Маҳаллий

Президент Олмазор туманидаги ободонлаштириш ишлари билан танишди

Қичқириқ маҳалласидаги ўзгаришлар пойтахтнинг бошқа маҳаллалари учун ҳам намуна бўлмоқда.

Президент Олмазор туманидаги ободонлаштириш ишлари билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Олмазор туманидаги Қичқириқ маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари ҳамда аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Ташкил топганига ўттиз йилдан ошган ушбу маҳаллада 23 та кўп қаватли уй мавжуд. 1 минг 416 та хонадонда 5 минг 400 нафардан зиёд аҳоли яшайди.

Президентнинг 2024-йил 25-июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган ўзгаришлар туфайли маҳалла бугун мутлақо янги кўриниш олди.

“Обод маҳалла” давлат дастури доирасидаги ушбу лойиҳага маҳаллий бюджетдан 71,4 миллиард сўм ажратилди. Натижада ҳудуд замонавий “яшил” шаҳарсозлик муҳитини мужассам этган ҳақиқий экологик маҳаллага айланди.

Энг муҳим янгиликлардан бири Қичқириқ канали бўйида бунёд этилган сайилгоҳ бўлди. Унинг узунлиги 2,4 километрни ташкил этади. Сув бўйидаги ҳудуд аҳоли тун-у кун ҳордиқ чиқарадиган шинам ва озода масканга айлантирилди.

Бу ерда 12,4 километр узунликда пиёдалар йўлаги ётқизилди, қўшимча яшил ҳудуд барпо этилди. Сув ҳавзаси устида муҳташам айвон, 14 та шийпон, чархпалак ва фавворалар қурилди.

Бугунги кунда маҳаллада 6,5 мингга яқин манзарали ва мевали дарахт парвариш қилинмоқда. Турар жойларнинг ташқи кўриниши ҳам янгиланди. Аҳоли дам олиши учун юзлаб ўриндиқлар ва ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Бу ерда ёшлар учун ҳам барча шароит яратилди. 12 та воркаут майдончаси ва 3 та футбол майдони барпо этилди, кутубхоналар фойдаланишга топширилди.

Тадбиркорлик ҳам жадал ривожланиб, 47 та тадбиркорлик субьекти фаолият юритмоқда. Янги лойиҳалар ҳисобига 61 та янги иш ўрни яратилди.

Давлат раҳбари шу ернинг ўзида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағаллик билан ишлаш бўйича масъулларга кўрсатмалар берди.

Қичқириқ маҳалласида ҳам бу йўналишда ўзига хос тизим йўлга қўйилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.