Дунё

Сибир қорларида микропластик миқдори ошгани аниқланди

Томск давлат университети олимлари Ғарбий Сибирда уч йил давомида тўпланган қор намуналарининг барчасида микропластик аниқлади. Қор қопламининг ҳар бир квадрат метрига тўғри келадиган заррачаларнинг ўртача сони 2021-йилдаги 711 тадан 2023-йилда 1112 тага етган.

**Сибир қорларида микропластик миқдори ортгани аниқланди**

*Поллутанц* журналида эълон қилинган тадқиқот Олтой тоғолди ҳудудларидан Қутб доирасигача чўзилган майдонни қамраб олган. Намуналар 2021–2023-йилларда, қор энг кўп тўпланган даврда, 23 та кузатув стансиясида олинган.

Кузатувлар Томск, Новосибирск, Омск, Тюмен ва Кемерово вилоятларида, Ханти-Манси ва Ямал-Ненец автоном округларида ҳамда Олтой ўлкасида олиб борилган.

Микропластик ҳудудлар бўйлаб бир текис тарқалмаган бўлса-да, олимлар йиллар давомида унинг ўртача миқдори ошиб бораётганини қайд этган. Муаллифлар буни қор қопламида микропластик тўпланиш тенденсияси сифатида баҳоламоқда.

Аниқланган заррачаларнинг 90 фоиздан ортиғини толалар ташкил этган. Майда бўлаклар улуши 8 фоизгача, плёнка қисмлари ва шарсимон заррачаларники эса жами 2 фоиздан ошмаган. Асосан 300–1000 микрометр, яъни 0,3–1 миллиметр катталикдаги заррачалар учраган.

2022–2023-йилларда намуналарда полиетилентерефталат — ПЕТ улуши 40 фоиздан юқори бўлган. Полипропилен, полиетилен ва полистирол ҳам аниқланган. Бу материаллар синтетик матолар, кийим-кечак, пакетлар, шиша идишлар ва контейнерлар ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Тадқиқотчилар толаларнинг кўплиги ва уларнинг таркиби синтетик тўқимачилик маҳсулотлари ифлосланишнинг асосий манбаларидан бири бўлиши мумкинлигини кўрсатишини таъкидлаган.

Таҳлилда микропластик миқдори билан аҳоли зичлиги, ялпи ҳудудий маҳсулот ёки автомобил йўлларига яқинлик ўртасида бевосита боғлиқлик топилмаган. Бироқ қор қопламининг қалинлиги билан ўртача даражадаги боғлиқлик кузатилган: ёғин кўпайгани сари атмосферадаги заррачаларнинг қорга чўкиши ҳам кучайган.

Олимлар эҳтимолий экологик хавфни ҳам бир нечта индекс орқали баҳолаган. Полимерларнинг кимёвий хавфлилик индекси 2021-йилдаги 96,2 дан 2023-йилда 991 гача ошган. Муаллифларга кўра, бу қўлланган баҳолаш усулида хавфли даражанинг қуйи чегарасига тўғри келади.

Ўсиш намуналарда хавфлилик бали юқори бўлган полиакрилонитрил ва полиуретан пайдо бўлиши билан изоҳланган. Шу билан бирга, консентрацияни ҳам ҳисобга олувчи потенсиал экологик хавф индекси 1,92 дан 19,7 гача кўтарилган бўлса-да, энг паст хавф тоифасида қолган.

Тадқиқот иштирокчиси Алексей Редникиннинг тушунтиришича, кимёвий хавфлилик кўрсаткичи юқори полимерлар учраса ҳам, уларнинг консентрацияси ҳозирча нисбатан паст. Бироқ кўрсаткичларнинг ўсиши кузатувларни давом эттириш заруратини кўрсатади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.