АҚШ сенатори: Ўзбекистон стратегик жиҳатдан муҳим мамлакат
АҚШ Сенатидаги Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраиси Стив Дейнс Ўзбекистонни стратегик жиҳатдан муҳим мамлакат деб атаб, АҚШ ва Марказий Осиё ўртасида эркин савдога тўсқинлик қилаётган Жексон–Веник тузатишидаги эскирган савдо чекловларини бекор қилиш Вашингтоннинг устувор вазифаларидан бири бўлиши кераклигини билдирди.

АҚШ сенатори Стив Дейнс Ўзбекистонни стратегик аҳамиятга эга давлат деб атади. Бу ҳақда у Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида «Дунё» ахборот агентлигига берган интервюсида маълум қилди.
Сенаторнинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистон иқтисодиётни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида сезиларли ютуқларга эришган. Дейнснинг фикрича, бу ислоҳотлар Ўзбекистонни янада очиқ давлатга айлантириб, АҚШ ва бошқа мамлакатлар билан савдо, инвестиция ва шерикликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратган.
У икки томонлама муносабатлар ва С5+1 форматидаги ҳамкорликда эришилган салмоқли натижаларни қайд этди. Шу билан бирга, Дейнс Жексон–Веник тузатишида назарда тутилган ва АҚШ ҳамда Марказий Осиё ўртасидаги эркин савдога тўсқинлик қилаётган эскирган чекловларни бекор қилишни муҳим вазифа сифатида кўрсатди.
Сенатор Ўзбекистоннинг муҳим минерал ресурсларга бойлигини таъкидлаб, бу йўналишдаги ҳамкорлик янги инвестицияларни жалб қилиш ва таъминот занжирларини мустаҳкамлаш учун имконият яратишини билдирди. Дейнс, шунингдек, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида илғор технологиялар, хусусан, сунъий интеллект, квант технологиялари, фотоника ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, Америка компаниялари ва тадқиқот институтларининг Ўзбекистон технология сектори билан алоқаларини кучайтириш илмий тадқиқотлар, мутахассислар тайёрлаш ва юқори технологияли тармоқларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Дейнснинг маълум қилишича, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 1 миллиард доллардан ошган ва у инвестиция ва бошқа ҳамкорлик алоқалари келгусида ҳам ўсишда давом этишига ишонч билдирди. Сенатор Ўзбекистоннинг хорижий инвестициялар ва халқаро савдо учун очилиши нафақат мамлакатнинг ўзи, балки Марказий Осиё учун ҳам аҳамиятли эканини қайд этди. Унинг фикрича, эркин бозор тамойилларини ривожлантириш, хорижий сармояларни жалб қилиш ва халқаро савдони кенгайтириш Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциясини кучайтиради.

