Шавкат Мирзиёев Корея парламенти раҳбари билан музокара ўтказди
Президент Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси спикери Чо Чжон Шик билан учрашди. Томонлар парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва икки давлат ўртасида эришилган келишувлар ижроси устидан парламент мониторингини кучайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Шавкат Мирзиёев Корея парламенти раҳбари билан музокара олиб борди
Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида 15-сентабр куни мамлакат Миллий Ассамблеяси спикери Чо Чжон Шик билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни мустаҳкамлашда икки давлат парламентлари муҳим рол ўйнаётгани таъкидланди.
Ҳозирда парламентлараро «дўстлик гуруҳлари» фаолият юритмоқда, парламент делегацияларининг мунтазам алмашинуви йўлга қўйилган. Шунингдек, икки мамлакат қонун чиқарувчи органларининг тегишли қўмиталари ўртасида тажриба алмашиш амалиёти ҳам йўлга қўйилган.
Корея Миллий Ассамблеяси ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмагида Ўзбекистон Олий Мажлисининг ҳар икки палатасида «Электрон парламент» лойиҳаси амалга оширилаётгани ҳам қайд этилди.
Учрашувда олий даражада эришилган келишувларнинг бажарилиши устидан парламент мониторингини таъминлаш учун алоҳида ҳамкорлик механизмини яратиш зарурлиги қайд этилди. Бунда, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар йўналишлардаги келишувларга эътибор қаратилади.
Учрашув якунида 2027-йилда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан «парламент дипломатияси» йўналишида бир қатор тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.

