Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити Ўзбекистонда бўлиб ўтади
Президент Шавкат Мирзиёев ТДТнинг Анкарадаги саммитида муҳим ташаббусларни илгари сурди. Улар орасида — туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғини, туркий туристик альянсни ташкил этиш, таълим грантларини ажратиш, умумтуркий сўзлар луғатини яратиш ва қатор бошқа муҳим таклифлар бор.

Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити Ўзбекистонда бўлиб ўтади
30 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитида иштирок этди.
«Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик» шиори остида ўтказилган форумда Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон президентлари, Озарбайжон ташқи ишлар вазири ва Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ҳам қатнашди.
Саммитда кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди ҳамда аъзо давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон етакчиси ўз нутқи аввалида Анқара саммити юқори даражада ташкил этилгани учун Туркия Президентига миннатдорлик билдирди.
Тадбир арафасида сўлим Бештепе боғида давлатларимизнинг миллий-маданий мажмуаси очилгани туркий халқларнинг умумий меросини асраб-авайлаш йўлидаги муҳим қадам бўлгани таъкидланди. Ушбу муҳташам иншоот туркий дунё бирлигининг ёрқин рамзига айланишига ишонч билдирилди.
Президент бугунги кунда халқаро муносабатлар тизими туб ўзгаришларни бошидан кечираётгани, геосиёсий рақобат эса кескинлашиб бораётганини таъкидлади. Туркий дунёни ўраб турган минтақаларда давом этаётган қуролли можаролар ва қарама-қаршиликлар хавфсизлик ва тараққиёт истиқболларига ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан давлат раҳбари Туркий давлатлар ташкилотини ўзаро ишонч ва амалий шериклик майдони сифатида янада жипслаштириш зарурлигига эътибор қаратди.
«Биз ушбу эзгу йўлда бирдирмиз ва туркий бирдамлик йўлида куч-ғайратимизни сафарбар этишга тайёрмиз», – деди Президент.
Давлат раҳбари туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасида долзарб халқаро ва минтақавий масалалар бўйича мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш, шунингдек, ёндашувлар ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Ушбу мақсадда «Туркий давлатлар ташкилоти плюс» форматида учинчи мамлакатлар билан ҳамкорликни соҳа вазирларининг учрашувларидан бошлаш таклиф этилди.
«Ушбу мулоқотлар савдо, транспорт, инвестиция ва бошқа устувор йўналишларда муайян қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган бўлиши керак», – деди Шавкат Мирзиёев.
Камёб минералларни қайта ишлаш ва «яшил» энергетика учун ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни ўз ичига олган юзта стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳаларини қамраб олувчи «Туркий дунё – 100» дастурини қабул қилиш таклиф этилди. Бунда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун Туркий инвестиция жамғармаси ва халқаро молия институтлари ресурсларини жалб қилиш муҳим роль ўйнайди.
Шунингдек, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида «Тижорат ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида»ги кўп томонлама шартномани ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги сўровлар ва ҳужжатларни электрон айирбошлаш бўйича рақамли платформа яратиш ташаббуси илгари сурилди.
Глобал етказиб бериш занжирлари ўзгараётган ҳозирги шароитда туркий давлатларнинг географик жойлашуви ва транзит имкониятлари тобора стратегик аҳамият касб этмоқда.
Ўрта коридорни ягона иқтисодий тизимга айлантириш учун «Туркий давлатлар логистика мажмуалари тармоғи»ни яратиш ва уни биргаликда бошқаришни таъминлаш таклиф этилди. Бу мамлакатларнинг халқаро юк ташиш ва логистикадаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек, иқтисодий манфаатдорликни ошириш имконини беради.
Туризм салоҳиятини кенгайтириш учун «Туркий туризм альянси»ни ташкил этиш, шунингдек, фуқароларнинг ўзаро сафарларини соддалаштириш ва ID-карталар орқали саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутувчи кўп томонлама битим ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Ўзбекистонда хорижий талабалар учун таъсис этилган «Янги Ўзбекистон» стипендия дастури доирасида туркий давлатлар вакилларига ҳар йили таълим грантлари ажратишга тайёрлик билдирилди.
Бундан ташқари, ташкилот доирасида 2027 йилни Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йили деб эълон қилиш ҳақидаги ташаббус қўллаб-қувватлангани учун алоҳида миннатдорлик билдирилди. Ўзбекистон ташаббуси билан таъсис этилган буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот Қозоғистон хизмат кўрсатган санъат арбоби, элчи Дюсен Касеиновга топширилгани мамнуният билан қайд этилди.
Басталанган ушбу саммит шиоридан келиб чиқиб, тилларимиздаги барча туркий халқлар учун бирдек тушунарли бўлган умумий сўзларни ўз ичига олган «Умумтуркий сўзлар луғати»ни яратиш таклиф этилди.
«Ишончим комилки, бугунги Анқара саммити эзгу мақсадимизга эришиш, бирдамлик ғоясини рўёбга чиқариш ва кенг кўламли режаларни амалга ошириш йўлида муҳим қадам бўлади. Зеро, орзу-умидларимиз ва интилишларимиз ўхшашдир. Биз бирлашсак – янада кучли бўламиз. Агар аҳил бўлсак – энг юқори марраларга албатта эришамиз», – деди давлатимиз раҳбари ўз нутқи якунида.
Тадбир давомида Ўзбекистон вакили Мирвоҳид Азимов номзодини ташкилотнинг янги бош котиби лавозимига қўллаб-қувватлаш, шунингдек, келаси йили навбатдаги саммитни Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Саммит якунлари бўйича Анқара декларацияси ва Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

