Маҳаллий

Шавкат Мирзиёев Самарқандга борди

Президент транспорт инфратузилмаси ва шаҳарсозлик лойиҳалари билан танишади. Душанба куни эса у Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилишида иштирок этади.

Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев якшанба куни Самарқанд вилоятига борди.

Одатий тартибда давлат раҳбари аввал Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, дуолар қилинди.

Ташриф давомида давлат раҳбарига мажмуадан самарали фойдаланиш, унинг туристик салоҳиятини янада ошириш, Имом Бухорийнинг бой илмий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш орқали ислом маърифати ҳамда зиёрат туризмини ривожлантириш юзасидан берилган топшириқлар ижроси ҳақида маълумот берилди.

Мамлакат етакчиси бу ишларни изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлади. ­

– Бу улуғ зот бизга бутун илмларини, билимларини мерос қилиб қолдирганлар. Биз шу илмларни давом эттирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.

Мен ўзим ҳам ҳар сафар улуғ бобомизни зиёрат қилганимда, халқимиз ҳаётига барака берсин, бири икки бўлсин деб дуо қиламан.

Биз улуғларимиз меросини асраш ва тарғиб қилиш йўлида ҳали кўп ишлар қиламиз. Бутун дунёдан одамлар Ўзбекистонга келиб, Ислом сивилизацияси марказини, Имом Бухорий мажмуасини кўриши, зиёрат қилиши учун шароит яратамиз,

– деди давлатимиз раҳбари.

Президент ташаббуси билан янгидан бунёд этилган мажмуа ислом оламининг муқаддас қадамжоларидан бири сифатида доим маҳаллий ва хорижлик зиёратчилар билан гавжум. Комплекс илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 65 мингдан ортиқни ташкил этади.

Мажмуа таркибидаги 10 минг кишилик масжид, улкан мақбара, ҳар бирининг баландлиги 75 метр бўлган тўрт минора, мовий гумбазлар иншоотга ўзига хос улуғворлик бағишлаб турибди. Илғор ахборот технологиялари асосида ташкил этилган инновацион музейда муқаддас динимиз тарихи, пайғамбарлар ҳаёти, Имом Бухорийнинг муҳаддислик фаолияти кенг ёритилган, ноёб экспонатлар намойиш этилмоқда.

Ҳозирги пайтда мажмуада зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароит, халқаро стандартларга мос сервис йўлга қўйилган. Зиёратгоҳ ҳудудида 20 дан ортиқ замонавий меҳмонхоналар фаолият юритмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.