Маҳаллий

Сентабрда об-ҳаво қандай бўлади?

Ўзгидрометга кўра, бу йилги сентабрда об-ҳаво нисбатан қуруқ ва бироз илиқ бўлиб, ҳарорат иқлимий меъёрга яқин бўлади. Ой бошида кундузи +30…+37, жанубда +40 даражагача исиши кутилмоқда. Кейинчалик кечалари +10…+15, кундузлари +25…+30 даража атрофида бўлади. Ёғингарчилик меъёрдан кам бўлади.

**Сентабр ойида Ўзбекистонда об-ҳаво қандай бўлади?**

Ўзгидрометнинг маълумотларига кўра, жорий йилнинг сентабр ойи нисбатан қуруқ ва илиқ кечиши кутилмоқда, ҳарорат иқлимий меъёрга яқин бўлади.

**Ойнинг биринчи ўн кунлиги:**

Дастлабки ўн кунликда ҳаво асосан кам булутли бўлиб, қулай ҳарорат фонида қуруқ об-ҳаво ҳукм суради. Кечаси ва эрта тонгда ҳаво ҳарорати +15…+20 даража атрофида бўлиб, ёқимли салқинлик сезилади. Кундуз кунлари эса қуёш нурлари таъсирида ҳаво +30…+35 даражагача, айрим кунларда ҳатто +37 даражагача исиши мумкин. Республиканинг жанубий ҳудудларида энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати +38…+40 даражагача кўтарилиши эҳтимоли бор.

**Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликлари:**

Бу даврда нисбатан барқарор ҳарорат фони шаклланиши кутилмоқда. Кечалари ҳаво ҳарорати асосан +10…+15 даража, кундуз кунлари эса +25…+30 даража бўлиши прогноз қилинмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, айрим қисқа муддатларда ҳаво ҳароратининг ҳам кўтарилиши, ҳам пасайиши кузатилиши мумкин.

**Ёғингарчилик:**

Сентабр давомида 1-3 кун давомида бироз жадалликдаги ёмғирлар ёғиши эҳтимоли бор. Республиканинг жанубий ҳудудларида сентабрда ёмғир ёғиш эҳтимоли жуда кам.

Республика ҳудудининг катта қисмида ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши, Фарғона водийсининг айрим жойларида меъёр атрофида кузатилиши, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса ёғингарчилик миқдори меъёрдан кўп ёки меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

**"Бахмал мавсум":**

Ўзбекистонда сентабр об-ҳаво шароити кўпинча юмшоқ ҳарорат фонида бўлиши билан ажралиб туради ва айрим жиҳатлари билан ёз фаслига хос хусусиятларни сақлаб қолади. Эрталабки тетиклантирувчи салқинлик, илиқ, аммо ҳаддан ташқари иссиқ бўлмаган кунлар сентабрдаги об-ҳаво шароитларини мамлакат аҳолиси ва меҳмонлари учун айниқса қулай қилади. Синоптикларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сентабр ойини "бахмал мавсум" деб аташади.

**Тарихий маълумотлар:**

Кўп йиллик метеорологик кузатувлар шуни кўрсатадики, айрим йилларда сентабр ойининг энг охирларида ҳавода илк совуқлар қайд этилган. Бироқ ХХИ асрда бундай ҳолатлар кузатилмаган.

Сўнгги 50 йил ичидаги энг совуқ (меъёрдан 2-3,5 даража паст) сентабр ойлари 1992 ва 1994-йилларда қайд этилган. Энг илиқ сентабр ойлари эса (меъёрдан 1,5-3,5 даража юқори) 2013, 2016, 2021, 2022 ва 2025-йилларда кузатилган. Мутахассисларга кўра, мазкур ҳолат ушбу асрда кузатилаётган глобал исиш тенденсиясига мос келади.

Ўзбекистонда сентабр – йилнинг энг қуруқ ойларидан бири. Иқлимий маълумотларга кўра, ушбу ойда ёғингарчилик миқдори июл ва август ойларига нисбатан бироз кўпроқ бўлиб, текислик ҳудудларда 1-5 мм ни, тоғларга яқин ҳудудларда эса 6-10 мм ни ташкил этади. Айрим тоғли ҳудудларда ёғингарчилик миқдори 15-30 мм гача етиши мумкин.

Сентабр ойида ёмғирлар кам ёғади – одатда, ой давомида 1 мартадан 4 мартагача ёмғир кузатилади. Айрим йилларда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёки бутун республика бўйича сентабр ойида умуман ёмғир ёғмаган ёки ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрнинг 10 фоизидан ошмаган ҳолатлар ҳам кузатилган.

Шу билан бирга, метеорологик кузатувлар тарихида айрим ҳудудларда бир ой давомида атиги 1-2 марта ёғган ёмғир ҳисобига ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрдан сезиларли даражада ошган, айрим ҳолларда эса меъёридан бир неча баробар кўп бўлган ҳолатлар ҳам қайд этилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.