогинам кўзларидан ёш оқизиб-оқизиб ўтираверади. Ҳар зиёратига борганимда онагинам жимгина жилмайиб тураверади.
– Онамдан қолган далалар дўмбирамизни берчи! – дейман.
– Қани, жим турмасдан бир куйлайликчи! – дейман. Онамнинг далалари-да ўзига тортган – жим қолади.
Аммо, дўмбира дегич сайроқи жим тура олмайди. "Вооҳ! – дейди дўмбирам, "Дардингни олай!" – дейди дўмбирам.
Дўмбирамни яна қўлимга оламан...
Мастура Абураҳим қизи
Р/С: Терим қўшиғи 1960-1970-йилларда пахта теримида қатнашган теримчи билан оғзаки суҳбатдан ёзиб олинди.

