Шавкат Мирзиёев Олмазорда талабалар шаҳарчасининг вазиятлар маркази билан танишди

Шавкат Мирзиёев Олмазорда талабалар шаҳарчасидаги вазиятлар маркази билан танишди
Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимлигида йўлга қўйилган вазиятлар маркази фаолияти билан танишди.
Мазкур марказ талабалар хавфсизлигини таъминлаш, ҳудуддаги ижтимоий вазиятни реал вақт режимида кузатиш, давоматни назорат қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қиладиган комплекс тизим сифатида ишлайди.
Умумий майдони 1 минг 368 квадрат метр бўлган “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимлиги биноси 2024-йилда қурилган. Уни мукаммал таъмирлаш, вазиятлар марказини ташкил этиш ва ҳудудни ободонлаштириш учун 33 миллиард сўм ажратилган.
Ҳозир бинода вазиятлар маркази билан бирга стартап хонаси, олий таълим тарихи музейи, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими ҳамда хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази ҳам жойлашган.
Вазиятлар маркази шаҳарчадаги 41 та талабалар ётоқхонасини қамраб олади. Тизим орқали 75 мингга яқин талаба, жумладан, ётоқхоналарда яшовчи 17,5 минг нафар йигит-қизнинг хавфсизлиги таъминланади. Шунингдек, уларнинг давоматини назорат қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имконияти ҳам мавжуд.
Марказ 17 та ахборот тизими билан интеграция қилинган. Бу турли маълумотларни ягона рақамли платформада тезкор таҳлил қилиш ва вазиятга қараб зарур чоралар кўриш имконини беради.
Ташриф давомида давлатимиз раҳбарига талабалар шаҳарчасида хавфсизлик ва ижтимоий муҳитни реал вақт режимида назорат қилиш имкониятлари ҳамда марказнинг ишлаш тамойиллари бўйича тақдимот қилинди.
Шавкат Мирзиёев ушбу тизим орқали талаба ёшлар билан тизимли ишлаш ва уларни ўйлантираётган масалаларни тезкор ҳал этиш юзасидан тавсиялар берди. Шу тажрибани республикадаги бошқа талабалар турар жойларида ҳам жорий этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Президент Олмазор туманига ташрифи чоғида “Қичқириқ” маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари ва аҳоли учун яратилган шароитлар билан ҳам танишганди.
“Обод маҳалла” давлат дастури доирасидаги ушбу лойиҳага маҳаллий бюджетдан 71,4 млрд сўм йўналтирилди. Натижада ҳудуд замонавий яшил шаҳарсозлик муҳитини мужассам этган ҳақиқий экологик маҳаллага айланди.

