Шавкат Мирзиёев туркий давлатлар ўртасида ID-карталар орқали саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтиришни таклиф қилди
Анқарадаги йиғилишда Ўзбекистон етакчиси туркий мамлакатлар ҳудудларида бўлиш ва чегараларни кесиб ўтиш тартибини соддалаштиришни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев туркий давлатлар ўртасида ID-карталар орқали сафар қилиш имкониятини кенгайтиришни таклиф этди
Бугун президент Шавкат Мирзиёев Анқарада ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этмоқда.
Саммитда Ўзбекистон раҳбари туркий давлатлар ўртасида ID-карталар орқали сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, чегараларни кесиб ўтиш ва ушбу мамлакатлар ҳудудида бўлиш қоидаларини енгиллаштириш ташаббусини илгари сурди.
«Туризм соҳасидаги улкан имкониятлардан ҳам тўлиқ фойдаланишимиз зарур. Биргина 2022 йилда мамлакатларимизга 40 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Туркий халқларнинг тарихий шаҳарлари, бетакрор табиати, бой маданияти ва меҳмондўстлик анъаналарини дунёга биргаликда тақдим этиш учун Туркий туристик альянсни ташкил этиш вақти келди», — деди давлат раҳбари.
Ўзбекистон Президенти халқларни яқинлаштириш ва уларнинг ҳаётини енгиллаштириш мақсадида фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисида кўп томонлама битим тайёрлашни ҳам таклиф қилди.
«Унда ID-карталар асосида сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, чегараларни кесиб ўтиш ва қабул қилувчи давлат ҳудудида бўлиш тартибини енгиллаштириш масалалари ўз аксини топиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

