Шифокор дам олиш кунлари кўп ухлаш саломатликка зарарли эканини айтди
Кўпчилик иш ҳафтасидаги уйқу етишмовчилигини шанба ва якшанба кунлари тўлдиришга ҳаракат қилади. Бироқ мутахассис тушгача ухлаш одати биологик соатни издан чиқариб, одамни янада ҳорғин қилиб қўйишини билдирди.

Шифокор дам олиш кунлари кўп ухлаш саломатликка зарар етказишини айтди
Кўпчилик иш кунларида етишмай қолган уйқуни дам олиш кунлари қоплашга уринади. Сомнолог Иля Смирновнинг айтишича, бундай ухлаш усули саломатликка салбий таъсир қилади. У шанба-якшанба кунлари нималардан сақланиш кераклигини тушунтириб берди.
Мутахассисга кўра, дам олиш кунлари тушгача ухлаш одати суткалик ритмни (одамнинг ички биологик соатини) издан чиқаради. Натижада одам ўзини лоҳас ва чарчаган ҳис қилади, якшанба кечаси эса ухлаб қолиши қийинлашади.
Шифокор бундай оқибатларнинг олдини олиш учун дам олиш кунлари одатдагидан кўпи билан бир соат кечроқ уйғонишни тавсия қилади.
Агар иш ҳафтаси жуда оғир ўтган бўлса, йўқотилган ҳордиқни кундузги қисқа уйқу билан тўлдириш мумкин. Смирновнинг таъкидлашича, кундузги уйқу 20 дақиқадан ошмаслиги керак. Шунингдек, соат 15:00 ёки 16:00 га қадар дам олиб олиш мақсадга мувофиқдир.
Сомнолог яна бир тез-тез учрайдиган хатони ҳам қайд этди: сериал кўриш, ишлаш ёки ижтимоий тармоқларда вақт ўтказиш учун ухлаш вақтини кечиктириш. Агар ҳар куни эрталаб бир хил вақтда туриш керак бўлса, кеч ётиш одати аста-секин сурункали уйқу етишмовчилигига олиб келади.
Шунингдек, мутахассис ухлашдан олдин компютер ўйинлари ўйнамасликни, хавотирли янгиликларни ўқимасликни ва зиддиятли масалаларни ҳал қилмасликни маслаҳат берди. Бундай ҳаракатлар мияни фаол ҳолатда ушлаб туради ва хотиржам бўлишга тўсқинлик қилади.
Бундан ташқари, кечқурун ёғли овқатларни кўп истеъмол қилиш, кучли очлик ҳисси ҳамда кечки пайтдаги оғир жисмоний машқлар ҳам уйқу сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Психолог София Қасимованинг айтишича, ухлаб қолишдаги қийинчиликлар аксарият ҳолларда асаб тизимининг ортиқча қўзғалиши ва ухлашдан олдинги нотўғри одатлар билан боғлиқ.

