Президент АҚШ сенатори билан стратегик шерикликни муҳокама қилди
Сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорликни ҳар қачонгидан ҳам юқори даражага кўтаришга эришилгани, мулоқотлар ва делегациялар

Президент АҚШ сенатори билан стратегик шерикликни муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3-сентябр куни АҚШ Конгресси сенатори, Сенатдаги Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраиси Стив Дейнсни қабул қилди.
Учрашув бошида АҚШ сенатори давлатимиз раҳбари ва халқимизни мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда икки томонлама алоқаларни ҳар қачонгидан ҳам юқори босқичга олиб чиқишга эришилгани, мулоқотлар ва делегациялар алмашинуви жадал тус олгани мамнуният билан қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат йўналишларида йирик лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Ҳудудлар ўртасидаги, хусусан, сенатор вакили бўлган Монтана штати билан алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларига алоҳида урғу берилди.
«С5+1» форматидаги ҳамкорлик ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

