Қор барвақтроқ эримоқда, музликлар эса қисқармоқда. Марказий Осиёнинг сув баланси қандай ўзгаряпти?
Помир ва Тян-Шан музликлари эриши МО дарёлари мавсумий оқимини ўзгартирмоқда. Бу суғориш мавсумида сув тақчиллигини кучайтириши мумкин, баланд тоғлардаги музлик кўллари тўсатдан тошқин келиб чиқиши хавфини юзага келтирмоқда. Олим Аброр Ғофуров — минтақада сув баланси қандай ўзгараётгани ҳақида.

Қор эрта эрий бошламоқда, музликлар эса кичрайиб бормоқда. Марказий Осиёда сув баланси қандай ўзгараяпти?
Иқлим ўзгариши музликларнинг эришини ва қор қопламининг қисқаришини тезлаштирмоқда, шу жараёнда ҳосил бўлаётган музлик кўллари эса тоғли ҳудудларда яшовчи аҳоли учун хавф туғдириши мумкин. Бу жараёнлар ва уларнинг оқибатлари ҳақида Германия геофанлар тадқиқот маркази илмий ходими Аброр Ғофуров маълумот берди.
Минтақанинг асосий дарёлари Помир ва Тян-Шан баланд тоғларидан бошланади, Аброр Ғофуров уларни Марказий Осиёнинг “сув миноралари” деб атади. Айнан шу ҳудудда дарёларнинг асосий оқими шаклланади, музликлар ва эриётган қор эса қишлоқ хўжалигининг сувга эҳтиёжи энг юқори бўладиган жазирама ёз ойларида асосий манба бўлиб хизмат қилади. Иқлим ўзгариши туфайли бу тизим ўзгариб бормоқда: қор қоплами қисқараяпти, музликлар эримоқда ва келажакда ёз мавсумида сув таъминоти камайиши мумкин.
Олим мисол сифатида Қашқадарё вилоятидаги иккита баланд тоғли метеостансия — Ойгаинг ва Мингчуқурнинг кўп йиллик кузатув маълумотларини келтирди. Уларда ўртача суткалик ва йиллик ҳароратнинг барқарор ошиб бораётгани, ёғингарчиликнинг умумий миқдори эса деярли ўзгармаётгани кўринади. Шу билан бирга, қор қопламининг қалинлиги изчил камайиб бормоқда ва бу борадаги энг сезиларли тенденсия сўнгги ўн йилликларда кузатилмоқда.
Музликлар қисқаришининг яққол мисоли сифатида Пахтакор музлиги кўрсатилди. 1993-йилдан 2023-йилгача олинган бир қатор сунъий йўлдош тасвирлари таҳлили шуни кўрсатдики, 30 йил ичида унинг майдони қарийб 25 фоизга камайган.
Тадқиқот доирасида Норин, Қорадарё ва Зарафшон дарёлари ҳавзалари учун гидрологик моделлар ишлаб чиқилди. Ҳисоб-китобларда 2100-йилгача бўлган ҳарорат ссенарийлари инобатга олинди.
Моделлар кўриб чиқилган барча ҳавзаларда ҳарорат ошишини кўрсатмоқда. Қорадарё ҳавзасида 2023-йилга келиб музликлар аллақачон йўқолиб кетган. Норин ҳавзасида ҳозир жадал эриш кузатилмоқда, Зарафшон ҳавзасида эса бу жараён бироз секинроқ кечмоқда.
Келажакдаги оқимни прогноз қилиш учун Ғофуров бир нечта гидропостлар — Учқўрғон (Уч-Терек), Андижонсой дарёси оқими, Дупили ва Норин шаҳри бўйича маълумотларни тақдим этди. Графикларда тарихий давр яшил чизиқ билан, келажак ссенарийлари эса қизил ва кўк чизиқлар билан ифодаланган.
Моделга кўра, келажакда дарёларнинг тўлиб оқиш даври эртароқ муддатларга силжийди, бу эса ёзда сув танқислигини янада кучайтириши мумкин. Олимнинг айтишича, Уч-Терек ҳавзасида келажакда июл ва август ойларида сув миқдори сезиларли даражада камаяди, бу суғорма деҳқончиликка жиддий зарба беради. Андижонсойда кескин тақчиллик кутилмайди, бироқ қорнинг эрта эриши сабаб оқимнинг энг юқори нуқтаси эрта баҳорга кўчади.
Аброр Ғофуров музлик кўлларининг ёрилиши оқибатида юзага келадиган тошқинлар — ГЛОФ (Гласиал Лаке Оутбурст Флоод) табиатини алоҳида таҳлил қилди. Чекинган музликлар ўрнида кўллар пайдо бўлади, уларнинг ёрилиши эса пастда жойлашган аҳоли пунктлари учун хавфли бўлган тўсатдан тошқинларни келтириб чиқариши мумкин.
Кўргазмали мисол сифатида у Қозоғистондаги Катта Олмаота кўли яқинидаги музликнинг 1976 ва 2018-йилларда олинган иккита сунъий йўлдош тасвирини намойиш этди. Тасвирларда музлик майдони қандай қисқаргани ва янги кўллар қандай ҳосил бўлгани яққол кўринади.
Олим ҳамкасблари билан бирга мониторинг олиб бориш мақсадида ҳар йили Пахтакор музлигига экспедиция уюштиришини айтди. Унга бориш йўлида гуруҳ Ўзбекистондаги Пском дарёси ҳавзасида жойлашган шундай кўллардан бирини кузатган.
Ғофуров 2026-йил 26-август куни Непалда юз берган фалокатни ҳам эслатди: музлик кўчиши оқибатида юзага келган ёрилиш тошқини 500 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлганди (19-сентабр ҳолатига кўра, қурбонлар сони 1400 дан ошган). У бу ҳодисани нафақат Ҳимолай минтақаси, балки Марказий Осиё учун ҳам “огоҳлик қўнғироғи” деб атади ва аҳоли пунктларини ҳимоя қилиш учун илмий таҳлил, мониторинг ҳамда маълумот алмашинувига сармоя киритиш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, олим қўшни Қирғизистондаги шунга ўхшаш ҳолатни — 2022-йил июл ойида Иссиқкўл ҳудудида юз берган музлик кўчишини ҳам эсга олди. Унинг айтишича, ҳудуд бориш қийин бўлган жойда жойлашгани учунгина ўшанда ҳеч ким жабрланмаган.
Техник ечимлар ҳақида сўз юритар экан, Ғофуров МОДСНОВ воситасини алоҳида қайд этди. Бу тизим сунъий йўлдошлар ва моделлаштириш ёрдамида қор қоплами ҳамда музликлар ҳақида маълумот олиш, сўнг уларни қарор қабул қилиш учун масъул органларга тақдим этиш имконини беради. Марказий Осиё гидрометеорология хизматлари ундан 10 йилдан ортиқ вақтдан бери фойдаланиб келмоқда. Айнан шу тизим музлик кўлларининг тошиб кетиш хавфини мониторинг қилишда ҳам қўлланади.

