Сиёсат

Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси делегациясини қабул қилди. Учрашувда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Жорий йил бошидан икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 20 фоизга ошгани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси делегациясини қабул қилди

25-август куни Президент Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатасининг делегациясини қабул қилди. Делегация таркибига конгрессменлар Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейс кирди.

Учрашув бошида америкалик қонун чиқарувчилар Ўзбекистон Президенти ва халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклашди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки томонлама муносабатларда ижобий ўсиш кузатилаётгани, сиёсий мулоқот юқори даражада экани, ўзаро алоқалар ва ташрифлар фаоллашгани таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШ етакчиларининг яқинда бўлиб ўтган телефон мулоқотида стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олингани қайд этилди.

Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошган.

Айни пайтда энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат соҳаларида йирик лойиҳаларни бошлаш ва амалга оширишни назарда тутувчи уч йиллик Иқтисодий ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда.

Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масаласини ҳам муҳокама қилдилар. Ўзбекистон АҚШ делегацияси аъзолари вакиллик қилаётган Миссури, Шимолий Каролина, Техас ва Гавайи штатлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармонлик миссияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.