Си Жинпинг фитна ҳақидаги миш-мишлардан сўнг энг яқин ҳарбий маслаҳатчисини лавозимидан озод этди
Си Жинпингнинг Хитой армиясидаги коррупсияга қарши кампанияси доирасида яна икки юқори мартабали генерал лавозимидан озод этилди. Улар орасида Марказий ҳарбий комиссияси раиси ўринбосари Чжан Юся ҳам бор.

Си Жинпинг фитна ҳақидаги миш-мишлар ортидан энг яқин ҳарбий маслаҳатчисини лавозимидан четлатди.
Реутерс хабарига кўра, 28-август куни Хитойда Марказий ҳарбий комиссияси (МҲК) аъзолари, генераллар Чжан Юся ва Лю Чженли ўз лавозимларидан озод этилди.
Чжан МҲК раиси ўринбосари лавозимида ишлаган ва Хитой раиси Си Жинпингдан кейин ҳарбий раҳбариятдаги иккинчи шахс ҳамда унинг энг яқин ҳарбий сафдоши ҳисобланган. Генералларга нисбатан интизом ва қонунни жиддий бузганликда гумон қилинган тергов январ ойида бошланган эди.
Сўнгги бир неча йил ичида Хитой раҳбари армияда коррупсияга қарши кампания бошлаган. Ушбу кампания доирасида собиқ мудофаа вазирлари Вей Фенхе ва Ли Шанфу лавозимидан четлатилиб, терговга тортилган эди.
Кадрлар ўзгариши Хитойда ҳарбий тўнтаришга уриниш бўлгани ҳақидаги миш-мишлар ортидан юз берди. Тҳе Спестатор нашрининг ёзишича, 18-январ куни Чжан гўёки Си Жинпингни ҳибсга олиш учун Пекин ғарбидаги "Инси" меҳмонхонасига бир рота аскар юборган. Хитой раҳбари Марказий қўриқлаш бюроси ходимлари Чжаннинг аскарларига пистирма қўйган. Бу жанг оқибатида 9 нафар қўриқчи ва ўнлаб ҳарбийлар ҳалок бўлгани айтилади.
Чжан 1979-йилги Хитой-Ветнам урушида қатнашган. Унинг отаси, генерал Чжан Сзунсюн Хитой раисининг отаси Си Чжунсюннинг сафдоши бўлган. РБК ёзганидек, Чжан ва Си юқори мартабали партия арбобларининг авлодлари, яъни "шаҳзодалар"га мансуб. Чжан 2012-йилда Халқ озодлик армиясининг қурол-яроғ хариди ва уни ишлаб чиқишга масъул бўлган Қуролланиш бош бошқармасига раҳбарлик қилган. 2017-йилда у МҲК раиси ўринбосари бўлган ва пенсияга чиқиши кераклигига қарамай, 2022-йилда бу лавозимга қайта сайланган эди.

