Сержио Гор навбатдаги АҚШ давлат котиби бўлиши мумкин — ОАВ
Манбалар Горнинг номзоди Трамп маъмуриятидаги бир нечта юқори лавозимга кўриб чиқилаётганини билдирди. Сержио Гор, Давлат департаменти ва Оқ уй бу хабарларга муносабат билдирди.

Сержио Гор навбатдаги АҚШ давлат котиби бўлиши мумкин — ОАВ
АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси Сержио Гор янги давлат котиби лавозимига кўтарилиши эҳтимоли бор.
Нашр ёзишича, Горнинг номзоди АҚШ президенти Доналд Трамп атрофида муҳокама қилинмоқда. Республикачиларнинг оралиқ сайловлардаги мағлубиятидан кейин у бир нечта юқори лавозимлар учун кўриб чиқилмоқда. Мумкин бўлган вариантлар орасида ҳозир Марко Рубио эгаллаб турган давлат котиби лавозими, Сюзи Уайлс ўрнидаги Оқ уй аппарати раҳбари лавозими, шунингдек, Кристофер Ландау ўрнидаги давлат котиби ўринбосари лавозими бор.
“У жамоатчилик олдида кўзга кўринарли рол ўйнамоқчи”, деди ички муҳокамалардан хабардор америкалик амалдор.
Давлат департаменти ва республикачи доиралардаги айримлар Марко Рубио 2028 ёки 2032-йилги президентлик сайловларида қатнашишга тайёргарлик кўриш учун маъмуриятни тарк этиши мумкин, деб ҳисоблайди. Сюзи Уайлснинг президент атрофидаги мавқейи ҳам беқарор деб баҳоланган. Сержио Горнинг ўзи эса янги лавозимга кўз тикаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этди.
“Бу мутлақо сафсата. Марко Рубио тарихдаги энг малакали, етук ва буюк давлат котиби эканини исботлади. Унинг ўрнини ҳеч ким босолмайди. У АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси сифатида бирга ишлаш шарафига муяссар бўлган қадрдон дўстимдир. Ҳеч қандай лавозимга қизиқмайман”, деди у.
Давлат департаменти ҳам Горннинг лавозими ошиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этди. Марко Рубионинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Дилан Жонсон бу хабарни “аноним манбаларга асосланган уйдирма” деб атади. Оқ уй вакили эса Гор бошқа лавозимга қизиқмаётганини, Рубио ва Уайлс эса “ўз ишларини аъло даражада бажараётгани”ни айтди.
Сержио Гор илгари Оқ уйнинг кадрлар сиёсати бошқармасига раҳбарлик қилган, у ерда минглаб давлат лавозимларига номзодларни танлаш ва текшириш учун масъул бўлган. У, шунингдек, 2024-йилги сайловларда Трамп штабида ва қарийб ўн йил давомида Капитолий тепалигида ишлаган.
2025-йил ноябрида у АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси этиб тайинланган. Шу билан бирга, у АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили сифатида ҳам фаолият юритмоқда.
Трамп билан бевосита алоқа ўрнатиш имконига эга бўлгани сабабли Гор хорижий давлатлар вакиллари билан, жумладан, Ҳиндистондан ташқарида ҳам музокараларда қатнашади.
“Президент уни яхши кўради. У Трамп ҳокимиятдан четда қолган йилларда ундан бирор нарса сўраш ўрнига, унга фойдали битимлар келтирган ягона шахс бўлган”, деди Трамп маслаҳатчиларидан бири.
Аввалроқ Марко Рубио унинг президент билан тўғридан тўғри мулоқот қила олишини Давлат департаменти ва мезбон мамлакат учун “улкан устунлик” деб атаган эди. Тҳе Вашингтон Сунънинг ёзишича, Гор Сенат тасдиғини талаб қиладиган Вазирлар маҳкамаси лавозимига тайинланиши мумкинми ёки йўқми, ҳозирча номаълум. У АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси лавозимига номзод сифатида кўриб чиқилганида Сенатдаги барча демократлар унинг тайинланишига қарши овоз берган.
Маълумот учун, АҚШда бўлиб ўтган оралиқ сайловларда демократлар Конгресснинг ҳар икки палатасида назоратни қўлга киритди. АҚШ президенти Доналд Трамп ва вице-президент Жей Ди Венс республикачилар мағлубиятини Эрон уруши билан боғлади.

