Сербия Президенти Мирзиёевга мамлакатнинг олий давлат орденини топширди. Видео

Сербия Президенти Мирзиёевга мамлакатнинг олий давлат орденини топширди. Видео
Президент Шавкат Мирзиёев Сербиянинг давлат мукофоти — I даражали Сербия Республикаси ордени билан тақдирланди. Ушбу мукофот унга икки мамлакат ўртасидаги тинчликсевар ҳамкорлик ва дўстона муносабатларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга қўшган алоҳида ҳиссаси учун берилди.
Тақдирлаш маросими Мирзиёевнинг Сербияга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Бундан аввал Белградда Ўзбекистон етакчисининг Сербия Президенти Александр Вучич билан расмий учрашуви бўлиб ўтган, шундан сўнг давлат раҳбарлари олий даражадаги музокараларга киришган эди.
Сербия Республикаси ордени мамлакатнинг олий давлат мукофотлари сирасига киради.
Икки давлат етакчилари саноат, савдо, транспорт, фармацевтика ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар. Музокаралар якунида томонлар 2026–2028 йилларда саноат шериклигини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилдилар ҳамда ҳаракатчанлик ва меҳнат миграцияси тўғрисидаги битимни имзоладилар.

