Шавкат Мирзиёев Қосим-Жўмарт Тўқаевни Қозоғистондаги парламент сайловлари муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевни мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловлари билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати 23-август куни хабар берди.
Ўзбекистон раҳбари ўз мактубида Қозоғистоннинг янгиланган парламенти — Қурултойга сайловлар халқаро меъёрлар ва демократик тамойилларга мувофиқ ўтказилганини таъкидлади. Мирзиёев ушбу тарихий воқеа Қозоғистон сиёсий тизимини такомиллаштириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва парламент ролини кучайтиришда янги босқични бошлаб берганини қайд этди.
Мактубда фуқароларнинг сайловлардаги фаол иштироки Қосим-Жўмарт Тўқаев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқ томонидан қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин далили эканлиги ёзилган.
"Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик икки дўст мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари руҳида янги сифат босқичига кўтарилишига ишонч билдирилди", дейилади хабарда.
Якунда Шавкат Мирзиёев Қосим-Жўмарт Тўқаевга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, қардош Қозоғистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилаган.
Эслатиб ўтамиз, 23-август куни Қозоғистонда бир палатали парламент — Қурултойга сайловлар бошлангани хабар қилинганди. Қозоғистоннинг икки палатали парламенти 30-июн куни ўз ишини расман якунлаган эди.
Ушбу ислоҳот қўшни республиканинг сиёсий тизимини тубдан ўзгартиради: икки палатали парламент — Сенат ва Мажлис ўрнига бир палатали Қурултой ташкил этилди. Вице-президент лавозими қайтарилди, янги маслаҳат органи — Халқ кенгаши пайдо бўлади, унинг аъзолари президент томонидан тайинланиши кутилмоқда.
Мамлакатда 1-июлдан бошлаб янги Конституция кучга кирганди. Март ойида унинг лойиҳаси қарийб 90 фоиз овоз билан маъқулланган эди. Янги Конституция амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга яна давлат раҳбари сайловида иштирок этиш имконини беради. Сабаби 1995-йилги Конституция бўйича айрим давлат лавозимларини эгаллаган шахслар янги Конституция кучга кирганидан кейин тегишли лавозимларга қайта сайланиши ёки тайинланиши мумкин.

