Шавкат Мирзиёев: “Мотуридий бобомизнинг минг йил аввал ёзган асарлари бугун ҳам долзарб”
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Шавкат Мирзиёев: “Мотуридий бобомизнинг минг йил аввал ёзган асарлари бугун ҳам долзарб”
Давлат раҳбарининг қарорига биноан, ўтган йили Ўзбекистонда Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155-йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Чокардиза қабристони ҳудудидаги мажмуани қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошланган эди.
Умумий майдони 10,2 гектар бўлган ҳудудда зиёратчилар учун янги масжид қурилди. Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний мақбаралари тўлиқ реконструксия қилинди. Мажмуа таркибида аллома меросини чуқур ўрганишга мўлжалланган илмий марказ, кутубхона ва музей ташкил этилди.
Шавкат Мирзиёев ушбу илм масканларининг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
– Бундай илм ўчоқларини ташкил этишдан мақсадимиз – буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва ёшларимизга етказиш. Бизга бугун бу илм жуда керак. Бу ерда қанча ёшларимиз Мотуридий бобомизнинг минг йил олдин ёзган асарларини ўрганади. У зот минг йил олдин ҳар бир масалани чуқур илм ва аниқ далиллар билан асослаб, одамларни жаҳолатдан огоҳлантирганлар. Ушбу асарларни ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини ёшларимизга етказиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Зиёратгоҳнинг кириш қисмида пештоқ, ташриф буюрувчилар учун меҳмонхоналар ва автотураргоҳ барпо этилди. Мажмуа ҳудудига маҳаллий ҳамда юртимиз иқлимига мос хорижий дарахт ва бута кўчатлари экилди.
Алломалар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Давлат раҳбари мажмуага келган инсон Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий мероси ва ислом оламидаги ўрни ҳақида тасаввурга эга бўлиши кераклигини таъкидлади.
– Бундай буюк қадамжоларни обод қилиш замирида катта маънавият, маърифат, таълим ва илм бор. Одамлар бу ерга келиб, нафақат зиёрат қилсин, балки билим олсин, ўзлигини англасин, – деди Шавкат Мирзиёев.

