Шавкат Мирзиёев Туркманистонга боради
Президент Шавкат Мирзиёев 7–9-октабр кунлари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлади. У «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё ва Озарбойжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви ҳамда МДҲ саммитида иштирок этади.

Шавкат Мирзиёев Туркманистонга сафар қилади
Президент матбуот хизмати берган маълумотга кўра, ташриф Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан амалга оширилади.
Маслаҳат учрашувида сиёсий-дипломатик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш ва энергетика соҳасидаги шерикликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича қўшма чоралар, маданият, таълим, илм-фан ва ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ҳам кун тартибидан ўрин олган.
Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро масалалар, тинчлик, барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлашга оид устувор вазифалар юзасидан ҳам фикр алмашади.
МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Ҳамдўстлик доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик натижалари сарҳисоб қилиниб, уни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилади. МДҲ ташкил этилганининг 35 йиллигини нишонлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Тадбирлар якунида қўшма ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган. Ташриф давомида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.

