Дунё

Шароити оғир ҳудудларда яшаш мия саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкин – тадқиқот

Шароити оғир ҳудудларда яшаш мия саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкин – тадқиқот

Иқтисодий ва ижтимоий аҳволи оғир ҳудудларда яшаш мия саломатлигига зарар етказиши мумкин: энг ночор жойларда яшовчиларнинг мияси тезроқ “қараши”, унинг умумий ҳажми кичикроқ бўлиши ва қон томирларидаги шикастланишлар кўпроқ учраши аниқланган.

Шимолий Америка Радиология жамиятининг Радиологй журналида эълон қилинган янги тадқиқот одамлар яшайдиган ҳудуд уларнинг миясида из қолдириши мумкинлигини кўрсатди.

Тадқиқотчилар 18—96 ёш оралиғидаги қарийб 3000 нафар беморнинг бош мия МРТ тасвирларини таҳлил қилди. Натижалар ҳудудлараро қашшоқлик индекси (Ареа Деприватион Индех, АДИ) билан таққосланди. Ушбу индекс даромад, таълим, бандлик ва уй-жой шароитларига қараб ҳудудлардаги вазиятни баҳолайди.

Маълум бўлишича, энг ночор ҳудудлар аҳолиси миясининг ёши каттароқ, ҳажми эса бой ҳудудларда яшовчиларникига нисбатан кичикроқ бўлади.

“ Сиз яшайдиган жой миянгизда ўз изини қолдиради”, деди тадқиқот муаллифларидан бири Жон-Пол Ж. Ю. Унинг айтишича, инсонни ўраб турган муҳит миянинг ёши ва билвосита мия саломатлигига таъсир қилувчи омиллардан биридир.

Олинган маълумотлар одамларнинг туғилиб-ўсган, яшайдиган, ишлайдиган ва кексаядиган шароитлари уларнинг узоқ муддатли неврологик саломатлигига таъсир қилиши ҳақидаги далилларга яна бир қўшимча бўлди.

Бундан ташқари, тадқиқотчилар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан энг ноқулай ҳудудларда яшовчиларнинг миясида оқ моддадаги гиперинтенсив ўчоқлар ҳажми каттароқ эканини аниқлади. Бу МРТ тасвирларида яққол кўринадиган ва миянинг майда қон томирлари шикастланиши билан боғлиқ бўлган соҳалардир.

“ Оқ моддадаги гиперинтенсив ўчоқлар, аслида, миядаги юрак-қон томир шикастланишларининг изи”, деди Ю.

У юқори қон босими, ёмон уйқу ва сурункали стресс каби омиллар вақт ўтиши билан мияда қон айланишини бузиши мумкинлигини таъкидлади.

Шу сабабли, соғлиқни сақлаш чоралари ва давлат сиёсатини ишлаб чиқишда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ноқулайлигини ҳам инобатга олиш керак, деган хулосага келди Ю.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.