Қозоғистонда Қурултойга сайловлар бошланди

Қозоғистонда илк бор Қурултой (янги бир палатали парламент) сайловлари бошланди. Бу ҳақда мамлакат Марказий сайлов комиссияси маълум қилди.
Республиканинг 20 та ҳудудидаги 10 363 та сайлов участкасида овоз бериш жараёнлари соат 7:00 да бошланди. Ҳудудий комиссиялар қарорига кўра, яна 107 та участка эрталаб соат 6:00 дан ишга тушган. Шунингдек, 16 та хорижий давлатда ташкил этилган 19 та сайлов участкаси ҳам фуқароларни қабул қилмоқда.
Ушбу сайловда жами 10 423 та участка, жумладан, 61 та хорижий давлатдаги 79 та ваколатхона фаолият юритади. Овоз бериш жараёнида 12 605 788 нафар фуқаронинг иштирок этиши кутилмоқда. Улардан 17 132 нафари яшаш манзилидан ташқарида овоз бериш учун рўйхатдан чиқариш гувоҳномасини олган.
Қозоғистоннинг икки палатали парламенти 30-июн куни ўз фаолиятини расман якунлади. Ислоҳот қўшни республиканинг сиёсий тизимини тубдан ўзгартиради: икки палатали парламент — Сенат ва Мажлис ўрнига бир палатали Қурултой ташкил этилади, вице-президент лавозими қайтарилади, шунингдек, янги маслаҳат органи — Халқ кенгаши пайдо бўлади, унинг аъзолари президент томонидан тайинланиши кутилмоқда.
Мамлакатда 1-июлдан бошлаб янги Конституция кучга кирди. Март ойида унинг лойиҳаси қарийб 90 фоиз овоз билан маъқулланган эди. Янги Конституция амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга яна давлат раҳбари сайловида иштирок этиш имконини беради. Сабаби 1995-йилги Конституция бўйича айрим давлат лавозимларини эгаллаган шахслар янги Конституция кучга кирганидан кейин тегишли лавозимларга қайта сайланиши ёки тайинланиши мумкин.

