Шавкат Мирзиёев Сербияга расмий ташрифини якунлаб, Тошкентга учиб кетди

Шавкат Мирзиёев Сербияга расмий ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга илк расмий ташрифи дастури якунланди. Никола Тесла номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонни Сербия Президенти Александр Вучич рафиқаси билан кузатиб қўйди, шундан сўнг Ўзбекистон раҳбари Тошкентга учиб кетди.
Сербия ҳаво ҳудудида Президент самолётини ушбу мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари кузатиб борди.
Ушбу ташриф икки томонлама муносабатлар тарихида янги босқич бўлди. Музокаралар якунида икки давлат раҳбарлари Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларацияни имзоладилар, шунингдек, асосий йўналишлар бўйича келишувларни мустаҳкамловчи ҳужжатлар пакетини алмашдилар. Дастурнинг амалий қисми доирасида Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич қўшма Ўзбекистон-Сербия бизнес-форумида иштирок этдилар.
Тадбирлар давомида Ўзбекистон Президентига Сербиянинг олий давлат мукофоти — Катта занжирдаги Сербия Республикаси орденини топшириш тантанали маросими бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Белград кўчаларидан бирига "Тошкент" номи берилди.

