АҚШнинг Сиетл шаҳри 1-сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб эълон қилди

АҚШнинг Сиетл шаҳри мери Кети Б. Уилсон 2026-йил 1-сентябрни расман “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги бош консули Аҳрор Бурҳонов “Дарё”га маълум қилди.
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан қабул қилинган. Сиетл мери томонидан имзоланган расмий прокламацияда Ўзбекистоннинг 35 йил давомида суверенитет, тараққиёт ва кенг кўламли трансформация йўлини босиб ўтгани алоҳида таъкидланган.
Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Сиетлда Бош консулхонаси фаолиятини йўлга қўйгани қайд этилиб, бунинг натижасида Сиетл Ўзбекистоннинг бевосита дипломатик ваколатхонаси мавжуд бўлган АҚШнинг саноқли шаҳарларидан бирига айлангани эътироф этилган.
Прокламацияда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга давлати ва минтақанинг жадал ривожланаётган иқтисодиётларидан бири экани, мамлакат очиқ бозорлар ва халқаро шерикликни кенгайтиришга интилаётгани қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг қадимий Ипак йўли марказида жойлашгани ва бугунги кунда 100 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга минтақага чиқиш имконини берувчи стратегик дарвоза сифатидаги ўрни таъкидланган. Сиетлнинг дунёга машҳур бизнес ҳамжамияти билан савдо, инвестиция, логистика, технологиялар ва энергетика соҳаларида катта ҳамкорлик имкониятлари мавжудлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Сиетл мери Ўзбекистон Бош консулхонасининг фаолияти икки томон ўртасида узоқ муддатли инсонлараро, бизнес ва ҳукуматлараро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этган.
“Сиетл шаҳрининг Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига кўрсатаётган бундай юксак эътибори биз учун катта шараф. Бу қарор нафақат байрамимизга ҳурмат, балки Ўзбекистон ва АҚШнинг Тинч океани шимоли-ғарбий минтақаси ўртасида шаклланаётган янги ва истиқболли муносабатларнинг яққол ифодасидир. Сиетлда Бош консулхонанинг очилиши билан биз бу дўстликни аниқ иқтисодий, технологик, таълимий ва маданий лойиҳаларга айлантиришни мақсад қилганмиз”, деди Аҳрор Бурҳонов.
Бурҳоновга кўра, 4-сентябр куни Сиетлда Ўзбекистон Республикасининг АҚШ Ғарбий соҳилидаги биринчи Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади. Тадбир Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланиб, унда Вашингтон штати ва Сиетл шаҳри раҳбарияти, дипломатик корпус, етакчи АҚШ компаниялари, академик доиралар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Сиетл АҚШнинг Тинч океани шимоли-ғарбий минтақасидаги энг йирик иқтисодий, технологик ва савдо марказларидан бири. Катта Сиетл минтақаси 4,1 миллиондан зиёд аҳолига эга бўлиб, унинг иқтисодиёти 2025-йилда қарийб 607 млрд АҚШ доллари ҳажмидаги ялпи ҳудудий маҳсулот яратган. Бу Вашингтон штати иқтисодиётининг асосий қисмини ташкил этади. Сиетл ва унинг атрофидаги шаҳарларда дунёнинг энг йирик компанияларидан Амазон ва Старбускс бош қароргоҳлари Сиетлда, Мисрософт, Состсо Вҳолесале, Т-Мобиле ва ПАССАР жойлашган. Шунингдек, минтақада Боеинг, Гоогле, Мета, Эхпедиа Гроуп ва Аласка Аирлинес каби глобал компаниялар катта фаолият юритади. Катта Сиетлдаги етакчи очиқ аксиядорлик компанияларининг жами даромади 1,5 трлн доллардан ошган.

