Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентини Қурултойга сайлов муваффақиятли ўтгани билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентини Қурултойга сайловлар муваффақиятли ўтгани билан табриклади.

24-август куни Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, суҳбат бошида Ўзбекистон раҳбари Қозоғистон президентини мамлакат тарихида биринчи марта бир палатали Қурултойга сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Янги Қурултой Қозоғистонда изчил ислоҳотларни янада илгари суришда муҳим омил бўлиши, кенг кўламли ўзгаришларни қонунчилик жиҳатидан самарали таъминлаши ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига янги суръат бағишлашига ишонч билдирилди.

Суҳбат давомида давлат раҳбарлари Ўзбекистон—Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун янги имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб мавзулар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Қозоғистонда парламент сайловлари 23-август куни бўлиб ўтди. Бу мамлакатда янги Конституция қабул қилинганидан кейинги илк парламент сайлови бўлди. Янги Конституцияга кўра, Қозоғистон икки палатали парламентдан бир палатали парламентга ўтди. Бир палатали парламент — Қурултой — 5 йил муддатга сайланадиган 145 нафар депутатдан иборат. Мамлакат Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Янги парламент сайловларида президентлик партияси — “Адилет” 70 фоиздан ортиқ овоз тўплади.

Шавкат Мирзиёев 23-августда Қозоғистон президентига мактуб йўллаб, Қурултойга сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.