Лайфстайл

Ширин ва пишган мандаринларни танлашнинг 7 та усули

Энг мазали ва хушбўй меваларни харид қилиш учун мандарин танлашнинг барча нозик жиҳатларини ўрганиб олинг.

**Ширин ва пишган мандаринларни танлашнинг 7 та усули**

Илгари кўпчилигимиз мандаринни фақат Янги йил дастурхонининг ноз-неъмати деб билардик ва қишки байрамларни сабрсизлик билан кутардик. Энди эса бу ёрқин тўқ сариқ шарлар деярли октябр ойиданоқ савдога чиқади. Навлари шунчалик кўпки, кўз қамашади: расталарда катта-кичик, баргли-баргсиз, ялтироқ-хира, холдор ҳамда пўстлоғи силлиқ ситруслар ёнма-ён териб қўйилган. Шу боис уйга энг мазали ва хушбўй меваларни олиб кетиш учун мандарин танлашнинг барча нозик жиҳатларини билиб олишга тўғри келади.

**Фақат айрим навлардагина данак бўлмайди**

Дўкон токчалари ва бозор расталарида турли хил мандаринлар, жумладан, уларнинг дурагай навлари ҳам учрайди. Агар данаксиз ситрус мева олмоқчи бўлсангиз, сотувчидан унинг нави қайси эканини сўранг ёки нархнома ёхуд қадоқдаги ёзувни ўзингиз текширинг. Агар у ерда “Клементин” ёки “Уншиу” деб ёзилган бўлса, мандарин ичида катта эҳтимол билан данак бўлмайди. “Муркотт” ва “Понкан” номлари эса бунинг аксини билдиради.

**Мандариннинг ўлчами ва шакли ҳам муҳим**

Яхшиси, ўртача катталикдаги ёки кичикроқ мандаринларни танланг — уларнинг ширин чиқиш эҳтимоли юқорироқ. Уларда данак ҳам жуда кам бўлади. Бундан ташқари, митти мандаринларда кўпинча яшил шохчалар бўлиб, улар жуда чиройли кўринади. Каттароқ ситруслар ҳам фойдали: улардан уйда мураббо тайёрлаш мумкин.

**Мева бандига эътибор беринг**

Мандаринларни саватга солишдан олдин банди жойига қараш маъқул. Бу қисм ҳаддан ташқари қуруқ ҳам, яшил ҳам бўлмаслиги керак. Биринчи ҳолатда мандаринлар катта эҳтимол билан жуда узоқ сақланган бўлади, иккинчисида эса улар ҳали тўлиқ пишиб етилмасидан узиб олинган бўлади.

**Ситрус меваларнинг шакли кўп нарсани англатади**

Харид қилишдан олдин мандариннинг шаклига ҳам эътибор беринг. Агар унинг тепа қисми бироз яссироқ бўлса, катта эҳтимол билан у пишган ва серсув бўлади. Мазали мандариннинг яна бир муҳим белгиси — унинг ҳиди. Меванинг ҳиди қанчалик хушбўй ва ўткир бўлса, шунча яхши. Ҳидсиз мандаринлар эса, катта эҳтимол билан, ҳали пишмаган ёки аллақачон айниб қолган бўлади.

**Меванинг рангидан таъмини билиш мумкин**

Ёрқин тўқ сариқ ва ялтироқ мандаринларни танлаган маъқул. Пўстининг қизғиш тусда бўлгани яхши. Хира ранг эса кўпинча мандаринлар омборда узоқ туриб қолганидан дарак беради. Аксарият навларда пўстлоғининг яшилроқ ёки оч тусда бўлиши ҳамда сиртидаги доғлар ситрус мевалар ҳали пишиб етилмаганини англатиши мумкин.

**Мандарин пишганини бироз босиб текшириш мумкин**

Мандаринни аста босиб кўринг. Пишган мева таранг бўлади ва босилганда бирозгина эзилади. Қаттиқлари, катта эҳтимол билан, ҳали хом бўлади, жуда юмшоқлари эса аллақачон айний бошлаган бўлиб чиқади. Пўсти буришган ёки дағалроқ мандаринларни олмаган маъқул.

**Баъзида мандаринларни клементин, мандор ва минеолалар билан адаштириб юбориш мумкин**

Ушбу суратда мандарин эмас, мандора тасвирланган. Кипрда етиштириладиган махсус мандарин ва апелсин дурагайи шундай аталади. Бу ситруснинг пўстлоғи бироз қаттиқ бўлса-да, ичи серсув этга тўла. Шунингдек, дўконларда мандарин ва апелсиннинг яна бир дурагайи — клементинлар ҳам тез-тез учрайди. Уларни ёрқин тўқ сариқ пўстлоғи, думалоқ ва силлиқ ёнларидан осонгина ажратиш мумкин. Мандарин ва грейпфрутнинг “боласи” ҳисобланган минеолалар ҳам ёрқин тўқ сариқ рангда бўлиб, пўсти силлиқ, аммо таъми нордон-ширин ва ичида данаклари бор.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.