Лайфстайл

“Сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…” лойиҳасининг 12 меҳмонидан китоблар тавсияси

8-сентабр — Халқаро саводхонлик куни. Газета сана муносабати билан ъСенинг ёшлигинг менда бўлсайди…ъ лойиҳаси меҳмонларининг ёшлик йилларида дунёқарашини ўзгартирган ҳамда ҳаёт йўлини белгилашда муҳим ўрин тутган китоблар ҳақида ҳикоя қилади.

“Сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…” лойиҳасининг 12 меҳмонидан китоб тавсиялари

Газета ёшларга тавсия берувчи “Сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…” лойиҳасини бир йилдан буён эътиборингизга ҳавола қилиб келмоқда. Яқинда унинг 12-сони ёзиб олинди. Лойиҳада эл-юрт орасида ҳурмат қозонган кишилар — педагог, олима, сиёсацҳунос, тадбиркор, ношир ҳамда молиячилар ўз ёшлигини эслаб, бугунги замон нуқтаи назаридан ёшларга маслаҳатлар бериб борди.

8 сьентябр — “Халқаро саводхонлик куни” муносабати билан лойиҳадаги “Ёшлигингизда ҳаётингизга таъсир қилган учта китоб” саволига меҳмонларнинг жавобларини бир саҳифада жамлашга қарор қилдик.

Китоб ўқиш одатини шакллантирмоқчи бўлган киши аввало ўзига ёққан мавзу ёки қизиқтирган китобдан бошласин, дейилади. Биринчи китоб — Худойберди Тўхтабоевнинг “Ширин Қовунлар мамлакати ёхуд сеҳргарлар жанги” асари. Гарчи уни болалигимда ўқиган бўлсам ҳам, мутолаага муҳаббатимни уйғотган асар бўлгани учун уни тилга олишни лозим топдим.

Иккинчиси — шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ҳадис ва ҳаёт” тўплами. Уни ҳали нашр қилинмасидан олдин ўқиганман. Ливияда яшаётган пайтимиз ҳазратимиз бу китобни ёзаётган эдилар. Олийгоҳдаги ўқишни тугатиш арафасида эдим, китобнинг “Жаноза” ва бошқа бобларини бериб, текшириб чиқишимни сўраганлар. “Жаноза” бобидаги шараф билан ҳаётдан кўз юмганлар ҳақидаги қиссалар ва хулосаларни йиғлаб ўқиганман.

Ичида айрим саҳобаларнинг ҳаётидан намуналар бор эди. Уларнинг яшашдан мақсади, шарафли умр кечиргани, айниқса, умрларининг хотимаси гўзал бўлгани эътиборимни тортган. Ўша таъсирланган ҳолатим билан ҳар гал эсласам, инсон ҳақиқатан ҳаёти нима билан якун топишига катта эътибор бериши керак, деб ўйлайвераман. Шунинг учун ҳам ишларнинг энг гўзал қисми — хотима, дейилади. Қачонки у яхшилик билан тугаса, демак, бутун умрингиз гўзал ўтибди. Аксинча бўлса, Аллоҳ кўрсатмасин, бу инсон учун жуда катта йўқотиш ҳисобланади.

Учинчиси — Имом Бутий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Мин ал-фикр вал-қалб” (“Фикр ва қалбдан”) китоби. Имом Бутий ҳаётликларида ҳам ватанга садоқатлари билан кўпчиликка намуна бўлган, катта олимлардан эди. Ёзган китоблари ҳам Ислом оламида катта шуҳрат қозонган. “Фикр ва қалбдан” китобидаги айрим мавзулар ақлий, айримлари эса ҳиссий. Ундан инсондаги энг кучли жиҳатлардан бўлган ақл ва ҳиссиётни қандай бошқариш, улар орасидаги мувозанат ва алоқадор долзарб мавзуларни билиб оласиз.

Бу китобни ҳазратнинг тавсиялари билан ўқиб, жуда таъсирланганман. Ҳозиргача ўқиган китобларим ичида энг қизиққаним, энг яхши кўрганим, деб айта оламан. Айниқса, ундаги муаллифнинг ўз рафиқасига битган “Амира” номли марсияси Ислом дини, Ислом кишиси, аҳли илм аёлни қанчалик улуғлаши ва қадрлашига катта намуна бўла олади десак, хато бўлмайди.

Маълум ҳолатларда муҳим рол ўйнаган китоблар ҳам бўлади. Мустақиллик пайтида 8-синфда ўқирдим. Дадам “Минг бир ҳадис” китоби чиққанда олиб келган эдилар. Уни ўқиб, биринчи марта дин ва урф-одатимиз бошқа-бошқа нарса эканини тушунганман.

Жамиятимизда одатга кўра, ота-она кимни маъқул кўрса, қиз бола шунга турмушга чиқиши керак деган қараш бор. Ўша китобда турмушга чиқишда қиз фарзанднинг розилиги шартлиги айтилган эди. Шунда “демак, дин билан урф-одат бошқа-бошқа экан-да, динда бунақа нарса бор экан-да” деган хулоса пайдо бўлган ва бу ўзимни танишим, йўлимни танлашимга сабаб бўлган китоб деб айтиш мумкин.

Кейингиси — Абдуқодир Жилонийнинг “Раббонийликни англаш ва раҳмоний файзни қозониш” китоби. Абдуқодир Жилоний шайх, илми ва эътиқоди жуда кучли инсон бўлган. Ҳар жума намозида қилган маърузалари шогирдлари томонидан йиғилиб ёзилган экан. 2010-йилда чиққан бўлса ҳам, ҳануз қайта-қайта ўқийман. Унинг ҳар бир гапини афоризм қилиш мумкин.

Қолаверса, китобдан ташқари инсон ҳаётида йўлини белгилашга сабаб бўладиган одамлар ҳам бўлади. Менинг ҳам икки устозим бор эди. Аллоҳ раҳмат қилсин, икковлари ҳам оламдан ўтишди. Биттаси илмий раҳбарим Азиз Жўраев. Соҳамни танлашимда ҳиссалари катта, қолаверса, қандай тадқиқотчи бўлиш кераклигини шу инсонга қараб ўрганганман. Илм борасида ҳам, пул борасида ҳам ўта ҳалол инсон эдилар.

Адашмасам, 2000–2004-йилларда “Озодлик” радиосининг Тошкентдаги штаб-квартираси директори бўлганлар. Ўшанда университетдан кетишларига ректор қарши бўлган. “Йўқ, ойлигим етмаяпти” десалар, “хоҳласанг, ъприёмъдан пул қилиб берамиз” деган. Устоз “мен нонимни ҳалол топиб ўрганганман”, деб кетганлар. Шу даражада ҳалол эдиларки, ўзим хоҳлаганча, кўнглимдан чиқариб, совға ҳам бера олмасдим. Уларнинг илмга, талабаларга ва жамиятга муносабатлари менинг ҳаёт тамойилларим шаклланишида муҳим рол ўйнаган.

Мени биринчи мутахассислик соҳасига, касбимга олиб кирган инсон эса Абдумажид Пўлатов бўладилар. Магистратурани энди битирган пайтимда ишга олганлар. Улар мен шу пайтгача кўрган олимлардан соддалиги ва талабаларга, ёш авлодга ўзини яқин тутишлари билан ажралиб турарди. Ҳар доим руҳияти баланд, ҳазил қилиб гапирадиган, ўта оптимист инсон эдилар. Мен уларга қараб, “ҳа, демак, менинг кўнглим мойил бўлган нарсалар унчалик хато эмас экан” деган хулосага келганман.

Назаримда, одам ўзлигини топиб олишида китобдан кўра шундай шахслар муҳимроқ рол ўйнайди.

Агар ёшлигимизни олсак, Дейл Карнегининг “Одамларга таъсир кўрсатиш ва дўст орттириш санъати” китоби (Ҳов то вин фриендс анд инфлуенсе пеопле) таъсир қилган. Унгача мен интроверт бўлиб, одамлар билан гаплашмай юрардим. Шу китобдан кейин гаплашишни бошлаганман.

Ойбекнинг “Болалик” асари ҳам таъсир қилган. 45-йиллардаги оғир қийинчиликлар ҳақида ўқиб, ўзимнинг ҳаётимга анча шукур қилганман.

7-синфдан кейин бирданига кўп китоб ўқий бошлаганман. Ўзбек классикасининг “Юлдузли тунлар”идан тортиб, “Ўткан кунлар”гача, “Граф Монте Кристо”дан тортиб, “Ёлғизликнинг юз йили”, “Ошкора қотиллик қиссаси”гача. Шунақа давр ҳам бўлганки, отамнинг жаҳли чиқиб, “Фақат китоб ўқиб ётаверасанми, ишларни ким қилади?” деб танбеҳ берганларини ҳам эслайман. Шунинг учун алоҳида учта китоб ҳам йўқ.

Ёш пайтингизда қандай китоб ўқишни жамият белгилайди. Кўпчилик атрофдаги китобхонлар айтган, кўрсатган йўналиш бўйича ихтиёрий ёки ғайриихтиёрий тарзда ўша китобларни ўқийди. Масалан, ўзбек классикасини ҳаммамиз мақтаймиз, ўқилади. Кейин аста-секин сиз шахсият бўлиб, ўзингиз китоб танлай бошлайсиз. Ва қайси китоб сизники эмаслиги, вақтингизга арзимаслигини билиб борасиз.

Жамият эмас, ўзингиз китоб танлашни ва шундан ҳузур олишни бошлаган даврингиз бошқача бўлади. Мана шу нуқтага келганингизда сизни профессионал китобхон дейиш мумкин. Энди одамлар қандай китоб ўқийлик деб, сизни эшита бошлайди. Ёшларга мана шу нуқтани қидиринглар десак, менинг назаримда, тўғри бўлади.

Ёшликда шаклланиш даврида қандай бўлиш керак, ўзи мен кимман, нимани ёқтираман, нима ёқтирмайман, ўзимни қандай тутишим керак, деб кўп ўйлардим. Ва, афсуски, сизларникига ўхшаш кўрсатувлар ҳам бўлмаган. Ҳаётда ўзини топган инсонлар ҳақида маълумотлар кам бўлган.

Ёшлигимда энг таъсир қилган китоб — ўзбек халқ мақоллари жамланган китоб бўлган. Адашмасам, икки томли эди, шуни кўп ўқирдим. У мақоллар орқали ўзбек менталитети, дунёқарашини ўрганишга ҳаракат қилардим. Мақолларимизда бизнинг асрлар давомида йиғилган ҳаётий тажриба ётади ва ахлоқ қандай бўлиши кераклиги ҳам ифодалаб кетиларди.

Иккинчи китоб — Кайковуснинг ўғлига ёзган мактубларидан иборат “Қобуснома” асари. Тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бу китоб инсон қандай бўлиши керак деган саволимга жавоб олишга ёрдам берган.

Учинчиси — шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламларига мансуб “Ҳадис ва Ҳаёт” тўпламининг 19-жузи бўлган “Оламларга раҳмат пайғамбар” эди. Унда пайғамбаримиз сийратлари, тарихлари жуда яхши ёритилган. Албатта, бундан таъсирланмаслик, уларнинг ҳаётидан сабоқ олмасликнинг иложи йўқ.

Чунки пайғамбаримизнинг ҳаётлари давомида кўрмаган қийинчиликлари қолмаган. Ҳар биримиз ҳаётимизда қандайдир қийинчилик кўраётган бўлсак, шуларнинг ҳаммаси пайғамбаримизнинг бошларидан ҳам ўтган. Уларнинг атрофидагилар, саҳобалар, аёллар ўзини қандай тутгани, мана шу вазиятларда қандай чиққани ҳам ҳаммамизга ўрнак бўлади.

Битта китоб бор — “Кичкина шаҳзода”. Мен уни ҳар беш йилда ўқийман ва ҳар сафар бошқача тушунаман. Таъсир ҳар доим турлича бўлади. Тадбиркор бўлишимга Теодор Драйзернинг “Молиячи”, Достоевскийнинг китоблари таъсир қилган. Ўзимни топа олишимга Румийнинг “Ичингдаги ичингдадир” китоби сабаб бўлган. Бизнесда ҳам ҳар бир даражада ўз китоблари бор. Кўп ўқисангиз, топа оласиз. Кимгадир 20 ёшда, кимгадир 30 ёшда, кимгадир 40 ёшда ўқиладиган китоблар бўлади.

Лекин айнан битта китобни ўқисам, бўлди, ҳаётим ўзгариб кетади деган нарса йўқ. Айтайлик, тушкунликка тушаётган пайтимда, қарз бўлиб қолганимда “Тарихи Муҳаммадий”ни ўқиганман. Бу китоб одамни шунақа позитив қилиб юборади, уни ўқийсиз-да, вой, юрибмиз экан-ку, қорнимиз тўқ, ота-онамиз тирик, мени ҳеч ким ўлдирмоқчи эмас, эртадан кечгача менга қаршиликлар йўқ, дейсиз. Лекин бу китобни тушкунликка тушмаган пайтларингизда, шунчаки мутолаа учун оддий ўқиб қўйсангиз, сизга бир ҳикоядек туйилиши мумкин.

Шу пайтгача 500 дан кўп китоб ўқиган бўлсам керак. Ҳар бири қандайдир из қолдиради. Битта сўз ҳам из қолдириши мумкин. Достоевский, Ницше, Кантлар бизнинг пайтларда ўзбек тилига таржима қилинмагани боис рус тилида ўқиганмиз. Ҳам шарқий, ҳам ғарбий фалсафани ўқиб бораверганмиз. Психологиядан Милтон Эриксон, Виржиния Сатир, Фрейд, Адлер ва ҳоказолар таъсир қилган. Улар ҳануз бизга таржима қилинмаган. Ёшларнинг кўпи инглиз тилини билади, бевосита ўқиса бўлади.

Бизда ҳозир шунақа психологлар чиқиб қолган-ку, “сенинг муаммоларинг сени айбинг эмас, ота-онангнинг айби” деб, кимнидир айбдор қилиб қўяди. Фрейд ҳам шунақароқ фалсафа юритади. Лекин Адлер ҳамма муаммоларинг ўзингники, ҳаёт сеники, ҳаммаси ўзингнинг қўлингда, уларни ўзгартиришинг мумкин, деган фалсафани беради. Одам ўз-ўзини ўрганиб, ҳаётини ўзгартириб олса бўлади. Қалбни эса Худо билан робита қилиши керак. Ҳамма нарса Ўзининг қўлида. Шунинг учун фақат китоб ва битта китоб ҳаётингизга таъсир қилиб қолмайди.

Ёшлар шундоқ Амазонъга кириб, топ 50 та китобни танлаб ўқиши мумкин. Лекин кўпчилик битта хато қилиб қўяди: бир нечта китобни бир пайтда бошлайди. Биттасини олиб, кичкина қадамлар билан, бугун беш варақ, эртага етти варақ ўқидим, мен “молодец”ман, бугун 10 варағини ўқидим, бориб битта лаваш ейман, 20 вараққа ўцам, ўзим яхши кўрган ширинлигимни оламан, деб ўзини рағбатлантириб ўқиб борса, дунёнинг китоби бўлиб кетади. Бугун кечаги кундан зўр бўлсангиз, ўзингизга битта рағбат олишингиз керак. Кечаги куннинг ҳаётини такрорласангиз, бирор нарсадан бироз бўлса ҳам маза қилишга ҳаққингиз йўқ.

Мени китоб ўқишга Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асари қизиқтирган. Тили шунақа тушунарли, енгил эдики, ундаги иборалар, бирикмалар ака-опаларим билан сўзлашувимизга қўшилганди. Кейин ёзувчининг ҳамма асарларини ўқиб чиққанман.

Саргузаштларга ташна болалик даврим ўтгач, ўсмирлигимда “Одам бўлиш қийин” қаттиқ таъсир қилган. Шундоқ бошлаб, кечаси билан ухламасдан, кўзимни узолмай ўқиб тугатганман.

Ўзи шунақа бир давр бўлади: қизиқиб тинмай ўқийсан, кейин нимадир сабаб бўлиб сал узоқлашиб қоласан. Тошкентга ўқишга келдим. Кутубхонамиз Қўқонда қолди. Амалиётда бир жойга ўтиришнинг ўзи қийин, рақсга борамиз, югурамиз, пантомимага кирамиз, қиличбозликка борамиз, тапир-тупур, югур-югур билан озгина камроқ ўқидим.

Дарсликдаги песаларни тугата олсак ҳам катта нарса эди. Ўзбек, рус, чет эл адабиёти, яна шу учта адабиёт тарихи, ўз даврига мос песалари билан ҳар бир фандан 80–100 та китоб ўқишга тўғри келарди. Шунинг учун ўзим танлаб бадиий китобларга интилмай қолганман.

Турмушга чиқдим, уйда кутубхона бор экан. Санъат Маҳмудова, Бекмирза Маҳмудов каби ёзувчи-журналистлар оиласига келин бўлиб тушганман. Ҳамма ўқиган китобларини териб қўйишаркан. Шу ерда Жорж Сандни кашф қилдим. Унинг кичкина китоби йўқ, ҳаммаси том-том, оғир, қалин эди, сумкамга солсам, ёнимдагилар “намунча оғир” дейишарди. Метрода, автобусда, қаерда бироз бўш бўлиб қолсам, шуни ўқийверардим.

Жорж Санд менга романтик адабиётни очди. Кейин Гюго, Дюмага уланиб кетди. Унгача ўзбек, бошқа қардош адабиётлар, араб, турк халқлари адабиётининг кўпини ўқиб бўлганим учун Ғарб адабиётига кириб кетдим. Кўп яхши асарларни кашф қилдим.

Кейин афғон ёзувчиси Холид Ҳусайнийнинг “Шамол ортидан югуриб”и қўлимга тушиб қолди.

Биринчи марта Афғонистон, унинг таназзули ҳақида афғон одамнинг ўзи ёзган асарни ўқишим эди.

Четдан ёзган киши қанчалик ҳаракат қилмасин, ўзига мослаб талқин қилади. Совет даврида афғон уруши бўлганда Афғонистон унақа экан, афғонлар бунақа экан, ёмон экан, деган гапларни эшитардик. Кейинчалик бу тафаккурим 180 градусга ўзгарди. Улар ўз ватанини ҳимоя қилгани, советлар эса босқинчи бўлганини англадим.

Шунинг учун ҳам афғон ёзувчисининг ўзи ёзганини ўқиб маза қилдим. Чунки у ўз ватани ва халқи ҳақида тўғри ёзади деб ўйладим. Яхши тарафларини ҳам тан олиб, ёмонларини ҳам яширмаган экан. Холислиги учун ҳурматим ошиб, бошқа асарларини ҳам ўқиб чиқдим. Ёшлигимни шу асарлар билан эслайман.

Аслида фикрлаш учун доим ўқиш керак. Зиёли инсон бекорга зиёли дейилмайди. Унинг қалбида, фикрида, кўзида нур бўлади. Ўша нур орқали жамиятни, унинг иллатларини ёритади. Унинг одамларга айтадиган дарди, гапи, ўзининг фуқаролик позицияси бўлади. Ҳар қандай ижодкор ўзининг ортидан одамларни эргаштириб кета олиши керак. Улар ўз жамияти, бошқа соҳалардагилардан ўн карра юқори туриши керак.

Сен актёр сифатида ўзингнинг томошабинингдан кўра кўпроқ китоб ўқимаган бўлсанг ёки таълим бераётган ўқитувчи ўзининг талабасидан кўра кўпроқ нарсани билмаса, аста-секин таназзул бошланади. Ҳаёт ҳақида ўйлайдиган, китоб ёзадиган, шеър ёзадиган ёки мусиқадан маза қиладиган инсонлар яхшиям бор, ўшалар бу ҳаётни қутқариб турибди, дейман.

Нима учун баъзи одамлар китобни маза қилиб ўқийди, баъзилари дарров ухлаб ёки зерикиб қолади? Китоб ўқиш тасаввурга боғлиқ.

Тасаввуринг бўлса, сен китобда ҳарфлар бирикмасини эмас, ўша сўз ва гаплар орқали пайдо бўлган воқеани кўрасан.

Ёзувчи айтаётган ҳамма нарса кўз олдингдан кинодек ўтади. Тасаввуринг камбағал бўлса, фақат ҳарфларни кўрасан.

Аслида ўша тасаввур пайдо бўлиши, кучли бўлиши учун ҳам ўқиш керак. Бирдан зўр бўлиб кетмайсан. Сен ўқийвер, ўқийвер, ўнта китобни ўқигандан кейин ўзинг ҳайрон қоласан. Масалан, туғилганингдан кейин юриш сенга зарурат бўлгани, бир умр юрмасдан ўтиролмаганинг учун юриб кетгансан. Шу сабаб бу жараён оғир туйилмаган. Агар китоб ўқиш, билим олиш ҳам заруратга айланса, уни бажариш қийин туйилмайди, аксинча, ҳаётингнинг ажралмас бўлагига айланади.

Ҳаётимга таъсир қилган китоблар ёшлигимда эмас, сал каттароқ бўлгандан етиб келган. Болалигимда биринчи бўлиб “Расмларда Ватан тарихи” китоби мени ҳайратлантирганди. Иккинчи ёки учинчи синфлигимда дўкондан сотиб олганман. Тўмарис, Широқ, Спитамен, Муқанна ҳақидаги ҳикоялар расмларда акс этган. Широқнинг жанги, Спитаменнинг курашганлари тасвирларда кўрсатилган. Шу китоб мени тарихий асарларга қизиқтирган. Тарихимиз шунда бўлган экан-да деб, Аштархонийлар, Сосонийлар, Сомонийлар, Манғитлар ва, албатта, Темурийларга қизиқиб, ўқиб чиққанман.

Иккинчиси — Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асари. Мен токи шу китоб қўлимга тушмагунча фақат эртак китоб ўқиганман. Бошланғич синфларда болаларга катта китоб ўқиш мумкин эмас деб ўйлардим. Лекин уйимизда жуда кўп китоб бўлган, уларни олиб, бир варақдан нарига ўтолмай, яна эртакларга ўтиб кетардим. Бир куни “Сариқ девни миниб” қўлимга тушиб қолди-да, тўхтамай ўқиб кетдим. Шундай қилиб, бу асар бадиий китобларга йўл очиб берди.

Ёшлигимда менга жуда таъсир қилган учинчи китоб — Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романи эди. Адашмасам, юқори синфларга ўтганимда мутолаа қилганман. Тушунишим қийин бўлгани учун ҳар бир варағини уч мартадан ўқирдим. Ўшанда қазойи қадар, ҳатто ҳозирги ўзбек жаргонида ҳам деярли ишлатилмайдиган сўзлардан фойдаланганини кўриб, ҳайратим ошган. Бунинг учун таржимонга ҳам алоҳида раҳмат айтишим керак (рус тилидан Асил Рашидов таржимаси — таҳр.).

Инсоннинг хаёлини китобга тушириш мумкинлигини Чингиз Айтматов, Достоевский орқали билганман. Бизнинг катта ёзувчиларимиз ўз асарларини диалог устига қуради, ҳаёт тарзи, қаҳрамонлар ким билан гаплашгани ёки замон, зайл каби ҳолатлар ёритилади.

“Асрга татигулик кун”да эса умуман ўша пайтдаги мафкура, ўша пайтдаги тизимни четга суриб қўйиб, инсон омили, инсон фикрининг китобга туширилиши мени жуда лол қолдирган. Ўзи кичкина бир овул ҳақида ёзилган. Казангапнинг қабрга олиб борилиши, у жойда ракета қуриладиган бўлгани ва бошқа саҳналарда хаёлни шунчалик қизиқ, одамлар ўқийдиган асарга тушириш мумкинлигини кўрганман.

“Асрга татигулик” кун — китобларни танлаб ўқишни ўргатган асар. Унгача қўлимга тушган китобни ўқирдим. Ушбу романдан кейин кутубхонада чет эл ёзувчисининг эскириб, титилиб кетган асарларини танлашни бошладим. Кейинчалик ёшим катта бўла боргач, бу масалада янада дақиқ бўлиб бордим.

Менда бундай саноқли китоблар бўлмаган ва ёмон гумоним борки, қайсидир китобдан кейин нимадир бутунлай ўзгариб қолмайди. Лекин ҳар битта китобдан кейин, албатта, ўзгариш бўлади. Фақат ҳаётингизга таъсир қиладиган даражада эмас. Битта китоб сизни озгина ўзгартиради, кейинги китоб яна озгина, кейингиси яна бироз ва уларнинг жамланмаси сизнинг ҳаётингиз, кимлигингиз, шахсингиз, қабул қиладиган қарорларингизга таъсир қилади.

“Битта асар одамни ўзгартиради, лекин ўша битта ўзгартирадиганини топиш учун юзлаб китоб ўқишинг керак”, деган қараш ҳам бор. Менинг мулоҳазам сал бошқачароқ: битта асар ўзгартирмайди, 100 та китоб ўқиб, 101-сига келганда олдингиларидан битта-битталаб тўпланган тажрибаларнинг натижаси сезилиши мумкин.

Одам бировни ҳис қила олиши, адолат ҳисси ичида бўлиши учун ҳам барибир кўп китоб ўқиган бўлиши керак. Илоҳий бўлмаган, одамлар томонидан яратилгану, кимнидир лоп этиб ўзгариб қўядиган китоблар борлигига ишонмайман. Мактаб даврида узоқ таъсирланиб юрган китобларим сифатида Франс Кафканинг “Жазо колониясида”, “Эврилиш”, Габриел Гарсиа Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси” асарларини айтишим мумкин.

Болалик, ёшлик чоғларимда бирин-кетин қўлимга тушган китобларни ўқиб кетаверганман. Биринчи ўқиган катта асарим Парда Турсуннинг “Ўқитувчи” романи бўлган. Уч кун ўқиганман. Кейин каттароқ асарим Георгий Тушканнинг қирғизлар ҳақидаги “Жўра” романи эди. Сўнг Саид Аҳмаднинг “Уфқ”ини ўқигандим.

Ўзимча катта асарлардан бошлаб олган эдим. Ҳикоялар тез тугаб қоларди-да, кейин яна янги ҳикоя бошланганда, яна янги персонажга кириш менга ёқмасди. Битта романнинг ичида узоқроқ яшагим келарди. Икки-уч бет қолганда тугатгим келмай, бир-икки кун ёпиб қўйиб, ўйлаб олардим-да, кейин ўқирдим. Ва ҳар битта китобдан майда-майда нимадир олганман.

Менга энг қаттиқ таъсир қилган, яхши кўрган китобларимдан биттаси — “Кичкина шаҳзода”. “Кичкина шаҳзода” инсонлараро муносабатларни яхшироқ тушуниш, дўст топиш, дўстни асраб-авайлаш нақадар муҳимлигини англашга ёрдам берган.

Ўзи ўқувчиларимга ўқитадиган китобларим ўнталиги бор: “Ўткан кунлар”, “Темир хотин”, “Пуанкаре” ҳикояси, “Кичкина шаҳзода”, Азиз Несиннинг “Даҳшатли туш”, “Минг марта шукур”, “Агарда” ҳикоялари, Шукур Холмирзаевнинг “Устоз” ҳикояси ва Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романи. Яъни болалар таҳлил қила олсин, у ким, қайси миллатнинг вакили, ўзбек сифатида нима қилиш, қайси қадриятларни сақлаб қолиши керак. Тўғри, ўзбек сифатида қабул қилиб бўлмайдиган, ўзгартириш керак бўлган стереотиплар ҳам бор. Лекин бир миллат сифатида сақлаб қолиш керак бўлган анъаналар ҳам бор.

Яхши кўрган китобларимдан яна бири — Эркин Аъзам қаламига мансуб “Отойининг туғилган йили” асари. Уни менга бакалаврда ўқиётган пайтимда устозим Дилмурод Қуронов “ўқиб кўринг” деб берган эдилар.

Бу — шартакилик қиссаси.

Ҳамма нарсани шартта-шартта айтиб қўядиган ва бунинг ортидан бошига бало бўладиган, муаммолар келтириб берадиган Асқар деган бола ҳақида.

Устозим, эҳтимол, мана шу Асқарга ўхшаб қийналиб юраман, деган хулоса қилишим учун бергандирлар. Лекин у менга бошқача таъсир қилди. Яъни табиати қанча ёмон бўлмасин, ҳамма нарсани шартакилик билан айтмасин, одамлар билан муросага келишга ҳаракат қилмасдан, ўз фикрини ўтказишга уриниб қийналиб юрмасин, охир-оқибат уни борича қабул қила оладиган Рахшона деган қизни топади.

Гарчи ҳозир шартакилик қилаётган бўлсам ҳам, айтайлик, ҳақиқатни одамларнинг юзига айтиб қўйиб, ўзимга душман орттираётган бўлсам ҳам, кўпчилик мени ёқтирмаса ҳам, бир куни мени шу боримча, шу табиатим билан қабул қиладиган одам учратар эканман-ку, деган хулосага келганман.

Дадам раҳматли “Гап нима ўқишда эмас, ундан қанақа хулоса қилишда” деб айтардилар. Ва ўқувчиларимга ҳар доим асарлар бўйича ёздирсам, асардан қанақа хулоса чиқардинг деган саволни бераман. Учта, бештагача хулоса ёзишади. Китоб сизга яхши хулосалар бериши, ичингиздаги саволларингизга жавоб бера олиши ёки, аксинча, сиздаги саволларни йўқотиши керак.

Оғир бир пайтларни бошимдан ўтказганимда Дейл Карнегининг психологик китобларини ўқиганман. Тушкунликдан чиқиш, тик туриш ва сабр-тоқатга ўргатган. Иккинчиси — дадам раҳматлидан олиб кетган китобим “Ҳикматлар гулдастаси”. Дадам буни ёшлигида олиб юрган эканлар-да, менга васият қилиб ташлаб кетган эканлар. Европадаги ўқиш, иш фаолиятимда доим мен билан юрарди. Унинг ичида бутун ҳаёт бор эди. Демак, шундай бир олимлар, файласуфлар шунақа деб кетган экан, деб ўзимга жуда кўп нарса олганман, кейинги ҳаётимда ҳар биридан фойдаланганман.

Учинчи — АҚШ собиқ президенти Билл Клинтоннинг “Менинг ҳаётим” китоби. Унда Клинтон бутун ҳаётини ёзиб чиққан. Ўшанда Финляндияда эдим ва мен ҳам китоб ёзаман деб бир саҳифа очиб, худди шу номда ёзишни бошлагандим. У китобда ёшлигим, университетга кирганимдан бугунги ҳаётимгача бўлган ҳамма нарса: қоқилиш-у туриш, яхшилик-у ёмонлик, хиёнат-у садоқатларни баён қилиб боряпман.

Кейинчалик Ислом тарихига оид китобларни ўқишни бошладим. Улар ҳам тафаккуримни ўзгартиряпти. Пайғамбарларга ҳам тўсиқлар бўлган, уларга ҳам қарама-қаршиликлар бўлган, лекин мен оддий инсонман-ку, демак, буларга оддий нарса деб қарашим керак экан, деган фикр пайдо бўлди. Бу хулоса сизга ҳаётингиздаги ҳамма тўсиқлардан ўтишда ёрдам беради.

Суҳбат 9 сьентябр куни ЁуТубе саҳифамизда эълон қилинади.

Китобларни ажратиб олиш мен учун жуда мураккаб. Болалик, ўсмирлик ва ёшликда уларнинг тури ҳам, жанри ҳам фарқланади. Шулардан келиб чиққан ҳолда айцам, биринчиси — Шукруллонинг “Кафансиз кўмилганлар” асари. Иккинчиси — Александр Солженициннинг “Гулаг архипелаги” (“Архипелаг ГУЛАГ”) асари. Бу жудаям оғир, ичидаги ҳамма воқеалар ҳаётий, ҳеч нарса ўйлаб топилмаган китоб. Эҳтимол, уни ўқиш учун одам руҳан жуда кучли бўлиши керакдир.

Шунақа асарлар бўлади, бир-икки бетини ўқийсиз-да, ўзингизда руҳий куч тополмасдан ёпиб қўясиз, икки-уч йил ўтиб, ҳаётнинг турли жабҳаларида чархланиб, оғир-енгилини кўрганингиздан кейин ўша китобни ўқишда ўзингизда куч топа оласиз. Юқоридагиларнинг иккиси ҳам шундай асарлар сирасига киради.

Учинчи асар — Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи. Лекин аслида ёшлигимизда таъсир қилган китоблар кўп-да. Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина” романлари, Достоевский, Чехов, Абдулла Қаҳҳорнинг барча асарларини ҳам айтишим мумкин. Шайхимизнинг “Ҳадис ва Ҳаёт” тўплами, шунингдек, Аҳмад Лутфий Қозончининг “Саодат асри қиссалари” ҳам севимли китобларимдан.

Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романини 12 ёшимда ўқиганман, жуда қаттиқ таъсирланганман, ҳозиргача ҳам энг яхши кўрадиган китобларим рўйхатида туради. Ўзбекона анъаналарни чиройли тасвирлаб бергани, ўша пайтда бўлган нотўғри анъаналарнинг ёшлар ҳаётига салбий таъсирларини кўрсатгани билан ҳам қадрли, буни ҳар ёшда ўқиган сари бошқача қабул қиларкансиз.

Яна Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” асарини ҳам айтишим мумкин. Уни ҳар ўн йил ёки ҳар беш йилда ўқиса, одам бошқача қабул қилади. Ундаги ўз сайёрасини тартибга келтириш ҳақидаги қисмда ҳам жуда катта маъно бор. Инсон бировни тушуна билиши учун ҳам биринчи навбатда ўзининг мияси, ўй-хаёлларини тушуна билиши, тозалаб олиши керак. Бошқаларга нисбатан салбий танқидлар бўлишидан аввал “Ўзи мен нима хоҳлаяпман, балки нотўғри тушунгандирман” деган маънода ўйлаб олиши керак.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.