Лайфстайл

“Сарвар аканинг биринчи оиласи мени деб бузилмаган”. Татяна Зайсева ажрашишга нима сабаб бўлгани ва фирибгарликка учрагани ҳақида

“ ъШарқъ гуруҳига энди қўшилган пайтларимда Сарвар аканинг шахсий ҳаёти ҳақида ҳатто билмасдим ҳам. Чунки у киши ҳар доим сирли, ёпиқ инсон бўлган, ички кечинмаларини ташқарига чиқармасди”, дейди у.

“Сарвар аканинг биринчи оиласи мени деб бузилмаган”. Татяна Зайсева ажрашиш сабаби ва фирибгарликка учрагани ҳақида

Хонанда Татяна Зайсева ЁуТубеъдаги “Мирсодиқова билан” кўрсатувига интервю берди. Суҳбат давомида у турмуш ўртоғи билан ажрашишига нима сабаб бўлгани, бугун аёллар хафагарчиликни ичига ютиб яшаши оқибатида онкологик касалликлар кўпайиб бораётгани ҳамда қандай қилиб фирибгарлик қурбонига айлангани ҳақида гапирди.

### “Гидромелиорация факултетида бакалаврни тамомлаганман”

— Дастлабки мусиқий сабоқни онамдан олганман. Аммо онам доим: “Инсон, албатта, бир тайинли касбни эгаллаши керак. Кейинчалик ҳам ўз устингда ишласанг, ашула айта оласан. Барибир асосий мутахассислигинг бўлгани яхши”, дерди. Онам мусиқа соҳасининг одами бўлса ҳам, Ирригация ва мелиорация институтида бухгалтер бўлиб ишлаган. Шу сабабли ёнларида бўлишимни истаб, менинг ҳам шу институтга ўқишга киришимни хоҳлаган. Гидромелиорация факултетига қабул қилингач, бу менинг соҳам эмаслигини тушуниб етганман. Бу йўналиш, айниқса, қиз болалар учун жуда қийин.

Лекин барибир инсон чин дилдан интилса, тақдирини шу деворлар ичида ҳам топаркан. Чунки ижодим айнан шу институтда бошланган. У ердаги консертларда қатнаша бошладим ва кейинчалик шу ердан “Ўзбегим ёшлари” ансамблига қўшилдим. Бу гуруҳга кириш тарихим ҳам жуда қизиқ кечган. Иккинчи курсда ўқиётган пайтларим фаоллар залига тез-тез кириб турардим. Негаки у ерда роял ва микрофонлар бор эди, санъатга эса иштиёқим жуда баланд бўлган.

Бир куни залга борганимда репетиция бўлаётганига дуч келдим. Хонатлас кўйлакдаги жуда чиройли қизлар рақсга тушиб, қўшиқ куйлашаётган экан. Зал четида бир аёл ҳам ўтирганди. Қизиқиб шу аёлнинг (менимча, устоз эди) ёнига бордим-да, қандай тадбирга тайёрланишаётганини сўрадим. У “Қизлар давраси” кўрсатувига тайёргарлик кўришаётганини айтди. Ундан мен ҳам қатнашсам бўладими, деб сўрадим. Суҳбатимиз рус тилида бўлгани учун у ўзбекча бирор нарса айта олишим ҳақида қизиқди. Уларга Юлдуз Усмонованинг ҳамма қўшиқларини билишимни айтиб, сўнг “Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон” ашуласини куйлаб берганман. Аёл мени эшитиб бўлгач, талаффузим бироз ёмонлигини, аммо табассумим чиройли, кўзларимда нур борлигини айтди. Кейин эса “Марварид” деган қўшиқни ўрганишимни тайинлаб, ансамблга қабул қилди.

### “Сарвар аканинг биринчи турмушидан ажрашишига мен сабабчи бўлмаганман”

— Сарвар ака аввал бир қиз билан учрашиб, кейин унга уйланган экан. Аммо кейинчалик ажрашишган. Биз бошида бир-биримизга ортиқча гапирмаган бўлсак-да, саҳнада бирга қўшиқ айтганимизда ўртамизда қандайдир меҳр уйғонганди. Ўша пайтда ичимизда нимадир ҳис қилдик. Орадан бир ярим йил ўтиб, турмуш қуриш таклифини билдирди. Улардаги вазминлик ва жиддийлик мени ўзига тортди. Онамга ҳам мана шу хислатлари маъқул келганди. Сарвар аканинг нега ўзини бунчалик оғир-вазмин тутиши менга доим қизиқ туюлган. Табиатан эмоционал бўлганим учун улардаги босиқлик мени ўзига жалб қилди ва мана шу қарама-қаршилик сабаб уни севиб қолганман. Кейинчалик эса бу ҳолат ўзимни топа олмаслигимга сабаб бўлди, дейди хонанда.

“Шарқ” гуруҳига энди қўшилган пайтларимда Сарвар аканинг шахсий ҳаёти ҳақида ҳатто билмасдим ҳам. Чунки у киши ҳар доим сирли, ёпиқ инсон бўлган. Яъни ички кечинмаларини ташқарига чиқармасди. Кўп марта унга “Сарвар, нега доим кайфияциздек юрасиз? Ички дунёнгиз шунчалик очилмайдиган даражада беркми?”, деб саволлар берардим. У инсон билан 16 йил бирга яшаб, ижод қилган бўлсак, шунча вақт мобайнида уларни тушунишга интилдим ва охири тушуниб етдим ҳам. Лекин шу билан бирга ўзимни ҳам англадим, дейди у.

### “Сарвар ака ҳаётимни психологлар бузганини кўп айтарди”

— Психология ҳаётимга жуда катта фойда олиб келди. Чунки ўша пайтлар руҳий аҳволим шу даражада ёмон эдики, агар психологлар бўлмаганида, ўлиб қолишим ҳам мумкин эди. Яхшиямки, йўлимда яхши мутахассислар учради. Яхшиямки, Худо билан кўп мулоқот қилдим, дардлашдим. Буларнинг барчаси яхшиликка бўлди. Ҳозир ўзимни жуда яхши ва бахтли ҳис қиляпман. Аммо Сарвар ака “Ҳаётингни психологларинг бузиб қўйди”, деб кўп айтарди. Бу уларнинг шахсий фикри, лекин аслида ундай эмас.

Мендан атрофимдагилар — ишхонадагилар, таниш-билишлар юз ўгиришди. Ҳаётимда деярли ҳеч ким қолмади. Балки улар ҳам мени психологияга берилиб кетди, деб ўйлашгандир. Кимдир бу ҳақда ўзимга очиқ-ойдин гапирганда осонроқ бўларди, чунки ҳақиқатни яхши кўраман.

Турмушимиз ҳеч қачон осон бўлмаган. Эсласам, ҳар доим қийинчиликлар бўларди. Ахир инсон шу синовлардан ўтиш учун ҳаракат қилиши керак-ку. Ўзига “нима учун бахтли эмасман?” деб савол берса, бунинг нимаси ёмон? Атрофдагилар эса буни ҳаётидан нолияпти деб тушунишади. Ўзини қийнаётган саволларга жавоб излаш ёмон нарса эмас, дейди у.

### “Кўпчилик аёллар турмуш ўртоғига чидаб, ич-ичидан хафа бўлиб яшаётгани учун хотин-қизлар орасида онкологик касалликлар кўпайиб кетди”

— Ҳозир аёлларимиз орасида онкологик касалликлар кўпайган. Бунинг сабабларидан биттаси — жуда кўпчилик аёллар хафагарчилик ичида яшайди. Баъзилар эридан нафратланиб, мажбуран бирга яшаб келгани учун ҳам бундай касалликларга йўлиқишяпти. Мана шу мажбуран чидаб яшашлар уларнинг организмини ичдан емиради.

### “Ҳар доим кучли бўлганман, лекин нафис аёл бўлишни хоҳлаганман”

— Сарвар ака билан кўп марта очиқ гаплашиб олишга ҳаракат қилганмиз. Бир сафар улар “Мени кўп назорат қилаверганингдан эркак сифатида ўзимга бўлган ишончим йўқолгандек бўлади. Доим кучли бўлишга интиласан”, деганлар. Ўшанда уларга “яхшиямки бу ҳақда айтдингиз, чунки мен ҳам ўзимни нафис ва чиройли аёлдек ҳис қилгим келади”, деб жавоб берганман.

Тўғрисини айцам, ҳар доим мана шундай кучли аёл бўлиб келган эканман. Нафисликка интилганим билан табиатан жуда сабрли эдим. Сарвар акага кўпинча маслаҳат берардим, балки бу нарса ҳам уларга эриш туюлгандир. Ўшандаги суҳбатимиздан кейин аёл киши ўз энергиясини фақат ўзига сарфлаши кераклигини, эркак киши нима қилишни аёлнинг назоратисиз ҳам ўзи яхши билишини англадим.

Умуман олганда, ҳамма ўз вазифасини бировнинг назоратисиз, ўз ихтиёри билан бажариши лозим, кимгадир маслаҳат беришнинг кераги йўқ. Эркак ўз вазифасини билса, аёл ҳам ўз ўрнида бўлса, ҳаёт гўзаллашади. Ана ўшанда оилада ҳақиқий севги пайдо бўлади. Фақат бир нарса, ҳар ким ўз вазифасини мажбурликдан эмас, чин дилдан, юракдан бажариши керак. Ана шунда турмушлари бахтли бўлади.

### “Фирибгарлик қурбони бўлдим”

— Бир йил аввал фирибгарларга алданиб қолдим. Янги иш бошлаб, вокал бўйича курсимни очмоқчи эдим. Бир устозимнинг ўғли янги лойиҳа бўйича менга ёрдам беришни таклиф қилди. У йигит “Америкада танишларим бор. Уларнинг кўмаги билан шундай курс тайёрлаймизки, уч ой ичида ҳаммасини сотишга улгурамиз”, деди. Унинг гапларига ишондим. Лекин унга ҳозир ёнимда пулим йўқлигини айтдим. У бўлса қарз ёки кредит олишим кераклигини маслаҳат берди. Йигитнинг гапига кириб, ҳам қарз, ҳам кредит олиб пулларни унга бердим. Аммо кейинчалик у фирибгар бўлиб чиқди ва мени катта суммага тушириб кетди.

Бу мен учун кутилмаган зарба бўлди. Сарвар акадан ёрдам сўраганимда, у киши “ўзинг пиширган ош”, деб ёрдам беришдан бош тортди. Тўғри, ўзим хато қилдим, айбдор ҳам ўзим. Ҳозирда қарзларимнинг бир қисми қолди, дейди хонанда Татяна Зайсева.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.